Хьюстондаги оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Иван Ефремов 105 кг вазн тоифасида силтаб кўтаришда энг яхши натижани кўрсатди ва олтин медални қўлга киритди. Бундан сал аввалроқ шу вазн тоифасида “В” гуруҳида яна бир ҳамюртимиз Сардор Дўстмуродов иштирок этди. Унинг елкага олиб кўтаришда 228 кг лик штангани кўтариши яна битта медаль – бронза медалини таъминлади.
Тошкент вилояти Зангиота туманида яшайдиган Иван Ефремов Ўзбекистондаги спорт ихлосмандларига яхши таниш. Бунгача спортчимиз Осиё ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритган, Олимпиада ўйинларида 5-ўринни эгаллаган. Ва мана ниҳоят олтин медаль. Бу чемпионатни дунёнинг икки нафар етакчи оғир атлетикачиси Илья Ильин ва Руслан Нуриддинов ўтказиб юбордилар. Россиялик Давид Беджанян бундай қулай фурсатдан фойдаланиши мумкин эди. Бироқ бу содир бўлмади. Тўсатдан беллашувга қозоғистонлик Александр Зайчиков киришди. Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, умумий ҳисобда 10 нафар спортчи ғалаба қилиш учун бир хил имкониятга эга бўлган. Шундай мураккаб вазиятда Иван Ефремов муносиб иштирок этди. У ўзининг севимли машқи – силтаб кўтаришда барча учта уринишни бажарди. 183, 187 ва 192 кг лик штангалар унга жаҳон чемпионатининг олтин медалини таъминлади.
Тан олиш жоизки, Иван елкага олиб кўтариш машқида медаль учун кураша олмади ва бунга арзирли сабаблар бор. Иван натижада икки машқ бўйича 8-ўринни эгаллади.
Икки машқ йиғиндиси бўйича қозоғистонлик спортчи олтин медални қўлга киритди. 2-ўринни россиялик Давид Беджанян, 3-ўринни литвалик Артурс Плешниекс қўлга киритди.
Ҳамюртимизнинг юқори натижани қўлга киритгани муносабати билан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вакиллари, мураббийлар ва терма жамоани тайёрлашга ҳисса қўшган барчани ва албатта мухлисларни чин юракдан муборакбод этиб қоламиз.
Ўта оғир вазндаги беллашувларда яна бир ҳамюртимиз Рустам Жангабоев иштирок этади. Якуний баённомадан кейин Олимпиада лицензиялари ҳақидаги барча маълумотлар аён маълум бўлади.