Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Беларусь ёшлар терма жамоаси мураббийи: "Жамоангиз Европача услубда ўйнайди"

Баҳо:
+ | -

Яқинда Беларусь ёшлар терма жамоаси (U-18) Тошкентда бир ҳафталик ўқув-машғулот йиғини ва унинг доирасида Жасур Абдураимов мураббийлик қилаётган ёшларимиз билан иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. «Жар» стадионида бўлиб ўтган ўйинларнинг дастлабкисида ёшларимиз 1:0 ҳисобида зафар қучишган, иккинчи баҳс ҳам вакилларимизнинг ишонч­ли ғалабалари билан якунланганди - 3:1. Албатта, ҳар икки терманинг бу ўйинлардан кўзлаган мақсади бор эди. Ўзбекистонлик ёшлар Осиё чемпионатининг финал босқичига тайёргарлик кўришяпти. Беларусликлар эса Европа чемпионатининг саралаш баҳсларида иштирок этишяпти. Улар Тошкентга келишдан олдин гуруҳ пешқадами ҳисобланган Бельгия майдонида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашганди. Демак, бундан кўриниб турибдики, рақиб оддий жамоа эмас. Биз Беларусь делегациясининг Минск шаҳрига жўнаб кетиши олдидан терма жамоа бош мураббийи Михаил Мархелдан интервью олдик. Олдинга ўтиб шуни айтиш керак, Мархель футболчилик фаолияти давомида Минскнинг «Динамо» клуби таркибида Тошкентга бир неча бор келган.

- Михаил Михайлович, Тошкент­да ўтказилган йиғин ва ўртоқлик ўйинларидан кўнглингиз тўлдими?

- Албатта. Биринчи галда биз учун барча шароитларни яратиб берган ЎФФ раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Йиғин ташкил этиш баробарида икккита ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушдик. Ҳар икки жамоанинг ҳам ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари бор. Ўйинга шундан келиб чиққан ҳолда ёндашилди. Биз айни пайт­ Европа чемпионатининг саралаш босқичида иштирок этяпмиз. Юзага келган танаффус чоғида бундай ўртоқлик ўйинларини ўтказиш биз учун жуда муҳим эди. Шу боис ҳам мазкур учрашувларга бажонидил розилик бердик. Терма жамоалар миқёсида бир йил давомида бундай савиядаги ўйинлар жуда кам ўтказилади. Юзага келган имкониятдан максимал даражада фойдаланиб қолишга ҳаракат қилдик. Афсуски, бундан аввал режалаштириб қўйган ўйинларимиз амалга ошмай қолганди. Бахтимизга Ўзбекистондан таклиф келди ва бундан хурсанд бўлдик. Ҳақиқатан ҳам кучли жамоа билан ўйин ўтказдик. Биз Тошкентга келишдан аввал 1998 йилда туғилган футболчилардан таркиб топган терма жамоа билан ўйнаймиз, деб ўйлагандик. Лекин бундан фожиа ясамадик. Аксинча, 1997 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоа билан ўтказган ўйинларимиз бизнинг фойдамизга хизмат қилди. Мағлубиятларимиз ўйинга мос бўлди. Кучлилар билан ўйнаганда жамоангизнинг камчиликлари кўзга ташланади. Ўйинлар ёзилган дискни томоша қилиш асносида хато ва камчиликларимиз устида ишлаймиз.

- Тошкентга келишдан олдин рақиб ҳақида тушунчага эгамидинглар? Терма жамоамизни ўргандинг­ларми?

- Биласизми, юқорида айтганимдек, биз 1998 йилда туғилган футболчилардан иборат таркибга қарши тўп сурамиз, деб ўйлагандик. Аммо кучли жамоа билан ўйнаганимиз бизнинг фойдамизга хизмат қилиши аниқ.

- Терма жамоамиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Юқори савияда ўйнай оладиган истеъдодли футболчилар кўпчиликни ташкил қиларкан. Индивидуал жиҳатдан ҳам кучли футболчиларга эга экансизлар. Ҳар икки қанот ва ҳужум чизиғида ҳаракат қилган футболчилар менга маъқул келишди. Шунингдек, майдон ўртасида ўйинни бошқариб борган ярим ҳимоячи ҳам жуда кучли экан. Бир сўз билан айтсам, бу терма жамоангизнинг потенциали юқори. Бежизга Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларида гуруҳнинг барча учрашувларида ғалаба қозонмабди. Боз устига, ўз дарвозасидан ҳам тўп ўтказиб юбормабди. Бундан Тошкентга келганимиздан кейин рақиб жамоани ўрганиш жараёнида хабар топдик.

- Билишимча, Минск шаҳрида шу икки терма жамоа ўртасида такрорий жавоб ўйини ўтказилар экан. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин ва ўйин­лар қачонга белгиланади?

- Ҳа, биз жавоб ўйини ўтказиш бўйича оғзаки келишувга эришдик. Икки терма жамоага қулай вақтга ўйин белгиланади. Ўйлашимча, баҳор ёки кузда Минск шаҳрида Беларусь ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Тахминан апрель ойларини мўлжаллаб турибмиз.

- Ўзбек футболи ҳақида нималарни биласиз?

- Тошкентга бир неча маротаба келганман. Минскнинг «Динамо» клуби таркибида ўйнаб юрган кезларим шонли жамоангиз «Пахтакор» билан бир неча бор ўйнаганмиз. Бу юртдан яхши хотиралар қолган. Орадан шунча йил ўтиб, яна Тошкентда бўлиб турганимдан хурсандман. Бу заминдан Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Миржалол Қосимов сингари футбол юлдузлари етишиб чиққан. Бугунги кунда ҳам ўзбек футболи жадал суръат­ларда ўсишга эришяпти. Мана, куни кеча миллий терма жамоангизнинг КХДРга қарши ўтказган учрашувини кўрдик. Россия клубларида ўйнаётган футболчиларингиз ҳақида маълумотга эга эдим. Жамоангиз кучли ва шу билан бирга, европача футбол намойиш этди. Мен мухлисларнинг қўллаб-қувватлашига қойил қолдим. Очиғи, яқин орада бундай ишқибозлар билан тўлган стадионда бўлмагандим.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 23:17, 03.12.2015.
Ўқилди: 3921 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.