Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 110 ўйинда майдонга тушиб, 23 голга муаллифлик қилган Сервер Жепаров энг аввало, ушбу жамоа билан Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасидаги дастлабки ўйинда учралган мағлубият ҳақида тўхталиб, шундай деди: “Биринчи ўйиндаги мағлубият сабаблари сифатида бир нечта омилларни келтириб ўтиш мумкин. Аввало, КХДРга қарши ўйин Жаҳон чемпионати саралашидаги илк ўйинимиз эди. Ундан ташқари майдон билан боғлиқ муаммолар бор эди. Сунъий майдон табиийсидан катта фарқ қилади. Бу футбол, унда ҳар бир ўйинда ҳам ғалаба қозонавермайсан. “Майдон текис, тўп думалоқ”, дейишади-ку”.
Сервер КХДР терма жамоаси устидан Тошкентдаги ўйинда ғалаба қозониш имкониятлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Албатта, бу жамоани ютиш мумкин. Биз Шимолий Кореяни кўп бора мағлуб этганмиз ҳам. Фақат бир мартагина уларга мағлуб бўлдик, адашмасам”.
Ўзбекистонлик 33 ёшли футболчи терма жамоа йиғинининг илк кунлариданоқ унда иштирок эта бошлашига имкон яратиб бергани учун “Ульсан” клуби бош мураббийидан миннатдор эканини ҳам таъкидлаб ўтди.
“Жанубий Кореяда чемпионат якунига етяпти ва мен мураббий билан келишган ҳолда миллий терма жамоа йиғинига ўз вақтида етиб келдим. Бунга шароит яратиб беришгани учун клуб маъмуриятидан миннатдорман”.