Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоаси италиялик мутахассис Карло Анчелотти билан музокаралар ўтказмаётгани ҳақида расман маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС нашри жамоа матбуот хизматига асосланиб, хабар тарқатган.
Бугун, 11 декабрь кунининг биринчи ярмида рус нашрларида "Зенит"га бош мураббий сифатида айни вақтда ишсиз юрган Карло Анчелотти олиб келиниши ва унга рекорд даражада маблағ тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Хабарларда Анчелоттига таклиф билан чиқилгани ва мутахассис бу таклифга рози бўлгани ҳақида айтилганди.
"Бу борадаги барча хабарларда заррача ҳам ҳақиқат йўқ. Биз Анчелотти билан музокарага киришганимиз ҳам йўқ", дейилади матбуот хизмати хабарида.
Бироз олдинроқ, "Зенит"нинг амалдаги мураббийи Андре Виллаш-Боаш мавсум якунлангач, клуб билан шартномани узайтирмаслиги ва Россияни тарк этиши ҳақида маълум қилганди.