Миллий терма жамоамиз Яманга қарши учрашувда 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Бу миллий термамизнинг ушбу йилдаги энг сўнгги учрашуви эди. Биз Ўзбекистон термасининг йил давомидаги кўрсаткичлари (учрашувлар, рақиблар, тўпурарлар, мухлислар, каточкалар, мураббийлар)ни таҳлил қилдик.
Учрашувлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси йил давомида 13 та учрашувда майдонга тушди. Ана шу ўйинларнинг 7 тасида ҳамюртларимизнинг қўллари баланд келган бўлса, 5 та баҳсда термамиз футболчилари майдонни бошлари эгик ҳолда тарк этишган. Тўплар нисбати 25:19 бизнинг фойдамизга!
Расмий ўйинлар
Миллий жамоамиз йил давомида 10 та расмий ўйин ўтказди. Осиё кубоги-2015 да 4 та ўйин ўтказган термамиз 2 та ғалаба ва 2 та мағлубиятни қайд этган бўлса, ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида 6 та учрашув ўтказиб 5 марта зафар қучди ва бир бора имкониятни бой берди. Тўплар нисбати 23:12 термамиз фойдасига!
Ўртоқлик учрашувлари
Ҳамюртларимиз йил давомида атиги 3 та ўртоқлик учрашуви ўтказишди. 27 мартда Тежонда Жанубий Корея билан дуранг ўйнаган ҳамюртларимиз, орадан 4 кун ўтгач Тёфу шаҳрида Япониядан қақшатқич мағлубиятни қабул қилишди – 1:5. 11 июньда Тошкентда Эрон билан бўлиб ўтган ўйин ҳам бизникилар учун омадсиз якунлади – 0:1. 3 та ўртоқлик ўйинида 1 дуранг ва 2 мағлубият. Тўплар нисбати 2:7!
Рақиблар
Терма жамоамиз йил давомида 9 та рақибга қарши майдонга тушди. Биз билан энг кўп тўқнашган рақиб КХДР бўлди. Улар билан нақ 3 марта тўқнаш келганмиз (2 ғалаба, 1 мағлубият). Жанубий Корея (1 дуранг, 1 мағлубият) ва Яман (2 ғалаба)га қарши 2 мартадан, Хитой (1 мағлубият), Саудия Арабистони (1 ғалаба), Япония (1 мағлубият), Эрон (1 мағлубият), Филиппин (1 ғалаба), Баҳрайн (1 ғалаба) термаларига қарши эса бир мартадан учрашув ўтказганмиз
Уйдаги ўйинлар
Ўзбекистон термаси ўз майдонида атиги 3 та учрашув ўтказди холос. Тошкентдан фақатгина Эрон ғалаба билан қайтган. КХДР ва Яман термалари эса ўз юртларига бошлари эгик ҳолда қайтишган. Тўплар нисбати ҳам камтарона 4:2!
Сафардаги ўйинлар
Йил давомида термамиз сафарда 6 та ўйин ўтказди. Ана шу ўйинларнинг 3 тасида ғалаба, 2 тасида мағлубият қайд этишган бўлишса, бир ўйинда ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати 16:12!
Нейтрал майдондаги ўйинлар
Ҳамюртларимиз Осиё кубогидаги 4 та ўйинни ҳам нейтрал майдонда ўтказишди. 4 та учрашувда 2 та ғалаба ва 2 та мағлубият. Тўплар нисбати ҳам тенг 5:5
Тўпурарлар
Йил давомида 11 нафар футболчи терма жамоамиз сафида гол уришга муваффақ бўлишди. Игор Сергеев ва Сардор Рашидов бу борада етакчилик қилишди. Ҳар иккала футболчи ҳам 6 тадан голга муаллифлик қилишди. Одил Аҳмедов эса 4 марта аниқ зарба йўллаган бўлса, Александр Гейнрих иккита ўйинда муҳим голлар урди. Воҳид Шодиев, Зоҳир Қўзибоев, Ислом Тўхтахўжаев, Элдор Шомуродов, Азизбек Хайдаров, Сервер Жепаров ва Станислав Андреевлар биттадан тўп киритишди.
Таймлар таҳлили
25 та голнинг 9 таси биринчи, 16 таси эса иккинчи таймларда киритилган.
Ўтказиб юборилган 18 та голнинг 7 таси биринчи, 9 таси иккинчи ва яна иккитаси эса қўшимча таймларга тўғри келади. Бундан кўриниб турибдики термамиз иккинчи таймда анча очиқ футбол намойиш этган.
Легионерлар-Маҳалли футболчилар 14:1 1
Термамиз урган 25 та голнинг 14 таси легионер, 11 таси маҳаллий чемпионатимизда тўп тепаётган футболчилар номига ёзилган. Эслатиб ўтамиз Рашидов Саудияга 2 та гол урган пайтда миллий чемпионатимизда тўп сурар эди. Шунинг учун ҳам унинг икки голи легионер футболчилар ҳисобига ёзилмади.
Мухлислар
Ўтказилган 12 ўйин (Яманга қарши учрашувдаги мухлислар сони инобатга олинмаган. Мақола тайёрланаётган пайти мухлислар сони аниқланмаган эди)да терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни жами 243,309 томошабин стадиондан томоша қилган. Бу ҳар ўйинга ўртача 20,275 мухлисдан тўғри келади дегани. Уйдаги ўйинларда 53,125 (ўртача 17,708), сафардаги ўйинларда 139,180 (ўртача 27,836) ва бетараф майдонда 51,004 (ўртача 12,751) мухлис стадионга ташриф буюрган. Бу борада рекорд Япония – Ўзбекистон ўйинига тегишли. Ана шу учрашувга 46 минг мухлис тушган.
Карточкалар
Ўтказилган 13 та учрашувда юртдошларимиз 20 та сариқ ва 1 та қизил карточка билан “сийланишган”. Рақибларимизда эса бу кўрсаткич 18 сариқ+1 қизилни ташкил этмоқда. Демак, термамиз рақибларга нисбатан бироз қўполроқ ўйин намойиш этган. Термамизнинг ушбу йилдаги энг қўпол футболчиси Азизбек Хайдаров бўлди. У 3 марта огоҳлантирилган бўлса, битта ўйинда иккинчи сариқни олиб майдондан четлатилган. Шавкат Муллажонов ҳисобида ҳам 3 та сариқ рангли карточка бор. Ҳимоячилар Анзур Исмоилов ва Виталий Денисовлар икки мартадан, Сардор Рашидов, Акмал Шораҳмедов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Воҳид Шодиев, Лутфулла Тўраев, Фозил Мусаев, Жавоҳир Соҳибов, Одил Аҳмедов, Егор Кримец ва Ислом Тўхтахўжаев 1 тадан сариқ карточка олишган.
Захира кучи
Терма жамоамизнинг урган 25 голининг 3 тасигина захирадан майдонга тушган футболчилар ҳисобига ёзилган. Александр Гейнрих икки марта ва Элдор Шомуродов бир бора захирадан майдонга қўшилиб ўз номларини таблога ёздириб қўйишган. Бизнинг рақибларимизнинг 5 та голи захирадан тушган ўйинчилар ҳисобига тўғри келади.
Мураббийлар
Терма жамоамизни йил давомида икки нафар мураббий бошқарди. Миржалол Қосимов қўл остида термамиз 8 ўйин ўтказиб, 2 ғалаба, 1 дуранг ва 5 мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати 9:16.
Самвел Бабаян давридаги 5 та баҳсда ҳам ҳамюртларимизнинг қўллари баланд келган. Тўплар нисбати ҳам хавас қиларли даражада 16:3. Бироқ Қосимов давридаги рақиблар Бабаянникига қараганда анча кучли бўлганини ҳам эътироф этиб ўтиш лозим.
Бу термамизнинг йил давомида қайд этган кўрсаткичлари таҳлили эди. Умид қиламизки 2016-йили Ўзбекистон терма жамоаси учун янада омадли келади.
Фурқат Юсупов