Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Лео Месси 5 марта лауреат бўлади!?

Баҳо:
+ | -

ФИФА яқинда 2015 йилги футбол мавсумининг энг асосий индивидуал совринига даъвогар 3 нафар номзодни эълон қилди. Унга кўра, «Олтин тўп» бу сафар Лионель Месси («Барселона»), Криштиану Роналду («Реал») ёки Неймар («Барселона») ўлжасига айланиши аниқ. Энг қизиғи, танлов финалчилари рўйхати эълон қилинишидан 3 кун олдин Испаниянинг El Мundo Deportivo нашри бутун сўровнинг якуний натижалари ҳақида маълумот тарқатишга улгурди. Эслатиб ўтамиз, сўров жараёни аллақачон якуни етган, фақат қоидага кўра, унинг натижалари сир тутилмоқда. Агар Еl Мundoнинг хабарига таянсак, ғолиблик яна Мессига насиб этади. Роналду 2-ўринга жойлашган бўлса, лауреатнинг клубдоши Неймар 3-поғона билан чекланган.

Месси: 5-«Олтин тўп»

Агар маълумот тўғри чиқса, унда Месси икки йиллик танаффусдан сўнг яна соврин соҳибига айланади. Газетада ёзилишича, Месси сўровда асосий рақиби - Криштиану Роналдуни катта фарқ билан ортда қолдирган. Айтишларича, португалиялик футболчи ҳозирданоқ ўз мағлубиятини тан олган экан. Бинобарин, Лео аввалги мавсум якунларига кўра, 3та сов-рин ютган жамоада етакчилик қилди. Шунингдек, у эҳтимолки, ЧЛнинг ўтган мавсумдаги энг эсда қоларли голи муаллифига айланди. Яъни ярим финалда «Бавария» вакиллари - Боатенг ҳамда Но-йер устидан шунчаки, кулди. Энг асосийси, аргентиналик футболчи куз фаслидаги жароҳатига қарамай, декабрь ойигача «Барса»нинг барча турнирлардаги голларидан 44тасини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Бу Неймар (41та) ва Суарес (40та)никидан ҳам кўп. Агар барчаси ҳақиқат бўлса, унинг коллекциясидаги «Олтин тўп»лар сони 5тага етади. Умуман, Леонинг 2015 йил давомидаги ягона минус томони - бу Америка кубоги финалида жамоаси билан Чили термасига ютқазгани. Ҳа, жаҳоннинг энг яхши футболчисига терма жамоалар миқёсида ҳамон омад кулиб боқмаяпти. Бироқ клубдаги муваффақиятлари олдида ушбу омадсизлик иккинчи даражага тушиб қоляпти. Энди савол туғилади: Месси дарҳақиқат, лауреат бўлса, унда 11 январь куни Цюрихда ташкиллаштириладиган тақдирлаш маросимига қандай костюмда боради? Ахир у охирги вақтларда кийиниш, соч турмаги ва татиуровкалар бўйича доимий экспериментларга бериляпти. Шундай экан, Леодан яна қандайдир оригинал нарса кутиш мумкин.

Роналду - қарама-қарши таассурот

«Реал» баҳорда мавсум финишини барбод қилганидаёқ португалиялик сайёранинг энг яхши футболчиси мақомидан деярли айрилиб бўлганди. Роналду иштирокидаги энг характерли лаҳзалар унча чиройли кўринмади: у айниқса, аутсайдерларга қарши баҳсларда жамоадошларидан тинмай узатма талаб қилгандек туюлди. Ҳа, бу қайсидир маънода наф берди. Яъни КриРо Испания чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланди. Ҳаттоки, ҳозир ҳам йил давомидаги голлари сони бўйича Мессидан олдинда боряпти. Фақат шуниси борки, у мавсум якунида жамоавий совринсиз қолди. Ҳа, шахсий ютуқлари ҳам етарли. Мисол учун, ўзи ҳақидаги фильм чиқди, фаолиятида юбилей - 500-голини нишонлади, «Эспаньол» билан баҳсда «пента-трик»ка эришди. Шунингдек, Роналду Европанинг энг кучли 5та чемпионати (Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция) тарихидаги энг яхши голеадорлар рўйхатида кучли учликка киргани билан мақтаниши мумкин. Агарда фақат чемпионатлар доирасидаги ўйинларда урилган голларни ҳисобга олсак, айни пайт пешқадамлик мақоми Жимми Гривз (366та гол)га тегишли. Герд Мюллер эса 365та гол билан 2-ўринда. 300лик довонини аллақачон бўйсиндирган Роналдунинг немисдан ҳам, инглиздан ҳам ўзиб кетишига шубҳа йўқ. Лекин бу вазифани кейинги йилга қолдиргани та­йин. Ҳозирча эса Криштиану «Барса»даги рақибини олқишлашга мажбур (агар хабар рост бўлса, албатта) ва фаолиятини қайси клубда давом эттириш бўйича бир тўхтамга келиши лозим. Ҳарқалай, Испания ОАВда таъкидланишича, португалия-ликнинг «Реал»даги даври якунига яқинлашмоқда.

Неймар -йил ўсиши

Месси жароҳатланиб, бир неча ҳафтага сафдан чиққач, «Барселона»нинг 2013 йили бразилияликка бежиз катта пул сарфламагани ойдинлашди. Қисқача айтганда, Неймар еврофутболга тўлиқ мослашиб улгурди. У ЧЛ-2014|2015нинг чорак финалидан бошлаб, барча «плей-офф» ўйинларида рақиблар дарвозасига гол урди, «Райо Вальекано» билан учрашувда эса «покер» қайд этди. Ҳозир ҳам Испания чемпионатида ажойиб маҳсулдорликни кўрсатяпти. Аслида Неймар танловда юқорироқ ўриндан жой олишга муносиб эди. Бироқ унга кўринишидан, танлов тизими халақит берди. Чунончи, сўровда ФИФАнинг барча аъзолари (ҳар бир терма жамоадан сардор ва мураббий) ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишади. Истаймизми-йўқ, ҳозирда Неймар турли жойларда дейлик, Роналду ва Месси даражасида машҳурликка эришмаган ҳали. Лекин унинг сиқилишига ҳожат йўқ. Ахир энди 23 ёшга тўлди ва «Олтин тўп»ни ютиш учун ҳали етарли вақт - имкониятга эга.

*** Месси ЧЛда 80та гол уриб, яна 23тасига ҳаммуаллифлик қилган. Хуллас, у бу турнирда 102та ўйинда майдонга тушиб, 103та голда бевосита иштирок этган.

*** Криштиану Роналду яқинда фаолияти давомида 100-пенальтини тепди (уларнинг 86тасидан фойдаланган).

*** Ўзаро шартномага мувофиқ, Неймарнинг «Олтин тўп» сўровида кучли учликка киргани учун «Сантос» клуби «Барселона»дан қўшимча 2 миллион евро олади.

*** El Мundo Deportivo маълумотларига таяниб айтсак, сўровда Месси 414 очко йиққан. Роналду - 212,5 ва Неймар - 95,5. Финалчилар учлигига киролмаганлар орасида энг кўп очко Луис Суаресда - 34,5. Златан Ибрагимович (21 очко) ва Андрес Иньеста (20 очко) эса кучли олтиликка киришган.

Манба: «СЭ»,

Ў. УМАРОВ тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" нашри

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:45, 15.12.2015.
Ўқилди: 4927 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.