Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мураббийларнинг дастлабки 5 ўйиндан кейинги натижалари. ТОП-13

Баҳо:
+ | -

Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий бўлганидан буён қаторасига бешинчи ўйинда ҳам ғалаба нашидасини сурди. Биз терма жамоамиз тарихидаги мураббийларнинг илк 5 ўйиндаги натижаларини рейтинг тарзида эътиборингизга хавола этамиз. 

13. Баҳодир Ибрагимов 
Натижаси: 1 ғалаба, 4 мағлубият. Тўплар нисбати 7:11 
Баҳодир Ибрагимов терма жамоамиз бошқарув рулини 1996-йилда ўз қўлига олди. Унинг дебюти омадсиз чиқди. Термамиз Осиё кубоги саралаш учрашувида Тожикостондан 4:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Бироқ жавоб баҳсида Ибрагимов шогирдлари 5:0 ҳисобида зафар қучиб Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритишди. Термамиз Ибрагимов мураббийлигидаги кейинги 3 та ўйинда Япония ва 2 марта БААга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказиб имкониятни бой берган. Хуллас Баҳодир Ибрагимов терма жамоамиз мураббийлари орасида дастлабки 5 ўйинда энг ёмон натижани қайд этган. 

12. Юрий Саркисян 
Натижаси: 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият. Тўплар нисбати 7:15
 
Саркисян 2000-йилда Ўзбекистон терма жамоасига мураббий этиб тайинланди. Унинг қўл остида ҳамюртларимиз халқаро мусобақада Ироқ ва Тайланда ютқазишди. Кейинчалик ўртоқлик ўйинида Туркманистон йирик ҳисобида таслим этилди. Осиё кубогида эса Саркисян шогирдлари Қатар билан дуранг ўйнаб, Японияга 1:8 ҳисобида ютқазишди. Ушбу мағлубият Ўзбекистон термаси тарихидаги энг йириги ҳисобланади. 

11. Вадим Абрамов 
Натижаси: 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият. Тўплар нисбати 8:13
 
Вадим Абрамов мураббийлигидаги дастлабки 5 та ўйин ҳам ўртоқлик мақомига эга бўлди. Термамизга 2010-йилда мураббий этиб таъйинланган Абрамов Арманистон, Албания каби Европа термаларига ютқазган, Эстония билан дуранг ўйнаган, Саудия Арабистонидан қақшатқич мағлубиятни қабул қилган ва ниҳоят бешинчисида ноқулай рақибимиз бўлган Баҳрайн устидан ишончли ғалабани қўлга киритган. 

10. Равшан Ҳайдаров 
Натижаси: 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият. Тўплар нисбати 7:10
 
Равшан Ҳайдаров терма жамоамизда 2002-2004 ва 2005-йилларда мураббий бўлиб ишлади. Эътиборли жиҳати унинг қўл остида термамиз дастлабки 5 та ўйинни ҳам Европа терма жамоаларига қарши ўтказган. Сафарда Словакия ва Озарбайжонга имконият бой берилган бўлса, Тошкентда Беларус билан бир дуранг ва бир мағлубият қайд этилди. Ниҳоят Ҳайдаров ҳам 5-ўйинида ғалабага эришди. Вакилларимиз Ригада Латвияни йирик ҳисобда таслим этишди 3:0. 

9. Миржалол Қосимов 
Натижаси: 1 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият. Тўплар нисбати 3:6
 
Қосимовнинг дебют ўйини 2008-йилда Жанубий Кореяга қарши сафардаги ўйинга тўғри келди. Ана шу баҳсда термамиз йирик ҳисобда имкониятни бой берган бўлса, орадан 4 кун ўтиб Саитамада жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Япония билан дуранг ўйнади. Кейинги 3 ўйинда эса Қосимов шогирдлари сафарда БААни мағлуб этишди, Дубайда Озарбайжон билан дуриаг ўйнаб Тошкентда ЖЧ саралаш ўйинида Баҳрайнга ютқазишди. 

8. Рауф Инилеев 
Натижаси: 2 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати 8:2
 
Инилеев дебютини 2007-йили Қаршида ўтказди. “Насаф” стадионида ўтган баҳсда ҳамюртларимиз Озарбайжонликлар билан нурсиз дурангга имзо чекишди. Кейин эса “Алма ТВ” халқаро кубогида Озарбайжондан мағлубият, Қирғизлар устидан ғалаба ва қозоқлар билан дуранг ўйнаган бўлса, ўртоқлик ўйинида Хитой Тайпейи термаси минимал ҳисобда мағлуб этилди. Таъкидлаш жозики Рауф Инилеев ўша йили Осиёнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди. 

7. Убиража вега да Силва 
Натижаси: 2 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати 9:2
 
Бразилиялик мураббийнинг термамиздаги дебюти омадли чиқди. ЖЧ-98 саралаш босқичида Тошкентда Қозоғистон термаси 4:0 ҳисобида мағлуб этилди. Кейинчалик эса БАА билан дуранг, Озарбайжондан мағлубият қабул қилинди. Сўнгра термамиз Деҳли ва Калкутта шаҳарларида Ҳиндистонликлар билан икки марта рўбаро келиб, бир ғалаба ва бир дурангга имзо чекишди. 

6. Валерий Непомняший 
Натижаси: 2 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати 12:4
 
Россиялик мураббий термамизда 2006-йилда ишлади. Унинг қўл остидаги барча ўйинлар Осиё кубоги саралаш босқичи доирасида бўлиб ўтган. Непомняший илк беш ўйинида Бангладешни икки марта йирик ҳисобда енгиб, Гонконг билан икки бора дуранг ўйнади ва сафарда Қатарга қарши ўйинда термамиз имкониятни бой берди. 

5. Владимир Салков 
Натижаси: 3 ғалаба, 2 мағлубият. Тўплар нисбати 10:5
 
Салков қўл остида Ўзбекистон термаси дастлабки икки ўйинда Исроил ва Арманистон термаларига ютқазиб қўйган бўлса, кейинги уч беллашувда Озарбайжон, Хитой Тайпейи ва Туркманистон термалари устидан ғалаба қозонилган. Владимир Салков термамиз бошқарувида кетма-кет 10 та ўйинда имкониятни бой бермаганини ҳам таъкидлаб ўтмоқ лозим. 

4. Рустам Акрамов 
Натижаси: 3 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати 13:6
 
Терма жамоамизнинг илк мураббийи Рустам Акрамовнинг дастлабки беш ўйини ҳам Марказий Осиё кубоги халқаро турнирига тўғри келди. Ҳамюртларимиз Тожикистон билан дуранг ўйнаб, Туркманистонни бир, Қирғизиситонни эса икки марта мағлуб этишди ва бир ўйинда сафарда Қозоғистонга таслим бўлишди. Ўша турнирда терма жамоамиз иккинчи ўринни қўлга киритган эди. 

3. Маҳмуд Раҳимов 
Натижаси: 4 ғалаба, 1 мағлубият. Тўплар нисбати 20:2
 
Марҳум Маҳмуд Раҳимов Ўзбекистон терма жамоасини 1999-йилда бошқарди. Унинг бошқарувидаги илк 5 ўйинда вакилларимиз Малайзия, Озарбайжон, Бангладеш, Шри-Ланка термаларини йирик ҳисобда ютиб, Тайландага минимал ҳисобда имкониятни бой берган. Раҳимов қўл сотида термамиз тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар Максим Шацких дебют қилган ва илк ўйинида “хет-трик”ка эришган эди. 

2. Рустам Мирсодиқов 
Натижаси: 4 ғалаба, 1 дуранг. Тўплар нсибати 15:2
 
Мирсодиқов ЖЧ-98 саралаш босқичида термамизни бошқарган. У дебют ўйинини Яманда ўтказди ва кичик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Шундан сўнг Мирсодиқов шогирдлари Камбоджани икки марта мағлуб этиб, Индонезия билан ўйинларда бир ғалаба ва бир дурангга эришди. Рустам ака терма жамоамиз билан дастлабки 6 ўйинда ютқазмаган ягона мураббийдир. 

1. Самвел Бабаян 
Натижаси: 5 ғалаба. Тўплар нисбати 16:3
 
Тақдир хазилини қарангки Бабаяннинг ҳам дебют ўйини Мирсодиқовники сингари ЖЧ саралаш босқичи доирасида Яманга қарши ўйинга тўғри келди. Эътиборлиси Бабаян ҳам Мирсодиқов каби кичик ҳисобда ғалаба қозонди. У юқоридаги ҳамкасбидан фарқли ўлароқ 5 та ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Лекин иккала мураббий ҳам 5 ўйинда бирор жиддий рақибга дуч келишмади. Мирсодиқов илк қийин рақиби бўлган Японияга йирик ҳисобда (3:6) ютқазган эди. Кўрамиз Бабаян дастлабки жиддий рақибига қарши ўйинда қандай натижа қайд этилар экан. 

Фурқат Юсупов

Манба: sports.uz
Киритилди: 09:01, 20.11.2015.
Ўқилди: 4130 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.