Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Футболда Нобель мукофотига муносиблар

Баҳо:
+ | -

Яқинда жаҳон миқёсидаги энг йирик воқеалардан бири - 2015 йилги Нобель мукофоти эгаларини аниқлаб, уларни муносиб тақдирлаш маросими ўтказилади. Championat.com эса ушбу анжумандан сўнг футбол оламидан ҳам мазкур эътирофга лойиқ чарм тўп усталари ва мураббийларни аниқлади. Қуйида уларнинг рўйхати билан танишишингиз мумкин.

Адабиёт бўйича:

Златан Ибрагимович

Жаҳон ва Европа чемпионатларида бир оз бўлсада майдон эгаларига ён босиш кузатилади. Тўғри, бу қоидаларга зид, аммо шунга қарамай, ҳақиқатан шундай ҳолатлар рўй беради.

Бироқ бугунги мукофотни топшириш чоғида ҳайъат аъзолари адолатпарвар эканликларини кўрсатишди. Стокгольмда ғолиб номи аниқлангач, кўплаб савол ва мунозаралар туғилиши табиий. Аммо қаҳрамонимиз бундай ҳолатларга тез-тез рўбару бўлади, шундай экан, мақсадга кўча қолайлик: «Адабиёт бўйича Нобель мукофоти... Златанга топширилади!». Швециялик адибнинг номи кўп нарсани англатади. Буюк сэр Алекс Фергюсон ҳамда РФ Маданият вазири Вадим Евсеевга овоз берганлар учун тушунтириш бермоқчимиз. Ушбу танловимиз қуйидаги учта муҳим омилга асосланди: 1) қиссанинг ноодатийлиги ва сифати, 2) сюжетларнинг қизиқарлилиги, 3) якуннинг шов-шувли кўриниш олиши. Дастлабки иккита жиҳат бўйича барча даъвогарлар тенгсизлар, албатта. Бироқ Фергюсон ва Евсеевнинг ижодлари асосий мутахассисликларига ҳамоҳанг равишда якун топди (айтишларича, улар авваллари футбол соҳасида фаолият юритишган). Златанда «очиқ финал»нинг борлиги танқидчи адабиётшунослар учун ёқиб тушди.

«Мен Златанман! Балки бу менинг Нобель мукофотини олиш борасидаги сўнгги имкониятимдир. Мазкур эътирофга лойиқ кўрилган эканманми, демак энди бемалол айта оламан: бу ерда мендан-да кўркамроқ одамни кўрмаяпман, демак мазкур масалада бошқа номзодни кутманглар!», - деди Ибрагимович мукофотни оларкан.

 

Химия бўйича: Луи ван Гал

«Футбол жамоасидаги энг муҳим нарса - ўйинчиларнинг даражаси ёки бош мураббийнинг маҳорати эмас. Асосийси - клубдаги «химия». Муваффақият қозониш учун энг аввало, барча бир-бири билан илиқ муносабатда бўлиши, ҳамжиҳатликка эътибор қаратиши лозим. Бу базадаги фаррош ва ошпаздан тортиб, футболчи ҳамда мураббийларгача тааллуқли. «Манчестер Юнайтед»да айнан шу «химия»нинг мавжудлигини таъминлашга интиляпман».

Мазкур жумлаларга астойдил эътибор берсангиз, химия бўйича Нобель мукофотининг кимга насиб этишига амин бўласиз. Тўғри, у Голландиядан, ўзини жуда яхши кўради, файласуфларга хос тарзда фикр юритишни ёқтиради. Бироқ адабиёт бўйича мукофот ўз эгасини топди, шундай экан, Луи ван Гал химик сифатида тақдирланади. Чунончи, у «МЮ»да мазкур фан борасида инқилоб қилди.

Авваллари химиянинг бутун дун­ёга бундай таъсири кузатилмаганди. Голландиялик даҳо ўз тажрибаси орқали янгича кўринишдаги олимга айланди. Кутиб олинг, Луи ван Гал - курраи замин тарихидаги дастлабки анти-алхимик. У олтинни ҳеч кимга кераксиз оддий унсурга айлантира олишни ўрганди. Унинг «химия»си шарофати билан ҳамиша олтин медаллар учун курашган жамоа нурсиз ўйин кўрсатмоқда, боз устига, Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди. Ван Гал ўтказган тажриба «МЮ»нинг миллионлаб ишқибозлари кайфиятини ўзгартирди. Бу сизнингча, химия фанида улкан муваффақият эмасми?

 

Тинчлик бўйича:

Дэвид Бекхэм

У Буюк Британиянинг келишган йигити, пўрим жентльмен бўлишдан ташқари, бағрикенг ва оқкўнгил ҳамдир. Дэвид нафақат ўз ҳаётини таъминлаш, балки 769 нафар турли қариндошларига ёрдам кўрсатишга қодир эканини кўрсатди.

Эндиликда англиялик футболчи ўз пулларини оқилона равишда сарф­ламоқда. Бекхэм хайрия ишлари билан шунчаки хўжакўрсинга шуғулланмайди. Ночорларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан мақсад мухлисларнинг эътиборини қозониш эмас. Бу билан нимагадир шаъма қилмоқчимасмиз. «МЮ»нинг собиқ сардори ўзгаларга ёрдам кўрсатишда самимийликка урғу беради. Шу, холос.

Дэвид сўнгги йиллар мобайнида ўнлаб хайрия акцияларида қатнашди. Бутун дунёдаги бемор болаларга ёрдам қўлини чўзди, Филлиппиндаги табиий офатдан зарар кўрганларга кўмаклашиш мақсадида бир неча миллион фунтлик буюмларини сотди. «ПСЖ»даги маошини ночорларга тарқатди, оддий халқ, кам таъминланган оилаларга ташриф буюриб, уларга қимматбаҳо совғалар улашди. Сўнгра болакайлар билан ҳовлида футбол ўйнади. Эътиборлиси, бу кичкинтойлар бегоналарнинг фарзанди бўлишига қарамай, худди ўз зурриёдидек ғамхўрлик қилди. Бекхэмнинг ибратга арзигулик ишлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Демак, Дэвид - ушбу номга энг лойиқ номзод. Унинг жам­ғармасида Чемпионлар Лигаси олтин медали бор эди, мана, эндиликда яна бир муҳим соврин - Нобель мукофоти ҳам қўшилди.

 

Физика бўйича:

Мануэль Нойер

Бир неча йиллардан буён бу номинациядаги мукофот илмий юксалишга эришган, бизга дунёни янада яхшироқ танишимиз, физика қонунларини ўрганишимизга замин ҳозирлаган кишиларга топшириб келинмоқда. Ажойиб олимлар, Нобель мукофотининг аввалги соҳиблари, бизни маъзур тутасиз, сиз бу совринга лойиқ эмасдингиз. Яқин орада махсус комиссия уйингизга бориб, сизга ноҳақ равишда топширилган мукофот пули - 953 минг долларни мусодара қилишади.

Барчасига сабаб - сизларнинг тад­қиқотларингиз, илмий кашфиётларингиз қалбаки ва алдамчи бўлиб чиқди. Сиз ҳеч нимага эришолмадингиз, курраи замин, унинг тузилиши, ҳаракати борасида ҳеч нимани тушунмадингиз. Бу борадаги фаразларингиз, теоремаларингизни германиялик оддий йигитча - Мануэль Но­йер инкор қилди.

Ҳурматли олимлар, уялишингиз керак. Ману физика бўйича олий маълумотга эга эмас, тунларни китоблар ўқиш ва формулалар тузиш билан ўтказмайди. Нойер футбол ўйини пайтидаги хатти-ҳаракатлари орқали физиканинг барча қонунларини инкор этади. Айнан сиз бизга асрлар мобайнида исботлашга уринаётган қоидаларнинг нотўғри эканини намойиш қилади.

Материя Мануэль каби тез ҳаракатлана олмайди. Инсон Мануэль сингари вазиятга бу қадар тез таъсир кўрсата олмайди. Тўп Мануэлнинг қўлига борганда дарҳол тўхтайди, бошқа ҳолатда буни кузатмаймиз. Тўғрими, муҳтарам олимлар? Эндиликда Нойернинг интилишлари самараси ўлароқ, дунёга бошқача кўз билан қараяпмиз.

Физика қонунларини бир четга суринг, яшасин Мануэль Нойер! Марҳамат, жаноб Нойер, зал марказига чиқинг, биз сизга атайин орқа ўриндиқлардан жой ажратдик. Югуринг, одатий 52,5 метрни босиб ўтинг - навбатдаги мукофот сизники.

 

Тиббиёт ва физиология бўйича: Ева Карнейро

Ҳа, биз Стокгольмда мукофотни швециялик адибга топширдик, хўш, кейин-чи? Ҳайъат аъзоларини адолатсизликда айбламаслик керак. Бизга ҳеч ким пул бермади - шунчаки, фактлар таҳлилига асосланяпмиз. Мисол учун, иш жойини можаролар туфайли тарк этган ходимни мақтаймиз. Ева Карнейронинг шарофати билан футбол ишқибозлари тиббиёт борасида етарлича тасаввурга эга бўлдилар. «Челси»нинг 42 ёшли собиқ шифокори ҳам тиббиёт, ҳам физиология ривожига салмоқли ҳисса қўшди.

У кимсан Жозе Моуриньога қарши чиқди, португалиялик мутахассис унинг профессионаллигига шубҳа остида қарагани Евага ёқмади. «Челси» устидан судга шикоят қилишдан чўчимади, майдонга чиқиши орқали тиббиётни машҳур қилди. Раҳбари қарши бўлишига қарамай, футболчиларнинг соғлиғини тиклашда давом этаверди. Бу хатти-ҳаракатлари Нобель мукофотига лойиқ кўрилди.

 

Иқтисодиёт бўйича:

Евгений Гинер

Жорий йил Россия фуқаролари учун нисбатан қийин кечди. Молиявий инқироз ва санкциялар дўконлардаги нархларнинг ошишига сабаб бўлди. Табиийки, шундай паллаларда иқтисодий масалаларга эътибор қаратувчи кишилар кўпайди.

«Маҳсулот»ни 15 миллионга сотиб, кейинчалик зарур паллада уни атиги бир миллион эвазига ортга қайтариш ва... қўшимча 18 миллионга эга бўлиш - шундай келишувга нима дейсиз? «Ҳозир мени молиявий даҳога қиёслашингиз мумкин, аммо сизнинг фикрингизни маъ­қулламайман», - деди ЦСКА клуби президенти Евгений Гинер «Спортинг»га қарши баҳсдан сўнг. Чунки Португалия жамоаси билан ўйинда Сейду Думбия «дубль» қайд этганди. «Армиячилар»нинг ушбу ғалабаси уларни Чемпионлар Лигасининг асосий босқичига олиб чиқиш баробарида клуб ғазнасини 18 млн. еврога бойитди. Обрўли ҳайъат аъзолари Евгений Ленноровичнинг фикрига қўшилмай, уни расман молиявий даҳо сифатида эълон қилишди.

Ва ниҳоят, томошабинлар ёқимтойи совринини Нобель Арустамянга берамиз. Албатта, мукофотимиз унинг шарафига номланмаган, аммо Россия футболининг бош инсайдерини тақдирламасак бўлмасди. Молиявий масалаларни ҳал қилиш бў­йича Гинердан қолишмайди. Ҳар ҳолда, ўртоқ Арустамян қайсидир футболчининг қанчага сотиб олиниши-ю, унга қандай маош таклиф этилишидан ҳамиша хабардор.

Шу билан «ҳақиқий» Нобель мукофотини топшириш маросими якунига етди. Биз билан бўлганингиз учун ташаккур.

Манба: Championat.com,

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:02, 21.12.2015.
Ўқилди: 4389 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.