Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ла лига. «Реал» мавсумда илк марта ютқазди

Баҳо:
+ | -

"Рамон Санчес Писхуан" стадионидан "Реал" ҳам омон чиқмади ("Барселона" ҳам ютқазганди). "Севилья" мадридликларни ҳеч қандай саволга ўриин қолдирмаган ҳолда мағлуб этди.

Ваҳоланки, биринчи бўлимнинг дастлабки ярмида Бенитес шогирдлари катта устунликка эга бўлиб, 22-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлишганди. Жамоа сардори Серхио Рамос бурчакдан етказилган тўпни акробатик услубда дарвозага жойладию, аммо ўзи елкаси билан ноқулай йиқилиб, жароҳат олди. Натижада у майдонни тарк этишга мажбур бўлди. "Реал"нинг мағлубиятига бу ҳам сабаб бўлгандир балки. Дарвоқе, баҳснинг 11-дақиқасида Начо томонидан йўлланган зарба устунга текканини таъкидлаб ўтиш лозим.

Ўтказиб юборилган голдан кейин андалусияликлар аста-секин ҳимоядан чиқа бошлашди. Улар ҳам бурчак тўпидан кейин ҳисобни тенглаштиришди. Чиро Иммобиле олис устун томонда ўткир бурчак остида дарвозани ишғол қилди — 1:1. Орадан атиги 4 дақиқа ўтиб италиялик ҳужумчининг ўзи 6-7 метрдан "Мадрид" дарвозасини ишғол қила олмади!

Иккинчи бўлимни майдон эгалари фаол бошлашди. Айниқса, Евгений Коноплянка ўзининг фаол ҳаракатлари эвазига меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтирди. Ўйиннинг 61-дақиқасида айнан унинг фаоллиги эвазига "Реал" дарвозаси ишғол қилинди. Украиналик футболчи жамоадоши билан "девор" ўйнаб жарима майдончасига кирди ва Банегага узатма берди. Эвер уч ҳимоячи орасида бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

"Реал" сафида Хамес Родригеснинг майдонга тушиши "қаймоқранглилар"нинг ўйинини бироз кучайтирди. Аммо Бенитес жамоаси имкониятлардан фойдалана олмади. Жумладан, 73-дақиқада бурчак тўпидан Каземиро бош билан йўллаган зарбани Серхио Рико шундоққина дарвоза чизиғи устида ушлаб қолишга муваффақ бўлди. Орадан 1 дақиқа ўтиб эса захирадан майдонга тушган Фернандо Льоренте қанотдан етказилган узатмани бош билан дарвозага жойлади ва ҳисобни 3:1га етказди.

Қолган дақиқаларда "Севилья" тўп назоратини тўлиқ ўз томонига олди ва "Реал"ни тўпсиз ҳаракат қилишга мажбурлади. Фақатгина иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар тугашига 30 сония қолганида Хамес Родригес жарима майдончаси ташқарисидан чиройли зарба билан ҳисобни биттага қисқартирди. Бу вақтга келиб кеч бўлганди... 3:2, "Севилья"нинг чиройли ва ишончли ғалабаси.

"Реал" мавсумда илк марта мағлубиятга учради, аммо бу мағлубият уларни жадвалда 2-ўринга тушириб қўйди.

Ла лига, 11-тур
Севилья – Реал Мадрид 3:2 (1:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 22 Рамос, 1:1 – 36 Иммобиле, 2:1 – 61 Банега, 3:1 – 74 Льоренте, 3:2 – 90 Хамес.
Севилья – Рико, Андреолли (Колодзейчак, 84), Мариано, Тремулинас, Рами, Коноплянка, Крыховяк, Банега (Крон-Дели, 78), Нзонзи, Витоло, Иммобиле (Льоренте, 70).
Реал Мадрид – Касилья, Рамос (Варан, 32), Данило, Начо, Пепе, Модрич, Кроос (Хесе, 78), Иско (Хамес, 63), Каземиро, Бэйл, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Начо (5), Иммобиле (37).

Манба: stadion.uz
Киритилди: 02:26, 09.11.2015.
Ўқилди: 6790 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.