Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

«Пахтакор» ҳали ҳечкимдан қарз бўлиб қолмаган!!!

Баҳо:
+ | -

«Пахтакор» қаторасига икки йил чемпионликни қўлга киритди. Жорий мавсумдаги ғолибликка эса Нўъмон Ҳасанов бош мураббийлигида эришилди. Аммо ҳаммаси осон кечгани йўқ. Мавсум давомида жамоа ҳақида турли гап-сўзлар тарқалди. «Металлург»га қарши кечган ўша «машҳур» учрашувдан сўнг эса келишилган ўйинлар ҳақидаги хабарлар авж олди. Шу қадар авж олдики, ҳатто бу ҳақда ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам баёнот билан чиқиш қилди. Нўъмон Ҳасанов билан мавсум якунлари ҳақида қилган суҳбатимиз шу ва бошқа мавзулар ҳақида бўлди. Интервью аввалида эса «Пахтакор» устозини InterFutbol талқинида ноябрь ойининг энг яхши мураббийлари қаторида зикр этилгани билан табрикладик.

- Нўъмон ака, сиз InterFutbol томонидан ноябрь ойининг энг яхши мураббийлари қаторида тан олиндингиз. Сиздан олдинда фақат миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян бор. МТЖ қўлга киритган ютуқларни инобатга олсак, бу табиий ҳол. Аввало, сизни шу эътироф билан табрикласак...

- Раҳмат. Бундай эътироф биз учун ҳам катта нарсани англатади. Спортчи ҳеч қачон ўзини мақтай олмайди, у қилган ишларни бошқалар гапириши керак. Газетангиз меҳнатларимизни тан олган экан, балки шунга яраша бирор иш қилгандирмиз. Эътироф учун яна бир бор катта раҳмат.

- Бу йил «Пахтакор» чемпионликни қўлга киритди, сиз эса жамоани мавсум ўртасида қабул қилиб олдингиз. Қийин бўлмадими?

- Йўқ, асло. Жамоани мавсум ўртасида қабул қилиб олганим билан йил бошидан буён ҳамма билан бирга ишлаб келаётган эдик. Мавсумолди тайёргарлигини ҳам бирга ўтаганмиз. Шунинг учун ҳеч қандай қийинчилик бўлгани йўқ. Мен шунчаки жамоадаги ишни давом эттирдим, холос.

- Ўтган мавсумдан кўнглингиз тўлмаган жиҳатлар бўлдими?

- Ҳа, албатта. Чемпионлар Лигасида муносиб иштирок эта олмадик. Биз учун гуруҳда қолиб кетиш жуда ёмон натижа. Иложи борича яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилдик, кучли рақиблардан сафарда очко олдик, аммо охирги турларда омадимиз келмай, гуруҳда қолиб кетдик. Бу йил мана шу хатоларни тўғриламоқчимиз. Мақсадимиз - Ўзбекистон чемпионати билан бир қаторда Чемпионлар Лигасида ҳам яхши натижаларга эришиш.

- Хатоларни тўғрилаш учун айнан қандай ишларни амалга оширмоқчисиз?

- Жамоа ўйин услубида ўзгариш қилиш ниятимиз бор. Ўйинимизга тезлик киритишимиз керак. Бу билан фақат тез югуришни назарда тутмаяпман, футболчиларга тез фикрлашни сингдиришимиз лозим. Футбол нафақат йил, балки ой сари ривожланиб бормоқда, янгиликлардан бохабар бўлиб туриш шарт. Жамоада «девор» услубида ўйнашни ташкил этиш керак, ҳимоядан ҳужумга тез ўтишни шакллантириш лозим. Илгари беш-олти тўп ошириш билан ҳужумга ўтган бўлсак, энди уч-тўрт узатма билан ҳимоядан ҳужумга ўтиб кетишни ўрганишимиз шарт. Замонавий футбол шуни талаб қилмоқда. Яқинда йиғинларимиз бошланади. 20 декабрда Тошкентда йиғиламиз, 10 январдан эса Дубайда йиғин ўтказамиз. Мана шу йиғинлар давомида янги ўйин услубимизни шакллантиришимиз лозим. Бунинг учун керакли футболчиларни ҳам таркибга жалб этиш зарур. Селекция ишларини бошлаб юборганмиз.

- Янги футболчилар кераклиги ҳақида гапирдингиз. Аммо аввало, «Пахтакор»дан кетадиганлар ҳақида гапириб ўтсангиз...

 - Шундай эҳтимол йўқ эмас. Ҳар қандай жамоа ҳам ўзгариб, янгиланиб туради. Бизнинг таркибимиздан ҳам кетадиган футболчилар чиқиши мумкин. Аммо имкон қадар уларни жамоада олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Бугун (суҳбат сешанба оқшомида бўлиб ўтди - таҳририят изоҳи) клубда йиғилиш бўлиб ўтди ва ўтган йилги таркибни имкон қадар сақлаб қолишга қарор қилдик. Баъзи ўйинчиларимизга хориж клубларидан таклифлар бор ва клуб уларни кўриб чиқмоқда. Бироқ айтиб қўяй, кимлар кетишини олдиндан айта олмайман...

- Аммо матбуотда бир қатор хабарлар тарқаб улгурган. Хусусан, Игорь Сергеев жамоадан кетиши деярли аниқлиги айтилмоқда...

- Йўқ, Игорь масаласида ҳам ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Матбуотда эса хабарлар тарқайверади, ҳар доим шундай бўлиб келган. Масалан, Сергеев Японияга кетиши ҳақида айтишибди. Бироқ бу хабарда ҳеч қандай асос йўқ. Тўғри, ҳужумчимизга бир қатор клублардан қизиқиш бўлган, аммо ҳозирча биз ҳеч бирини қабул қилмадик. Клуб бу таклифларни кўриб чиқишда давом этмоқда. Шахсан ўзим эса бош мураббий сифатида Сергеевни таркибда сақлаб қолишни истайман. Бу ҳужумчи биз учун жуда қадрли. Албатта, хорижга кетса катта тажрибага эга бўлади ва бу ҳолат терма жамоамиз учун жуда фойдали. Аммо мен ўз клубим манфаатидан келиб чиқиб, Сергеевни жамоада олиб қолишни истайман. Жуда бўлмаганда ижарага кетар. Бироқ бу масалани клуб раҳбарияти ҳал қилади, мен олдиндан ҳеч нарса дейишни истамайман. Кўрамиз, вазиятга қараб иш тутамиз.

- Игорь Сергеевга қайси клублардан таклиф бўлганини айта оласизми?

- Йўқ.

- Бу таклифлар орасидан Европа клублари бор ёки йўқлигини-чи?

- Бу ҳақда ҳам ҳеч нарса дея олмайман.

- Ундай бўлса жамоа сардори Кахи Махарадзе ҳақида нима дейсиз? Бу футболчининг ҳам «Пахтакор»дан кетиши ҳақида  хабарлар пайдо бўлган эди...

- Кахи масаласида иш олиб бориляпти. У билан шахсан ўзим қўнғироқлашиб, гаплашиб олишни режалаштириб турибман. Махарадзе биз учун жуда керакли футболчи. У жамоамизнинг кўп йиллик етакчиси ва сардори. Бундай ўйинчи таркибда бўлиши жуда муҳим. Бугун бўлиб ўтган мажлисда шу масала ҳам кўтарилди ва Кахини қандай қилиб бўлмасин жамоада олиб қолишга қарор қилдик. Бунинг учун у қўядиган талабларни қабул қилишга тайёрмиз.

- У клуб олдига қандай талабларни қўймоқда?

- Тафсилотларини аниқ айта олмайман, аммо Махарадзе истаётган шартларни клуб қабул қила олади. У албатта, кучли футболчи ва ўзи истаган шартлар асосида шартнома талаб қилишга ҳақли. Боз устига, у клуб кўтара оладиган талабларни қўймоқда. Бу талаблар - одатий, ҳар қандай футболчи сўрайдиган нарсалар. Шундай экан, Кахи билан янги шартнома имзолаш борасида ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деб ҳисоблайман.

- Футболчининг ўзи нимани истамоқда?

- Ҳамманинг ҳам ўзига яраша муаммоси бўлади. Биз Кахини тўғри тушунамиз, узоқ йиллардан буён уйидан узоқда ўйнаб келмоқда. Ҳар қандай инсон уйига қайтишни истайди. Унда ҳозир бир нечта клублардан таклифлар бор, аммо ҳозирча ҳеч бирини қабул қилгани йўқ. «Пахтакор» ҳам унга жуда яхши шартнома таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, Кахи учун ҳам клубимизнинг ўрни, қадри бошқача. Ишонаманки, у билан тезда келишувга эришамиз...

- «Пахтакор» футболчилари июль ойидан буён маош олмагани ҳақида хабарлар бор. Балки муаммонинг илдизи шундадир?

- Маош масаласи кўтарилар экан, бир нарсани инобатга олишингизни сўрайман - «Пахтакор» ҳали ҳеч бир футболчидан қарз бўлиб қолмаган. Тўғри, балки маош кечикиши мумкин, аммо ҳеч кимнинг пули клубда қолиб кетмайди. Ҳамма ўз ҳақини албатта олади ва буни футболчилар ҳам, мураббийлар, ҳам жуда яхши биладилар. Шу сабабли ҳеч ким буни муаммо сифатида кўрмайди. Пул масаласида ҳамманинг кўнгли тўқ.

- Демак Махарадзенинг муаммоси ҳам пулда эмас?

- Мутлақо.

- Янги футболчиларни таркибга жалб қилиш ҳақида гапирдингиз. Айнан қайси чизиқларни мустаҳкамламоқчисиз?

- Энг аввало, ҳужум ва ҳимояни. Умуман, жамоадаги рақобатни кучайтириш керак. Захира ўриндиғи қанча мустаҳкам бўлса, муаммо ҳам шунча кам бўлади. Яхши биласиз, ўтган мавсум бизни жароҳатлар жуда қийнади. Баъзи ўйинларда захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтирадиган футболчи ҳам камёб бўлиб қолди. Биз мана шу ҳолатни бартараф этмоқчимиз. Захира ўриндиғида икки ёки уч эмас, балки беш, олти ёки етти нафар кучли футболчи ўтирса, жамоа ўйини ҳам бошқача бўлади. Ўйин давомида вазиятни ўзгартириш имконияти ҳам кўпаяди. Биз мана шунга эришмоқчимиз.

- «Пахтакор» олий лигада ғолиб чиққани учун ПФЛ томонидан мукофот пулини олиши лозим. Мана шу пул клуб ҳисоб-рақамига ўтказиб берилдими?

- Бу ишларга аралашмайман. Мазкур масалани ҳал қилиш клуб раҳбарияти ва менежмент бўлими ваколатида. Мен фақат спорт соҳасидаги ишларга жавоб бераман. Айтишим мумкин, бу борада ҳаммаси жойида. Олий лигада ғолиб чиқдик. Энди йил охиридаги тақдирлаш маросимида медалларимизни топширишса бўлгани, биз учун иш охирига етказилади (кулади).

- Демак, пул ҳақида мутлақо ўйламаяпсиз?

- Йўқ. Бу масалада қайғурадиганлар бор.

- Ўтган мавсум давомида «Пахтакор» ҳақида турли гап-сўзлар тарқалди. Хусусан, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам клубни танқид қилди ва «йил охирида жазолаш» ҳақида гапирди. Бу ҳолат жамоага қандай таъсир қилмоқда? Йил охирида нима бўлиши мумкин?

- Мен фақат бир нарсани айта оламан - биз умуман қинғир ишларга аралашмаганмиз. Футболчиларимиз ҳар бир ўйинга катта куч билан тушишган ва очколарни ҳалол меҳнат билан қўлга киритишган. Бизга ҳеч ким осонликча очко бергани йўқ. «Металлург»га қарши кечган ўйинга келсак, ўша учрашувда ҳам ҳалол ўйнаганмиз. Ҳисоб рақиб фойдасига 0:2 бўлганида шахсан ўзим ғалабадан умид узиб бўлган эдим. Ке-йин эса омадимиз келди ва ғалабага эришдик. Шундай экан, биз тозамиз, деб айта оламан. Ундан кейин ҳам жуда қийин ўйинлар ўтказдик. Қаршида «Насаф» билан бўлган ўйин (1:0) жуда оғир кечди ва ҳатто дуранг ўйнаганимизда ҳам чемпионликни бой берардик. «Машъал» билан ҳам худди шундай оғир ўйин бўлди (2:1). Футболчиларимиз ҳар бир баҳсга бор кучини жамлаб чиқди. Биз ҳалол ўйнадик, қолганидан эса бехабарман...

НУРУЛЛОҲ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:43, 22.12.2015.
Ўқилди: 4575 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.