Олий лиганинг 2015 йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. Ортда қолган мавсум Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси учун омадли ўтди, деб айта олмаймиз. Боиси, жиззахликлар мавсум давомида барқарор ўйин кўрсата олишмади ва якунда 15-поғонадан жой олиб, элитани тарк этиш хавфи остида қолишди. Хўш, «Сўғдиёна» футболчиларида олий лига-2015дан қандай таассуротлар қолди? Шу ва шунга ўхшаш саволлар билан Sports.uz сайти мухбири жамоа сафида бир қадар ишончли ўйин кўрсатган ҳужумчи Жасур Ҳакимовга мурожаат қилди.
- Жасур, 2015 йилги мавсум «Сўғдиёна» учун омадсиз тарзда ўтди. Шундай эмасми?
- Ҳа, чиндан ҳам 2015 йилги мавсум «Сўғдиёна» учун анчагина қийин ўтди. Боиси жамоамиз барқарор ўйин кўрсата олмади. Бир қатор муҳим ўйинларда керакли очколарни бой бериб қўйдик. «Бухоро»га қарши баҳсда ҳам ғалабага умид қилган бўлсак-да, мағлуб бўлдик. Якунда эса тақдиримиз ўтиш ўйинига қолиб кетди.
- Бундай омадсизликка нимани асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин?
- Биласизми, «Сўғдиёна»да ҳар мавсум аввалида янгидан жамоа шакллантирилади. Таркибни кўпчилик тажрибали футболчилар тарк этгани сабаб янгиларга, асосан ёшларга имкон берилади. Ёш футболчиларга эса бир-бирини яхши тушуниб кетиши учун бироз вақт талаб этилади. Аммо олий лигада ҳар бир учрашувнинг қиммати юқори экани боис натижалар пастлайверади. Бу йил ҳам бизда шундай ҳолат кузатилди. Даврон ака Файзиев таркибга бир нечта ёш футболчиларни тўпладилар. Мураббийимиз бизнинг ўйинимиз шаклланиши учун анча меҳнат қилди. Секин-аста яхши ўйнай бошлаган пайтимизда чемпионат ниҳоялаб қолди ва банд этган ўрнимиз кўнгилдагидек бўлмади.
- Нима деб ўйлайсиз, агар «Сўғдиёна» бу йилги таркибни сақлаб қола олса, келаси йилдан яхшироқ натижа қайд этилишига умид қилса бўладими?
- Менимча, ҳа. Аммо бунинг учун биринчи навбатда ўтиш ўйинида ғалаба қозониш талаб этилади. Агар бу вазифа уддаланса, ҳозирги таркиб билан кейинчалик яхши натижаларга эришса бўлади. Чунки ҳозирда «Сўғдиёна»да иқтидорли йигитлар йиғилишган. Улар яна бир ёки икки мавсум давомида биргаликда тўп суришса, кейинчалик жамоа яхшироқ ўринлар учун ҳаракат қила олади, деб ўйлайман.
- Айни пайтда жамоангиз «Оқ-тепа»га қарши ўтадиган ўтиш ўйинига ҳозирлик кўраётган бўлса керак?
- Ҳа, шундай. Бутун эътиборимиз «Оқ-тепа» билан бўладиган ўйинга қаратилган. Барчамиз шу учрашувни имкон қадар яхши ўтказиш учун тайёрланяпмиз. Чунки бу ўйиннинг қиммати нақадар юқори эканини ҳис этиб турибмиз. Агар биз ўз ўйинимизни кўрсата олсак, «Оқ-тепа»ни мағлуб эта оламиз, деб ўйлайман.
- Ўзингиз учун мавсум қандай кўриниш олди?
- Мен бу йил олий лигада иккинчи мавсумимни ўтказдим. Бу йил олдингисига қараганда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлдим ва илгаргидан кўпроқ гол киритдим. Буни шахсий ютуқ сифатида баҳолашим мумкин. Бунинг учун эса биринчи навбатда «Сўғдиёна» мураббийлар штабидан миннатдорман. Улар менга ишонч билдиришди ва майдонга тушиш имконини тақдим этишди. Мен ҳам қўлдан келганча жамоага ёрдам беришга интилдим. Афсуски, чемпионат сўнггида жамоамиз ўзимиз кутмаган ўринни банд этди...
- Олий лига-2015 олдинги мавсумлардан нимаси билан фарқ қилди, деб ўйлайсиз?
- Бу йил чемпионатимиз анча қизиқарли тарзда ўтди. Клублар ҳар бир ўйинда имкон қадар очко олиш учун майдонга чиқишди. Етакчи клублар ҳам кўплаб ўйинларда мағлуб бўлиб, ўз мухлисларини ҳайрон қолдиришди. Бу эса миллий чемпионатимизда ўсиш кузатилаётганидан далолат беради, менимча. Айниқса, чемпионнинг қайси жамоа бўлиши охирги турда аниқ бўлгани кўплаб мухлис-у мутахассисларга манзур бўлди.
- Энди «Пахтакор»га қайтсангиз керак?
- Ҳа. Менинг трансфер ҳуқуқим «Пахтакор»га тегишли. «Шерлар» жамоаси билан 2017 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолаганман. Ортда қолган мавсумни «Сўғдиёна» сафида ижара асосида ўтказдим. Лекин аслида барибир «Пахтакор» футболчисиман. Шу сабабли ҳам янги мавсумга тайёргарликни Тошкент клуби сафида олиб бораман. Уёғини эса кўрамиз. Агар «Пахтакор»га керак бўлсам, жамоада қоламан. Мабодо «Сўғдиёна» раҳбарияти мени яна ижарага олишни истаса, Жиззах клубига келишим ҳам мумкин. Бунисини эса вақт кўрсатади. Ҳозирча бу борада аниқ гап айта олмайман.
- Жасур Ҳакимов учун таътил бу йил унча узоқ давом этмаса керак. Боиси, Олимпия терма жамоамиз Осиё чемпионатида иштирок этади...
- Ҳа, ўйлаб қарасам, ўтиш ўйинидан сўнг 5 кунгина хордиқ чиқариш имконига эга бўламан. Сўнг Олимпия терма жамоамиз ихтиёрига бориб қўшиламан. Терма жамоамиз Осиё чемпионати олдидан асосий тайёргарлик йиғинини ўтказади. Энди йиғинларимиз Дубайда ўтади. Олдимизда қитъа биринчилигига яхши ҳозирлик кўриш ва унда муносиб иштирок этиш вазифаси турибди.
Таркибимизда яхши ижрочилар йиғилган. Деярли барча йигитлар мавсум давомида ўз жамоалари сафида асосий таркибда ҳаракат қилишди. Осиё чемпионатига яхши ҳозирлик кўришимиз учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Биздан эндиликда қитъа чемпионатида яхши қатнашиш ва Олимпиада йўлланмасига эга чиқиш талаб этилади. Умид қиламанки, Олимпия терма жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олади.
З.Акрамхонов суҳбатлашди