Бугун футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкент халқаро аэропортидан навбатдаги қисқа муддатли ўқув-машғулот йиғини ҳамда ўртоқлик учрашувлари ўтказиш мақсадида Японияга жўнаб кетади.
Хосе Мария Мендез шогирдлари Нагоя шаҳрида Кунчиқар юрт терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушишади. Япония – Ўзбекистон ўртоқлик учрашувлари 10 ва 11 ноябрь кунларига белгиланган.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистон футзал терма жамоаси айни пайтда келаси йили Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнини олиб бормоқда. Япония, Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари 2014 йили Вьетнамда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида энг яхши натижа кўрсатган жамоалар сифатида тўғридан-тўғри ушбу Осиё чемпионатининг финал босқичига йўлланма олган.
Шунингдек, Қувайт терма жамоаси ҳам финал босқичида саралашсиз иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, пойтахтимиз мезбонлик қиладиган Осиё чемпионати 2016 йилнинг 9-21 февраль кунлари бўлиб ўтади.