Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Роналду тўғрисидаги фильм ҳақида яна бир мулоҳаза

Баҳо:
+ | -

Жаҳон футболининг асосий юлдузларидан бири ҳақида 14 ой давомида суратга туширилган фильм Криштину Роналдуни янада яхшироқ билишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди  The Guardian.

Криштиану Роналду тўғрисида озгина бўлсада тасаввурга эга бўлиш учун у тўғрисидаги картинанинг чақалоқни чўқинтиришга оид парчасини кўриш кифоя. Атроф тўла одам. Руҳоний болага боққанича уяли телефонини қўлига олади ва ёнидагилардан «Селфи қилишга улгурармиканман?», деб сўрайди.

Фильмда Португалия термасининг Сан-Паулудаги «Эстадио Мойзес Лука» стадионида сўнгги мундиалга кўраётган ҳозирлигига оид лавҳа ҳам бор. Криштианунинг мухлисаларидан бўлган бир қиз фанатлар орасидан ўтганча кумири томон отилади. Уни қалтироқ тутган, тинимсиз йиғлайди, мана ҳозир ҳушидан айриладигандай. Қизни тартиб посбонларидан бири тутиб қолади. Роналду қизни бағрига босади ва қизалоқ ҳушини йўқотгандай туюлади. «У мен борлигимдан хабар топди», - дейди бир неча сониялардан сўнг қиз тележурналистга. «У нима дегани билан қизиқяпсизми? Криштиану мен тинчланишим ва йиғлашни бас қилишимни сўради. Мен бўлсам ундан твиттеримга дастхат қолдиришини илтимос қилдим».

Қанчалик ғалати туюлмасин, Роналду учун шуҳратда чўмилиш кўпчилик ҳолларда севимли юмушига айлангандай, мазкур фильм бу борадаги энг катта лойиҳадай, Криштиану ва унинг агенти Жорж Мендеш бир-бирларига мақтов айтиб чарчашмайдигандай. Роналду «Мендеш - энг яхши, Криштиану Роналду агентлар дунёсида», дейди. Улар бир-бирларига қилган такаллуфларини - эришган ютуқлари, бойликлари, энг-энг-энг...ликларини санашда адашиб кетади ҳам киши. Мендешнинг устида энг қиммат қора костюм, Rolex, телефон эса қулоғидан тушмайди. У Роналду навбатдаги «Олтин тўп»ни қўлга киритишида Криштианудан кам қайғурмаётгандай, гўё. Бу суткасига 24 соат, ҳафтасига 7 кун давом этади, ақл бовар қилмайди. Фильмда айнан шунга алоҳида эътибор қаратилади, қайсидир «Десима» ёки бошқа майда-чуйдаларга эмас. Картинада Мендеш ва унинг ҳамкорларидан бири раҳбарият қабулхонасида ўтирганча «бошқа йигит барчасини барбод қилиши мумкинлиги» тўғрисида пичирлашаётган кўриниш ҳам бор.

Бошқа йигит - Лионель Месси. У картинада Иван Драго каби ролда тасвирланади, аслида эса у бунга муносиб эмас. «Хатжилд ичидаги қарта ҳамма нарсани ўзгартириши мумкин», - деб ҳикоя қилади Роналду «Олтин тўп ҳақи»да гапираркан. Бу билан у азалий рақибига қараб сохта жилмайишга тўғри келганда нималарни ҳис қилганини айтмоқчи бўлади. «Месси 4-бор «Олтин тўп»ни қўлига олишини кўриш осон бўлмади. У 2-3-марта бундай шарафга муносиб кўрилганда мен ўз-ўзимга «Бошқа бу ерга келмайман», дейман». Фильмни томоша қиларкансиз, тарихдаги энг қиммат футболчи бўлган Гарет Бэйлга ҳасад ўтини енгиш осон бўлмаганини англайсиз.

Бошқа кўринишлар Hello журнали услуби билан йўғрилгандай тасаввур уйғотади. Уларда Роналду ўғли - кичик Криштиану билан ўйнайди ёки уни мактабдан олади. Ҳатто Муҳаммад Али ва Брайан Клафларда ҳазилга ўчликлар манманликлар билан меъёр даражада бўларди.  «Ростини айтсам, - дейди Роналду жароҳати бўлса-да, ЖЧга боришга қарор қилганини изоҳларкан, - агар жамоамизда яна 2-3 нафар Криштиану Роналду бўлганида ўзимни енгилроқ ҳис қилардим. Афсуски, улар йўқ».

Баъзи-баъзида камтарлик хислатларини намоён қилиш Роналду обрўсини ошириши мумкин эди. Шундай бўлса-да, у қандай бўлса шундайлигича кўрингани ҳам чаккимасдай - балки бу унга шахсига нисбатан бўлаётган босимни енгиш учун керакдир. Фильмдаги кўринишларнинг яна бирида форварднинг онаси Долорес хоним қўлларида тинчлантирувчи малҳам билан дорихонада намоён бўлади: у ўғлининг майдондаги ўйинини томоша қилиш жараёнида ўзида пайдо бўладиган стрессларни енгиши осон эмас. Роналду майдонга тушишдан олдин волидасига қўнғироқ қилганида у зарур дориларни сотиб олганлиги билан қизиқади - фарзанд бунга кўникиб қолган. «Фақат ғалабалар керак бўлган ўғилнинг онаси бўлиш жуда қийин, - дея изоҳ беради Долорес хоним. - Мен Криштиану учун қаттиқ қайғураман». Жаҳон чемпионатидаги ўйинлар пайтида у шиппакларини келтириб беришларини сўрайди ва оила аъзолари билан бирга баҳсларни кўриш ўрнига ташқарига йўл олади.

Фильмдаги бу кўриниш орқали Роналду учун барчаси осон кечмаётгани кўрсатилмоқчи бўлади: унинг оила аъзоларига ичдан разм солинади, Криштиану «Спортинг»га йўл олганида оиласи ва 12 ёшли Мадейрани ташлаб кетиш унга оғир бўлгани айтилмоқчи бўлади. Роналдунинг акаси Хьюго ҳозир CR7га - Роналдунинг Фуншалдаги музейига раҳбарлик қилмоқда, аммо 20 йилларча аввал у алкоголизм ҳасталигига чалиниш арафасида эди. Хьюго айнан у футболчи бўлиш имконига эга бўлганини, аммо бунинг ўрнига қурилишда ишлашга мажбур бўлганини айтади. Унинг айтишича, ўшанда қурилишда ҳамма ичарди, жумладан отаси Динис ҳам. Динис ва Хьюго ичкиликка пул топиш учун «МЮ»нинг Роналду фамилияси ёзилган футболкаларини сотиш билан шуғулланишга мажбур бўлишган.

Шунингдек, биз Динис Португалиянинг Анголадаги босқинчилик урушидан қайтганидан сўнг ҳеч қачон аввалгидай бўлмаганини кўрамиз. У қолган умри давомида уруш хотираларидан қочиб яшади ва шунинг учун тўхтовсиз ичди. Алкоголь Динисни 2005 йилда - Роналду 19 ёшга тўлганида ҳаётдан олиб кетди. «У камдан кам ҳолатларда ҳушёр бўлар. Бошқа пайтларда у билан мулоқот қилишнинг имкони йўқ эди. Мен отамни билмасдим», - дейди отаси ҳақида футболчи ўғил.

Кичик Криштиану ҳақида гапираркан Роналду доимо «ўз меросхўри» бўлишини орзу қилганини айтади. Унинг ўғли ҳозир 5 ёшда, машғулотларда фаол, Lamborghini сўзини айтишга ҳаракат қиляпти. Отаси йўқ пайтида Долорес хоним невараси тарбияси билан машғул. Аммо боланинг онаси-чи? Бу ҳамма учун сир. «Мен ўғлимнинг онаси кимлиги ҳақида ҳеч кимга айтмаганман ва айтмайман ҳам», - дейди Роналду.

«Футболда дўстларим йўқ. Мен ишонадиган одамлар-ми? Улар кўпчилик эмас. Ростини айтганда, мен ёлғизман. Ўзимни ичимдагини топ, одамови инсонлар тоифасидан  деб биламан», - дейди у ўзи ҳақида. Отаси муваффақиятларини кўра олмаётганидан хафа бўлади, аммо Мендеш ота ўрнига ота, ака ўрнига ака эканлигини айтишни ҳам унутмайди.

Фильмда шунингдек, Криштиану Роналду умуман туғилмаслиги мумкинлиги тўғрисидаги кўриниш бор: «У кутилмаган фарзанд бўлганди», деб хотирлайди Долорес хоним.

Нима бўлганда ҳам, 30 йил аввал таваллуд топган инсоннинг фаолияти тўғрисида ҳикоя қилишаркан, фильм ижодкорлари миллионлар ўйинини янада юқори поғонага кўтармоқчи бўлишади. Картинада Роналдунинг иқтидорига эмас, курашиб чарчамаслигига катта урғу берилади: у ҳар қандай ҳолатда ҳам танлаган касбида энг яхшиси фақат у эканлигига ишонади ва доим буни исботлашга ҳаракат қилади. Аммо вақт ўтмоқда ва Мессидан 2 ёш катта бўлган Роналду уни тўхтатишга барибир ожиз.

Бу ҳақда гапираркан, Криштиану сўнгги йилларда Месси билан ўзаро мулоқотга киришаётганликларини айтади: бир-бирларидан ишлари қандайлиги, оиладаги янгиликларни сўрашмоқда, футболга алоқаси бўлмаган мавзуларда суҳбат қуришяпти. «Мен унда рақибни эмас, ўзим сингари одамни кўра бошладим, - дейди Криштиану. - Аммо ҳамон ким ҳақиқатда зўрлигини исботлаш учун кураш давом этяпти».

И.ОБИДОВ тайёрлади.   

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:06, 05.12.2015.
Ўқилди: 4947 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.