Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19) душанба куни Тошкентда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув-машғулот йиғинини якунлади. Йиғин доирасида Беларусь ёшлар терма жамоаси (U-19)га қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Хабар берганимиздек, ўйинларнинг дастлабкисида Жасур Абдураимов бош мураббийлигидаги ёшларимиз 1:0 ҳисобида зафар қучишган эди. 16 ноябрь куни бўлиб ўтган иккинчи учрашувда терма жамоамиз янада ишончли ҳисобдаги ғалабани тантана қилди.
Ўйиннинг биринчи бўлимида Беҳзод ғанижонов ва Достон Ибрагимов гол уришди. Танаффусдан сўнг захирадан майдонга тушган «Пахтакор» футболчиси Суҳроб Нуруллоев рақиб дарвозасини учинчи бор ишғол қилди ва якуний натижани ўрнатди. Ушбу ўйинни томоша қилиш учун «Жар» стадионига Биродар Абдураимов, Геннадий Денисов, Илҳом Шарипов, Аҳмаджон Мусаев каби футболимизнинг машҳур вакиллари келишди. Дарвоқе, Мусаев ушбу ўйинни томоша қилиш учун ўз шогирдлари - Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси (U-13)ни ҳам тўлиқ таркибда олиб келди. Биз учрашувдан сўнг ёшларимиз устози Жасур Абдураимовнинг Беларусь билан ўтказилган ўйинлар ҳамда терма жамоамизнинг бу йилги иштироки хусусидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Беларусь терма жамоасига қарши ўтказилган ўйинлар биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, - деди ёшларимиз устози. - Ҳар ҳолда, улар Европа футболи намояндалари. Техник-тактик жиҳатдан жуда яхши шаклланган, интизомли жамоа. Жисмонан анча кучли, футболчилари ўта тезкор экан. Спарринг-рақиб танлашда адашмадик. Бундай кучли терма жамоаларга қарши кечадиган ўйинлар биз учун жуда ҳам зарур. Футболчиларимизда ўзларига бўлган ишонч янада ортади. Ҳар иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонганимиз яхши бўлди. Лекин ҳали кўп ишлашимиз керак.
- Бу йил ҳисобида Япония, Хитой, Қатар, БАА сингари қитъамизнинг кучли терма жамоалари билан ўйнадинглар. Айтинг-чи, Осиё ва Европа футболи ўртасидаги тафовут йўқолиб боряптими?
- Бугунга келиб ҳар икки қитъа футболи ўртасидаги фарқ аста-секин қисқаряпти. Япония, Жанубий Корея, Австралия, Хитой терма жамоалари деярли европача футбол намойиш этишяпти. Интизом ва тезлик Европа футболига хос хусусият ҳисобланади. Айнан шу жиҳатлар мен санаб ўтган Осиё терма жамоаларида бор. Кучли терма жамоалар билан ўйинларда жамоангизнинг камчиликлари кўзга ташланади. Нималар устида ишлаш кераклигини билиб оламиз.
- Ўша сиз айтаётган камчиликларимиз нималардан иборат?
- Дарвозабондан тортиб ҳужумчигача бўлган барча чизиқларни янада кучайтиришимиз керак. Техника, тактика, руҳий тайёргарлик, интизом... Мана шу омилларни ўзида мужассамлаштирган жамоа кучли ҳисобланади. Айтиш жоиз, бу терма индивидуал томонлама кучли ва истеъдодли футболчиларнинг кўплиги билан ажралиб туради. Йигитларимизнинг потенциали юқори. Лекин ушбу ёш тоифасидаги терма жамоа энг мураккаби саналади. Улар аста-секин катталар футболига ўтишяпти. Бу энг қийин давр ҳисобланади. Аксарият футболчилар шундай паллаларда фаолиятларидаги катта ўзгаришларга дуч келишади. Мазкур ҳолатдан муваффақиятли ўтиб олган футболчилар кейинчалик катта ютуқларга эришишлари мумкин.
- Келгусида режалар қандай?
- Мавсум якунига етди. Футболчиларга январгача жавоб бердик. Ҳордиқ чиқариб олишади. Биз эса мураббийлар штаби билан биргаликда 2016 йил режасини ишлаб чиқамиз ва уни Терма жамоалар марказига тақдим этамиз. Режа тасдиқдан ўтганидан сўнг Осиё чемпионатининг финал босқичига тайёргарликни бошлаймиз. Жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи ушбу турнир Баҳрайнда бўлиб ўтади. Қуръа ташлаш маросими эса апрель ёки май ойларида ўтказилиши кутиляпти.
ЎртоҚлик
учрашуви
16 ноябрь. «ЖАР» стадиони.
Ўзбекистон (U-19)-Беларусь (U-19)-3:1 (2:1)
Голлар: Бекзод Ғанижонов, Достон Ибрагимов, Суҳроб Нуруллоев
Ўзбекистон (U-19): Умид Ҳамроев, Ислом Қобилов, Ҳусниддин ғофуров, Хушнуд Авилов, Ҳожиакбар Алижонов, Азиз ғаниев, Шароф Муҳиддинов, Жамшид Юсупов, Достон Ибрагимов, Санжар Қодирқулов, Беҳзод ғанижонов.
Беларусь (U-19): Алексей Черних, Иван Кисель, Константин Кучинский, Юрий Крайко, Иван Бахар, Антон Яровинов, Алексей Целуев, Сергей Диченков, Илья Баглай, Сергей Кучмел, Павел Седько.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди