Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Альберто Рубио: «Черишев Ла-Лигада бемалол ўйнаб кетади»

Баҳо:
+ | -

Ўқиган ёки эшитгандирсиз, яқинда ЦСКА клуби ва Россия терма жамоаси бош мураббийи Леонид Слуцкийнинг «Челси» бошқарувини қўлга олиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Аниқроқ айтсак, Испанияда энг кўп тиражда чиқувчи, шунга яраша, энг обрўли спорт нашри ҳисобланадиган Marca газетаси мухбири Альберто Рубио интернетга шундай янгиликни жойлаштирди. Ўз навбатида, россиялик журналистлар дарҳол испаниялик ҳамкасблари билан алоқага чиқиб, бу хабар қанчалик асосли эканлигига қизиқишди. Натижада Рубио россиялик мураббий атрофидаги гап-сўзларга изоҳ бериш баробарида «Реал» вакили Денис Черишевнинг қишда бошқа жамоага ўтиши эҳтимолига ҳам тўхталди.

- Слуцкий бундан олдин ҳам бир марта «Челси» эътиборига тушган,-дея гап бошлади Marca мухбири. - Яъни 2011 йили Анчелотти истеъфога чиққач, лондонликлар айнан россиялик мутахассисни ишга ёллаш вариантини кўриб чиқишган. Агар Роман Абрамовичнинг ЦСКА ва шахсан мураббийнинг ўзи билан яхши алоқада эканлигини ҳисобга олсак, бунинг ҳеч қандай ғайриоддий томони йўқ. Хуллас, биз айнан шу жиҳатни асос сифатида олиб, Слуцкийни Моуриньо ўрнини эгаллашга номзод мураббийларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритдик.

- Демак, бу масалада аниқ маълумотга эга эмассизлар, шундайми?

- Йўқ-йўқ. Ҳарқалай, Англия ОАВда ҳозирда бошқа фамилияларга кўпроқ урғу берилмоқда - Хиддинк, Анчелотти... Умуман, хабарларнинг барчаси ўз йўлига. Зеро, Жозе ҳали истеъфога чиқарилгани йўқ. «Челси» эса, мураббийга жавоб беришдан олдин обдон ўйлашга мажбур. Чунончи, клуб ҳамкорликни тўхтатган тақдирда Моуриньога нақ 50 млн. евро миқдорида компенсация тўлаши керак. Табиийки, бу ҳаттоки, Абрамович учун ҳам катта маблағ.

- Слуцкий масаласида ҳаммаси тушунарли. Черишев хусусида нима дея оласиз? У чиндан ҳам, «Реал» билан хайрлашишга яқинми?

- Футболчи жуда кам ўйин амалиётига эга бўляпти. Жуда кам! Ваҳоланки, у ҳали кўп нарсаларни исботлаши лозим - амалда нималарга қодирлигини. Аҳён-аҳёнда захирадан майдонга тушиш билан эса, бундай қилолмайди, албатта.

- Унинг «Реал»даги энг катта муаммоси сифатида Роналду тилга олиняпти...

- Бир нарса аниқ - Роналду «Реал»нинг ўзига муаммо эмас (кулади). Тўғри, Криштиану ўзини алмаштиришларини сира ёқтирмайди. Умуман, у фақат жароҳатланган пайти ўйнамаслиги мумкин. Роналду ва Навас - бу футболчилар айни ҳолда «Реал»да алмаштирилмас ўйинчилар ҳисобланишмоқда. Кейлор Навас хусусида аниқ гапиришим қийин, аммо Бенитеснинг ротация услуби Роналдуга дахлдор эмаслиги тайин. Моҳиятан олганда, Криштиану сафда бўлган вақт ҳам Черишевга ҳужумнинг чап қанотида жой ажратиш мумкиндай. Ҳарқалай, Бенземанинг жароҳати туфайли мураббий португалияликни марказга ўтказди. Аммо у Денисни ҳамон асосий таркиб вакили сифатида кўрмаяпти, чоғи.

- Наҳотки, россиялик легионер тўп суриши мумкин бўлган ягона позиция - бу ярим ҳимоянинг чап қаноти?

- Ундай эмас. Техник хилма-хиллик ва тезлик кўрсаткичлари Черишевга қарама-қарши томонда ҳам эффектли ишлаш имконини беради. Аммо ўнг тарафда Бэйл бор. Бенитес эса, Криштиану  ва Гаретнинг биринчи ўринбосарлари сифатида клубнинг бошқа тарбияланувчиларини кўрмоқда - Лукас Васкес ва Хесени.

- Каземиронинг афсонага қиёс тарихи Черишевга ўрнак ўлароқ, хизмат қилиши мумкинми?

- Гап турли ҳолатлар хусусида кетяпти. Бенитеснинг Каземирога ишонч билдираётгани сабаби шуки, у «заявка»га тушганлар орасида ҳимоявий ҳаракатларга мойил ягона марказий хавбек ҳисобланади. Зеро, Ковачич ҳам, Модрич ва Кроос ҳам ҳужум йўналишидаги футболчилардир. Қисқаси, Каземиро мураббийга фақат мустаҳкам ишонч учун керак. Черишевга келсак, унинг позицияси бўйича кенг танлов мавжуд. Умуман, Каземиро ва Черишевнинг ўхшаш томонлари битта - иккиси ҳам клуб филиалидан чиққан. Бошқа ўхшашлик жиҳатлари йўқ.

- Бенитес россиялик футболчига умид боғламаган экан, нега ёзда зўр  бериб, уни Мадридда олиб қолди?

- Билмайман. Эҳтимол, Денисга катта ишонч билан қараган, аммо кейинчалик фикри ўзгаргандир. Дейлик, Васкес ўзини ижобий томондан кўрсата бошлади. Қолаверса, ҳар бир мураббий ўз ихтиёрида имкон қадар кўпроқ рақобатбардош ижрочилар бўлишини хоҳлайди.

- Дениснинг «Бернабеу»да қолиш қарори стратегик хатомиди?

- Бу қарорни унинг ўзи қабул қилган, деб ўйлайман. Аксинча, Черишев кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида кетишни хоҳлаган. Лекин «Реал» жавоб беришни истамади.

- Энди қишда футболчининг «Реал»дан кетиши осонроқ бўладими?

- Йўқ, барибир, қийин. Мураббийлик касби баъзи худбинликларга мойил. Демоқчиманки, Бенитес янги футболчини кўрмай туриб, Черишевнинг қўйиб юборишга розилик бермаса керак-ов... Боз устига, «Реал» келаси йили янада кўпроқ муҳим баҳcларда майдонга тушади. Демакки, Бенитес чарчоқ ўз сўзини айтмаслиги учун тез-тез ротацияга мурожаат этишни режалаштиради. Аммо унинг амалда қандай йўл тутиши номаълум.

- Денис учун ижара асосида яна бир марта «Вильярреал»га ўтиш энг мақбул вариантми?

- Эҳтимол. Ўйлайманки, у айни ҳолатда Испания чемпионатидаги 80 фоиз жамоа таркибида ўйнаб кетади. Яъни Ла-лигада бемалол ризқ теришга қодир. Лекин «Реал», «Барселона» ва «Атлетико» барибир, бошқа тартибга риоя этувчи клублар саналишади.

- Умуман, «Вильярреал» айни пайт Денисга эҳтиёж сезяптими?

- Футболчи бир йилча олдин бу клубни жиддий тарзда кучайтирганди. Ҳозир «Вильярреал»да унинг амплуасида ўйновчи футболчига эҳтиёж бор ёки йўқлигини айтолмайман. Чунончи, клуб ёзда ҳужум чизиғига етарлича кўп футболчиларни жалб этди - Сами Гарсия, Сами Кастильехо, Денис Суарес... Қисқаси, жамоа таркиби яхши шаклланган. Лекин ишончим комил, агар Черишев «Эль Мадригал»га қайтса, яна асосий таркиб аъзосига айланади.

- Эҳтимол, Дениснинг отаси ёнига, «Севилья»га боргани маъқулдир?

- Ҳа, бу ҳам ёмон вариант эмас. Агар жиддий гапирсак, «Севилья» ҳужум гуруҳида Черишевсиз ҳам яхши ижрочиларга эга. Боз устига, у ва Эмерининг олдинги ҳамкорлигидан яхши хотиралар қолмаган. Зеро, Денис у ерда ўйнашдан кўра, кўпроқ даволанганди.

- Охирги савол: Черишев учун Мадридда ёрқин истиқбол умиди борми ёки йўқ?

- Денис «Вильярреал»даги фаолияти орқали юқори саивясини тўла исботлади. Аммо Мадридда яхшиларнинг энг яхшилари йиғилишганини унутмаслик лозим. Демак, у агарда ўйнашни хоҳласа, «Реал»дан кетгани маъқул, менимча.

Абдуллохон Исроилов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:32, 10.11.2015.
Ўқилди: 2526 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.