Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

"Реал"нинг бедаво шифокори

Баҳо:
+ | -

Мадриднинг «Реал» клуби ички чемпионатда етакчилик қиляпти, ЕЧЛ турнирида ҳам ишлари рисоладагидек. Лекин жамоа мухлисларининг юзларида қандайдир хавотир, одатий шоду хуррамлик қаёққадир ғойиб бўлган. Боиси, клуб расмий сайтининг «Partes medicos» саҳифаси кун сайин нохуш маълумотлар билан тўлиб бормоқда.

Жамоа таркибидаги доимий ўзгаришларни Бенитеснинг ротацияга ўчлиги билан изоҳлаш мумкин бўлсада, бу гал унинг экспериментларисиз ҳам вазиятнинг ўзи шуни тақозо этмоқда. Данило, Хамес, Рамос, Бэйл, Пепе, Карвахаль, Бензема, Модрич сингари футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олишмаяпти, сафдан чиқиш навбати кимга келганини ҳеч ким билмайди. Эьтиборлиси, ўйинчилар Хесус Ольмо етакчилигидаги шифокорлар штабининг хизматларидан фойдаланишни истамаяптилар.

Жамоа аъзоларининг тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизлиги ўтган йилиёқ яққол сезилиб қолганди. Ҳатто, ўз касбдошларига ҳам дурустроқ таниш бўлмаган Ольмо «қироллик клуби»нинг шифокорлари сафига 2013 йилнинг августида қўшилганди. Бунгача у норасмий ходим сифатида 10 йил «Реал» билан ҳамкорлик қилган. Ана шу давр ичида Жонатан Вудгейтни сафга қайтаришга уринган, лекин иш охирига етмай қолганди. Кейин у Гонсало Игуаин, «Атлетико» регбичиси Алехандро Онеги Камачо билан шуғулланган. Аммо улар ҳам шифокордан мамнун бўлишмаган. Шунчалик бедаво шифокорнинг «Реал»дек номдор жамоага умуман мос эмаслиги ҳақида Испания матбуоти роса бонг урганди. Кейинчалик сир фош бўлди: Хесус Ольмо «Реал» директорлар кенгаши аъзоси Херонимо Фарренинг куёви экан. Бундан ташқари, у клуб президенти Флорентино Переснинг шахсий кардиологи ҳисобланади. Фарре Переснинг илк президентлик даврида (2000-2006 йиллар) Хунта Директивадан ўрин олган, 2009 йилда дон Флорентино яна ўз лавозимига қайтгач, яна раҳбариятга жалб этилганди. Амалдорлар ўртасидаги таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка бунданда ёрқинроқ мисол бўлмаса керак.

«Юксак лавозимларга Перес ўз яқинларини тайинлайди - ҳуқуқшунослик бўлимига ҳам, тиббий хизматга ҳам... Афтидан, у ўзини абадий соҳиб, деб ўйлайди. Билмадим, балки Ольмо малакали шифокордир. Шундай экан, нега футболчилар унга ишонишмайди?» - дейди «Реал»нинг собиқ президенти Рамон Кальдерон.

«Қироллик клуби»даги вазият 2014Ғ2015 йиллар мавсумининг биринчи ярмидаёқ кескинлаша бошлаганди: янги йил байрами арафасида турли даражадаги жароҳатларни орттириб олган футболчилар сони 12 нафарга етди. Бунинг асосий сабабчиси сифатида кўрилган бош шифокор Карлос Дикс ўз лавозимидан четлатилди, унинг ўрнини Ольмо эгаллади. Иккинчи даврада бирин-кетин физиотерапевтларга ҳам жавоб берилди. Шу тариқа «Реал»нинг «тез ёрдам» машинаси бошқаруви тўла-тўкис Переснинг вакили қўлига ўтди.

Мадридликлар учун узоқ вақт меҳнати сингган Педро Чуэка биринчилардан бўлиб жамоани тарк этди. Ваҳоланки, у шунчаки оддий шифокор эмасди. Унинг «енгил» қўли кўпчилик ўйинчиларни сафга қайтаргани боис, юксак қадр-қимматга лойиқ кўрилганди. Агар шундай бўлмаганда, футболчилар унинг истеъфосини байрам қилишарди. Йўқ, аксинча, етакчи ўйинчилар - Криштиану Роналду ва Серхио Рамос Карло Анчелотти билан маслаҳатлашиб, жамоанинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказишди. Маълум бўлишича, барча футболчилар физиотерапевтнинг истеъфосидан ва янги бош шифокорнинг фаолиятидан норози эканлар. Уларнинг эътирозлари асоссиз эмасди: Ольмо Хедира, Модрич, Рамос, Хесе, Бензема ва Жейси Каррол («Реал» баскетболчиси)га нотўғри ташхис қўйган. Ильярраменди ва Арбелоанинг шикастланишига етарли эътибор қаратмаган. Шунга асосан бош мураббий ва унинг шогирдлари клуб президентидан бош шифокорни ўз вазифасидан озод этишни сўрашди. Аммо Перес Ольмони ишдан олиш ўрнига унга янада кенгроқ ваколатлар бериб, шифокорлар штабини қайтадан шакллантириш вазифасини юклади. Шу тариқа «Леванте»дан Химо Мас, Испания регби федерациясидан Микель Аррамбери, «Локомотив»дан Феликс Фернандес Солис, «Варзима»дан Витор Пимента Мадридга кўчиб ўтишди. Қизиғи, Пиментанинг тегишли дипломга эга эмаслиги ҳам пойтахт гранди сафидан жой олишига тўсиқ бўлолмади. Лекин бу ўзбошимчалик Мадрид мухтор вилояти профессионал физиотерапевтлар коллегияси (СРФСМ)нинг эътиборидан четда қолмади. «Коллегия «Реал» физиотерапевтлари сафига расмий шифокор дипломига эга бўлмаган шахснинг киритилгани боис юзага келган норозиликни маъқуллайди. Шунингдек, спортчилар билан ишлайдиган ҳар бир шифокор олий маълумотга эга эканини тасдиқлайдиган дипломсиз фаолият юрита олмаслигини эслатиб ўтади. Кўзда тутилаётган мутахассис бор-йўғи икки марта физиотерапия ва қайта тикланиш курсларида таҳсил олган, унинг олий маълумот ҳақида ҳужжати йўқ. Демак, у Испанияда ишлаш ҳуқуқига эга эмас», - дейилади ташкилотнинг расмий сайтида. Шунингдек, СРФКМдагилар «Реал» мутасаддиларининг жамоада узоқ йиллардан бери ишлаб келган Хуан Муро (1995 йилдан бери), Дани Мартинес (1998), Франсиско Хосе Морате (2001), Сантьяго Лосано (2005) ва Карлос Эредиа (2009) сингари мутахассислар хизматидан воз кечишганидан норози эканликларини маълум қилишди. «Афсуски, жамоада анчадан бери шахсий манфаатлар умумманфаатлардан устун бўлиб келмоқда. Мен кимнидир айблаш фикридан йироқман. Лекин айрим кишиларга керагидан ортиқча эрк бериб юборилса, улар ўз камчиликларини яшириш мақсадида ўзларидан малакалироқ бўлган мутахассисларни йўқотишга уринадилар. Бу йўлда жамоага катта манфаат келтираётган тажрибали мутахассислардан воз кечишдан ҳам тоймайдилар», - дейди Дани Мартинес ўз мактубида.

Юқорида номи зикр этилган шифокорлар футболчилар ўртасида юксак ҳурмат ва кучли ишончга эга эдилар. Масалан, Эредиа тиззасидан жиддий жароҳат олган Хесени сафга қайтариш учун бор билимини ишга солган, керакли муолажани ўз вақтида ўтказиш учун футболчининг Канар оролларидаги уйига қатнашга ҳам вақт топа олганди. Педро Чуэка хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бу мутахассис Рауль, Касильяс, Йерро, Мориентес ва Миятовичдек таниқли юлдузларни даволаган, жамоанинг ҳозирги аъзолари билан ҳам яхши муносабатда эди. Футболчилар уни «десима»нинг қаҳрамонларидан бири сифатида эътироф этиб, «Месон Чисту»даги тушликка таклиф қилишарди.

«Реал»да ажойиб шифокорлар ғамхўрлигидан баҳраманд бўлганман. Клуб физиотерапевтлари, айниқса, Педро Чуэка, бизни худди ўз полапонларидек асраб-авайларди. Улар туфайли узоқ вақт бешикаст, безиён тўп сурдим. Фақат бир марта - тиззамдан жароҳат олганимда, 3 ой майдонга тушмаганман, холос», - дейди Рауль.

Қизиғи шундаки, Чуэкани расман жамоадан четлатишган бўлсада, футболчилар талабига кўра, вақти-вақти билан жароҳатларга ташхис қўйиш учун келиб туришига рухсат беришди. Мавсумнинг шиддатли биринчи даврасидан кейин «Реал» кутилмаганда оқсай бошлади: жамоанинг асосий мурватларидан бири - Модрич сафдан чиққанди. Мазкур йўқотиш қандай оқибатларга олиб келгани барчага маълум. Лука ноябрь - март оралиғида Хесус Ольмо раҳбарлиги остида даволанди. Бироқ ҳал қилувчи босқичда жамоага ёрдам беришга шайланиб турганида жароҳат қайталади. Шу боис, хорватиялик ярим ҳимоячи «тақиқланган» Чуэкага мурожаат қилишга мажбур бўлди. Табиийки, бу ҳолат бош шифокорга ёқмади. Педрога «Реал» базасига ташриф буюриш ман этилган бўлсада, ўйинчилар билан ҳамкорлик ўрнатишига тўсқинлик кила олишмади. Бошқа бир ибратли воқеа клублар ўртасидаги ЖЧ вақтида юз берди: «Крус Асуль» билан кечган баҳсда ўзини нохуш ҳис этган Рамосга финалда иштирок этмаслик хафв солганди. Ольмо Анчелоттига шундай кўрсатма берганди. Бироқ Серхиони синчиклаб кўрикдан ўтказган Чуэка шикастланиш жиддий эмаслигини аниқлаб, майдонга тушиши мумкинлигини билдирди. Мураббий ва унинг шогирди норасмий шифокорнинг кўрсатмасига риоя қилиб, кейин унинг ҳақ эканига амин бўлишди: Рамос финалдаги энг фаол ўйинчилардан бирига айланди, ҳатто тўп ҳам киритди ва голни Педрога бағишлади.

«Менга қайси жарроҳнинг столига ётишни мустақил танлаш имкониятини берувчи жамиятда яшаш ёқади. Ҳатто шу масалада ҳам эркинлик жуда муҳим. Биз Хаби Алонсо, Метцельдер каби футболчилар билан жарроҳлик муолажаларини ўтказдик, Раулнинг жароҳатини муҳокама қилдик. «Реал»нинг кўплаб футболчилари қўлимиздан ўтишган. Ҳар қайси футболчи танлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Фаолиятим давомида футболчиларга нисбатан ҳурмат билан қараганман. Ҳатто бошқа шифохоналарда даволанишни маъқул кўрганлар билан ҳам», - дейди жарроҳ Луис Риполь.

Мутахассисларнинг можароли ва асоссиз истеъфолари охир-оқибат Sanitas клиникасининг нуфузи ва молиявий ҳолатига салбий таъсир ўтказди. Муассаса 2008 йилдан бери «Реал» билан ҳамкорлик қилиб келаётганди. Примеранинг яна 5 жамоаси - «Барселона», «Атлетико», «Валенсия», «Вилярреал» ва «Малага» ҳам тиббиёт муассасалари билан шартнома имзолаганлар. Тараққиётдан ортда қолган шифохоналарга одатда, аутсайдерлар ёки кучлилар сафига эндигина қўшилган жамоалар мурожаат қилишади. Қолган барча жамоалар хусусий клиникалар ва синовдан ўтган тажрибали мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатишни маъқул кўрадилар. Ҳозирда жароҳатлар турига кўра ихтисослашган шифохоналар урфда. Мижозларнинг камайиб кетишига қарамасдан, Sanitas тиббиёт маркази раҳбари Иньяки Эреньо Флорентино Перес билан учрашиб, 3 йиллик янги шартномага имзо чекди.

Хесус Ольмони эса нафақат лаёқатсизликда, балки Карло Анчелоттига қарши компаниянинг сабабчиси сифатида ҳам айблашмоқда. Яқинда италиялик мураббий Мадридни тарк этди. Карло ҳам тиббий ходимларнинг фаолиятидан қониқмаган ва Пересдан жамоага жароҳат олганларни тезда оёққа турғаза оладиган мутахассис олиб келишни сўраганди. Аммо президент бош мураббийнинг илтимосига қулоқ солмади. Айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, Анчелоттининг ҳаракатларидан дарғазаб бўлган Ольмо етакчи футболчиларни сафдан чиқариш мақсадида уларга ортиқча юкламалар белгилаган. Буни қалбан ҳис этган мураббий шогирдларининг жисмоний ҳолати ҳақидаги маълумотларни бош шифокордан яширишга уринган. Дон Карлонинг таъкидлашича, унинг Мадриддан кетишига шифокорлар штаби билан келиша олмагани сабаб бўлган. Ўйинчилар эса Ольмони Переснинг жосуси, деб аташади. Яқинда Рамос жамоадошларининг қўллаб-қувватлашлари остида клубнинг ижрочи директори Хосе Анхель Санчесга мурожаат қилиб, вазиятдан огоҳ этди. Санчес эса ўз навбатида, президент билан учрашиб, вазиятдан воқиф этишга ваъда берди. Қани кутайлик-чи, Переснинг қарори қандай бўларкин?       

 "Интерфутбол" газетаси тайёрлади

 
Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:37, 04.11.2015.
Ўқилди: 3383 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.