Айни пайт «Шальке» клубида яхши тўп сураётган Роман Нойнштедтерни Россия терма жамоасига жалб этиш масаласи яна қизғин муҳокама қилинмоқда. Асли россиялик немис футболчисининг ўзи бу вариантга қандай қараяпти? «СЭ» нашри Роман билан суҳбат чоғи биринчи навбатда, айни шу саволга ойдинлик киритишни ўйлади.
- Россия терма жамоасида ўйнашингиз мумкинлиги хусусидаги хабарларни қаердан билдингиз?
- Матбуотдан. Клубда ҳам бу ҳақда сўрашди. Яна йигитлар қўнғироқ қилиб, саволга тутишди: «Россия термасида ўйнайсанми?» Кейин менга Россия газеталаридан олинган хабарларни SMS шаклида жўнатишди.
- Жамоанинг ўзидан ҳеч ким алоқага чиқмадими?
- Ҳозирча йўқ.
- Агар таклиф этишса, бунга қандай қарайсиз?
- Тўғриси, бу масалада жиддий ўйлаганимча йўқ. Мабодо расман чақирув олсам... Албатта, бу мен учун катта имконият бўларди.
- Лекин ўзингиз учун қандайдир қарорга келиб улгургандирсиз? Ҳарқалай, аввал Евро-2016, кейин ЖЧ-2018да ўйнаш имконияти...
- Қайтараман, ҳали жиддий ўйлаганим йўқ. Зеро, ҳозирча ҳеч ким мен билан бу ҳақда гаплашмади.
- Россия фуқаролигини олиш учун Германияникидан воз кечиш керакми?
- Билмайман. Нимадир аниқланганидан кейингина бир тўхтамга келаман. Ҳали қўнғироқ ҳам бўлгани йўқ. Шундай экан, ҳозирдан бош қотириш бефойда. Зеро, газеталардаги хабарлар бошқа, федерациядан бўладиган қўнғироқ бошқа...
- Отангиз қандай маслаҳат беряпти? Ахир у кўп йиллар собиқ иттифоқда ўйнаган...
- Тахминан шундай деяпти: «Агар Россияда чиндан ҳам, шуни хоҳлашса, бу қизиқарли, албатта».
- Умуман, Россия футболидаги умумий ҳолатни кузатиб боряпсизми?
- Асосан ЧЛда ўйновчи клубларга эътибор қаратаман. Мамлакат чемпионатини кузатиш имкониятига эса эга эмасман - рус телевидениеси йўқ. Лекин табиийки, терма жамоани мунтазам кузатаман. Айтайлик, унинг Европа чемпионатига йўл олганидан роса қувондим.
- Леонид Слуцкий келганидан сўнг терма жамоа анча ўзгарганига ҳам эътибор қаратдингизми?
- Янги мураббий жамоани Евро-2016га олиб чиққан экан, демак, барчасини тўғри бажарган.
- Россия пойтахтида бирор марта бўлганмисиз?
- Ҳа. 16 ёки 17 ёшимда боргандим. Холам Москва яқинида яшайди. Бувим эса Саратовда. Айтганча, у менга Россия термаси формасини совға қилганди. Евро-2008 пайти шу либосни кийиб юрдим ва айнан Россия термасига мухлислик қилдим. Зеро, жамоа ғоят томошабоп футбол кўрсатганди.
- Отангиз собиқ иттифоқ давридаги футбол ҳақида ҳам гапириб берадими?
- Айтишича, ҳаммаси ўта қатъий бўлган. Дейлик, футболчилар ҳаттоки, машғулотлар қанча давом этишини ҳам билишмаган.
- Агар Россия термасидан чиндан ҳам, таклиф тушса, қайси позицияда ўйнашни маъқул кўрардингиз?
- Менга фарқи йўқ. Мураббий қаерга қўйса, ўша ерда ўйнайвераман: ҳимояда, таянч зонасида...
- «Шальке»да ҳам шундайми?
- Ҳа. Қаерда фойдам тегса, ўша жойда ҳаракатланишга тайёрман. Қисқаси, майдонга тушаётганимдан хурсандман. Қолгани аҳамиятсиз.
- Айтишларича, сизни Евро-2012дан олдин Украина термасига ҳам чақиришни хоҳлашган экан.
- Бу ҳақда газетада ўқиганман, холос. Дейлик, Германия паспортини топширишга тайёр эканлигим ҳақида ёзилганди. Лекин ҳаммаси ёлғон. Ҳар ҳолда, Украина футбол федерациясидан ҳеч ким мен билан гаплашмаганди.
- Германия термаси сафида 2 марта майдонга тушгансиз. Қолаверса, немис футболчиси саналасиз. Германия-Россия ўйинида ўзингизни руслар либосида тасаввур эта оласизми?
- Албатта. Футболда ўйинчиларнинг терма жамоани ўзгартириш ҳолатлари оз эмас. Бироқ вақтдан илгарилаб кетиш ножоиз. Ахир Россия термасида ҳали ўйнаганим йўқ-ку.
- «Боруссия»дан «Шальке»га ўтганингизда, Люсьен Фавр шундай деганди: «Роман Менхенгладбах учун ғоят муҳим ўйинчи эди, худди Хави «Барселона»га бўлгани каби».
- Ўқиганман. Мураббий доимо ҳақ (кулади).
- Марко Ройс билан алоқангиз ҳали ҳам яхшими?
- Ҳа. Бироқ эндиликда оз кўришяпмиз. Дейлик, у жароҳат сабаб, «Дортмунд дерби»сида қатнашмади.
- Одатда Германияда сиз ҳақингизда доимо яхши гапларни ёзишади. Мисол учун, газеталардан бири «Замонавий Беккенбауэр» мақоласи остида сизни роса мақтаганди.
- Эсимда, 3 йил олдин шундай ёзишганди. Аниқ эслолмайману, аммо янглишмасам, Арсен Венгер шундай таъриф берганди. Адашмасам, Англияда ҳам шундай ёзишганди.
- Ақлли, техник салоҳиятли футболчи эканлигингиз кўриниб турибди. Аммо майдонда унча кўзга ташланмайсиз...
- Тўп қаерга боришини олдиндан билсам, «подкат» усулини қўлламайман ёки ўзимни майдонга ташламайман ҳам. Демоқчиманки, тўғри позиция танлашни билсанг, тўпни олиб қўйишинг анча осон. Шунинг учун доим ҳам рақибнинг оёғи остига ташланавермайман. Аксинча, техника ҳисобига қоида бузмай ҳаракатланишни маъқул кўраман. Ташқи эффект - бу мен учун эмас.