Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

ОФК семинарининг биринчи куни ҳақида ёхуд “Локомотив”нинг ОЧЛдаги рақиблари

Баҳо:
+ | -

Бугун Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ОФКнинг Осиё чемпионлар лигаси ва ОФК Кубогига бағишланган биринчи кун семинари ташкил этилди. Табиийки, семинарнинг биз учун энг қайноқ нуқтаси Осиё чемпионлар лигаси баҳсларига қуръа ташлангани бўлди. Қуйида шулар ҳақида батафсил фикр юритамиз.

КУАЛАГА БАНГКОК ОРҚАЛИ
Тошкентдан Куала-Лумпурга кеча тунда Бангкок орқали етиб келдик. Аввалига олти соатга яқин Таиландга парвоз қилдик. Кейин икки соатча Бангкок халқаро аэрапортида бўлиб, у ердан Малайзия пойтахти сари учдик ва бунда ҳам икки соатча йўл босишга тўғри келди. Куала-Лумпурга биз билан бирга “Пахтакор” ва “Насаф” клублари вакиллари ҳам ташриф буюришди.

Айни пайтда “Локомотив” футбол клубининг уч нафар вакили – клуб Бош директори Зокир Сеидуллаев, халқаро бўлим мутахассиси Сардор Акромов ва клуб матбуот котиби Хайрулла Холиқов “Хилтон” меҳмонхонасида истиқомат қиляпмиз. Кеча аэропортда бизни ОФК вакиллари кутиб олишди ва меҳмонлар учун ажратилган машинада то меҳмонхонагача салкам 50 дақиқача юришимизга тўғри келди.

ИККИ ҚИСМЛИ ТАДБИР
Бугун эрталабдан ОФКнинг тадбирлари бошланди. Дастлаб қайдномадан ўтишга тўғри келди. Кейин семинарнинг асосий қисмига ўтилди ва бунда ОФК Бош котиби Дато Уиндсор Жон сўз олиб, Осиё чемпионлар лигаси ва ОФК Кубоги мусобақаси йилдан йилга кучайиб бораётганини, бунинг натижасида Осиё футболи анча ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарвоқе, семинар икки қисмдан иборат бўлди. Семинарнинг биринчи қисми асосан ОЧЛнинг ўтган мавсум якунларига бағишланди: ўйинлар таҳлил қилинди, хато ва камчиликлар айтилди. Мусобақа қандай ўтгани хусусида ОФКнинг “Мусобақаларни ўтказиш бўлими” ходимлари Брайан Си, Павел Лузанов сўзга чиқиб, ўз хулосаларини баён этишди. Шунингдек, жамоаларга кўрсатиладиган хизматлар, матбуот билан ишлаш бўйича Даррен Стюарт, Четан Кулкарнаки сўз олишди.

Тушдан сўнг тадбирнинг асосий қисми бошланди. Навбат қуръа ташлаш маросимига етиб келди. Дастлаб нуфузи жиҳатидан бирмунча паст бўлган ОФК Кубогига қуръа ташланди. Кейин эса Осиё чемпионлар лигасига. ОЧЛ қуръаси натижаларига кўра, “Локомотив” “А” гуруҳидан жой олди. “Темирйўлчилар” ўз гуруҳларида Эроннинг “Сепахон”, БААнинг “Ан-Наср”, шунингдек плей-офф ғолибига қарши баҳс олиб боришади.

Плей-офф ўйини битта учрашувдан иборат бўлиб, бунда Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби ўз майдонида Иорданиянинг “Ал-Виҳдат” жамоасини қабул қилади. Бунда ким ғалаба қозонса, гуруҳимизнинг тўртинчи жамоаси бўлади. “Локомотив”нинг гуруҳ ўйинлари тақвими қуйидагича кўриниш олди:

23 февраль. “Локомотив” – “Ан-Наср”
1 март. Плей-офф ғолиби – “Локомотив”
15 март. “Сепахон” – “Локомотив”
6 апрель. “Локомотив” – “Сепахон”
20 апрель. “Ан-Наср” – “Локомотив”
4 май. “Локомотив” – Плей-офф ғолиби

ЭЪТИБОРГА МОЛИК ЎЗГАРИШЛАР
Келаси йилги Осиё чемпионар лигаси регламентига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу нарса аввало мукофот жамғарисининг ошгани билан боғлиқ. 2016 йилги ОЧЛда ким ғалаба қозонса, ўша жамоа ОФК томонидан 3 миллион АҚШ доллари миқдорида рағбатлантирилади. Иккинчи ўрин соҳиби 1 миллион долларга эга бўлади. Тўртта ярим финалчининг ҳар бири 200 минг доллардан мукофот пули олса, чорак финалга чиққан саккизта жамоа (ҳар бири) 120 минг долларга ўз ҳисобини тўлдириб олади. Гуруҳдан чиққан ҳар бир жамоа эса 80 минг доллардан пулга эга бўлади. Худди шундай тақсимлаш ОФК Кубоги мусобақасида ҳам бор. Хусусан келаси йилги ғолиб бир миллион долларни, иккинчи ўрин эгаси эса 500 мингни қўлга киритади.

Бу йилги ОЧЛ учун ўйинчиларни заявкадан ўтказиш муддатининг охирги куни гуруҳ иштирокчиси учун 24 январь қилиб белгиланганди. Келаси йил эса охирги муддат биринчи ўйин бўлиб ўтишига 30 кун қолганда дея белгилаб қўйилди. Шунингдек, чорак финалга чиққан жамоалар ҳам чорак финалнинг биринчи ўйини бўлиб ўтишига ўттиз кун вақт қолганда охирги заявкани ОФКга тақдим этишлари шарт. Бундан ташқари, учрашув протоколига бундан буён фақат комиссар имзо чекади. Клуб менежери ҳамда бош мураббийнинг имзо қўйишига ҳожат қолмайди. Қолаверса, ҳар бир футболчининг клуб билан тузган шартномаси инглиз тилига таржима қилинган бўлиши лозим.

Эндиликда ўйиннинг бутун аҳамиятга молик жиҳатлари комиссарлар қўлида бўлади. Комиссар бир вақтнинг ўзида ҳакамларни, назоратчини, маҳаллий матбуот котибини, маркетологларни, хавфсизлик ходимларини, тиббиёт вакилларини ҳамда волонтёрларни назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Тадбирнинг иккинчи ва якуний қисми эртага бўлади. Бунда стадионларга мухлислар ташрифи, тартиб-интизом, келишилган ўйинлар, ҳакамлик билан боғлиқ муаммолар, маркетинг, ўйинларни ТВга узатиш, тиббиёт каби масалалар кўтарилади.

“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 17:28, 10.12.2015.
Ўқилди: 5419 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.