Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Алишер Файзиев:«Жорий йил ҳам омадли, ҳам омадсиз келди»

Баҳо:
+ | -

Йил сўнгида ҳар бир соҳада ортда қолган мавсумни сарҳисоб қилиш, ютуқ ва камчиликлар таҳлили, янги йил режаларини тузиш кузатилади. Миллионлар ўйини ҳам бундан мустасно эмас. Қуйида 2015 йили аёллар футбол жамоамиз кўрсатган натижаларга назар ташлаймиз. Бу борада бизга қарийб 30 йилдан бери аёллар ва соҳил футболи ривожига ҳисса қўшиб келаётган таниқли ва тажрибали мутахассис Алишер Файзиев яқиндан ёрдам берадилар.

- Алишер ака, якунига етиб бораётган 2015 йилги мавсум аёллар терма жамоаларимиз учун қандай келди?

- Бугунги кунда 4та ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз бор. Улар учун 2015 йил ҳам омадли, ҳам омадсиз ўтди, дейиш мумкин. Олимпиячиларимиз март ойида Иорданиянинг Амман шаҳрида ўтказилган Олимпиада-2016 саралаш баҳсларида иштирок этишди. Вакилларимиз 2-10 март кунлари бўлиб ўтган биринчи саралаш босқичида мағлубиятга учраб, иккинчи раундга чиқа олишмади. Ёшлар термамиз (U-19) 19-30 август кунлари Хитой мезбонлик қилган Осиё чемпионатининг финал босқичида қатнашдилар. Қизларимиз Японияга 0:6, Хитойга 0:4, Австралияга эса 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Якунда гуруҳдошларимиз - Япония ва Хитой финалга қадар етиб боришди ва келаси йилги 20 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди. 16 ёшли қизлардан иборат термамиз ҳам айнан Чин ўлкасида ташкил этилган Осиё чемпионатининг финал босқичида ўзини синаб кўрди. 4-15 ноябрь кунлари ўтказилган турнир биз учун нисбатан омадли келди. Аслида, бу ёшдаги вакилларимиз илк бор 2013 йилги қитьа чемпионатида иштирок этишганди. Ўшанда Жанубий Корея билан дуранг ўйнаб, Таиландга имкониятни бой бергандик. Бу йил 8та жамоа иштирок этган финал босқичида анча кучли гуруҳга тушдик. Корея ва Япония термаларига бир хил - 0:4 ҳисобида ютқаздик. Гуруҳнинг сўнгги ўйинида эса Хитой Тайпейини 3:0 ҳисобида енгдик. Бу - Осиё чемпионатларидаги биринчи ғалабамиз. Нафақат ўсмирлар, балки миллий ва ёшлар термаларимизга ҳам шу пайтгача финал босқичида зафар қучиш насиб қилмаганди. Баҳром Норсафаров бош мураббийлигидаги ўсмирларимиз бу нохуш анъанага чек қўйишди. Осиё чемпионатида ушбу мутахассисга Вячеслав Солохо ёрдам берди. Жамоа асоси Қаршининг «Севинч» ҳамда Муборакнинг «Машъал» жамоаси қизларидан ташкил топган. Менимча, мусобақага жиддий таёргарлик кўрилгани натижамизнинг ижобий кўриниш олишига сабаб бўлди. Осиёдан яна гуруҳдошимиз Япония ҳамда Хитой термаси қизлари жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди. Иордания эса жаҳон чемпионатида турнир мезбони сифатида иштирок этади. Шунингдек, жорий йил илк маротаба футзал бўйича аёллар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди. 17-26 сентябрь кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ташкиллаштирилган қитъа чемпионатида Аваз Мақсумов мураббийлигидаги футзалчи қизларимиз иштирок этиб қайтишди. Бу жамоамиз ўз гуруҳида Малайзияга 4:9, Эронга 1:9 ҳисобида имкониятни бой бериб, Гонгконг билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади.

- Аёл футболчилар билан ишлаш осон эмас. Уларга қаттиқроқ гапиришга ботина олмайсиз. Шу маънода, терма жамоаларимизда фаолият юритаётган мураббийлар ҳақида нима дея оласиз?

- 20 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида аёллар футболида ишлаб келяпман. «Севинч» билан улкан ютуқларни қўлга киритган таниқли мураббий Владислав Хан қаршиликлар устози сифатида 11 марта Ўзбекистон чемпионлигини нишонлаганига қарамай, бир фикрни тез-тез такрорлаганди: аёллар футболида ишлаш жуда мушкул. Тажрибали мутахассис шундай деяптими, демак бошқалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверди.

- Таъкидлаганингиздек, «Севинч» мамлакатимиз аёллар футболида етакчи ва бу мақомни ҳеч кимга бермай келяпти. Хўш, қаршиликларга рақобат кўрсата оладиган жамоа қачон шакллантирилади?

- Ўзбекистонда аёллар футболи ташкил этилганидан буён роппа-роса 20 йил ўтди. 1995 йили илк жамоалар пайдо бўлган, ўша кезлари Андижоннинг «Андижанка», Наманганнинг «Гулбаҳор», Тошкентнинг «Баҳор» клублари етакчи мақомида эдилар. 2000 йилларга келиб «Севинч» жамоаси ташкил этилди. Умуман олганда, Қашқадарёда ҳам аёллар, ҳам эркаклар футболига катта эътибор қаратилади. Вилоят раҳбарлари миллионлар ўйинини жуда севишади. Табиийки, бундай эътибор натижасида мазкур соҳада анча ўсиш кузатилди. Бир неча йилдан бери «Насаф», «Машъал», «Шўртан» жамоалари олий лигада воҳа шарафини ҳимоя қилиб келишяпти. Айниқса, «аждарлар» бу йил ўз тарихларида илк маротаба Ўзбекистон кубогини қўлга киритишди. 2011 йили эса ўзбек клублари орасида биринчи бўлиб ОФК кубогига сазовор бўлишганди. Буларнинг бари футболга қаратилаётган эътибор самараси. Ҳам эркаклар, ҳам аёллар футболига ўша даврлардан эътибор қаратила бошланди. Бугунги кунда «Севинч» футболчи қизлари барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимизнинг асосини ташкил этишади. Қаршида ажойиб база бор. Футбол билан шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё. Термаларимиз ўз йиғинларини асосан шу масканда ўтказиб келишяпти. У ерда ташкилий масалаларда ортиқча саволга ўрин йўқ. Бошқа вилоятларимизда ҳам вазият шундай тус олганида, аёллар футболида катта ютуқларга эришардик. Лекин афсуски, ҳамма жойда ҳам эътибор бирдек эмас. Шунга қарамай, миллий чемпионатимизда ўсиш кўзга ташланяпти, рақобат йилдан-йилга кучаймоқда. Биргина жорий мавсумни оладиган бўлсак, Бекободнинг «Металлург» жамоаси пешқадамга жиддий қаршилик кўрсатди. Ҳатто бекободликлар 15      ноябрь куни ўтказилган Ўзбекистон         кубогининг финал учрашувида      «Севинч»ни 4:3 ҳисобида енгиб, бош мукофотни қўлга киритишди. Шу тариқа етакчи клубга нафақат муносиб қаршилик кўрсатиш, балки уларни мағлуб этиш мумкинлигини ҳам амалда исботлашди. Бу уларнинг «Севинч» устидан қозонган иккинчи ғалабалари. Ўтган йили ҳам ушбу жуфтлик ўртасидаги баҳсда «Металлург»нинг қўли баланд келганди.

- Аёл мураббийларни тайёрлаш бўйича қандай ишлар олиб борил-япти?

- Бу борада ҳам айтишга арзигулик натижаларга эришилди. Мана, шу кунларда ФИФА инструктори Моника Штаб юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Германиялик таниқли мутахассис Қарши шаҳрида мураббийларга семинар ўтказди. Барча вилоятлардан саралаб олинган 30 нафар аёллар ушбу семинарда иштирок этиб, малакаларини оширишди. Штаб хоним шу йил Канадада ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам қатнашиб келди. Табиийки, ўша нуфузли мусобақалардаги янгиликлар, мураббийликдаги замонавий фикрлаш ва ишлаш услублари бўйича бизнинг мураббийларга сабоқ берди. Январь ойида худди шундай семинарни Андижонда ўтказамиз. Унга қўшни Наманган, Фарғона вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан мураббийлар таклиф этилади. Февралда эса пойтахтимизда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги мураббийлар учун семинар ташкил қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Моника Штаб 16 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоамиз билан алоҳида семинар ҳамда машғулот ўтказади.

- Алишер ака, суҳбатимизни бу йилги Ўзбекистон чемпионати мавзусида давом эттирсак. Олий лига якунлари бўйича хулосаларингиз қандай?

- Жорий йил мамлакат 21-миллий чемпионатини ўтказдик. Шу пайтгача олий лигада ҳеч қачон 12та жамоа иштирок этмаганди. Бу бизнинг аёллар футболи учун катта ютуқ. Жами 132та учрашув бўлиб ўтди. Якунда «Севинч» 21та ғалаба, битта мағлубият билан 63 очко тўплаган ҳолда Ўзбекистон чемпионлигини нишонлади. Қаршилик футболчилар чемпионатдаги ягона мағлубиятни сўнгги турда «Андижанка»дан қабул қилиб олишди - 1:2. Тўплар нисбати - 97:12. Иккинчи ўринни «Металлург» клуби эгаллади. Улар чемпионатдаги ҳар икки мағлубиятларини «Севинч»дан қабул қилиб олишди. «Андижанка» билан иккита дуранг қайд этишди. Бекободликлар 56 очко жамғаришди. Лекин эътиборлиси, тўплар нисбати «Севинч»никидан анча яхши. «Металлург» қизлари 22та ўйинда рақиблар дарвозасини 135 маротаба ишғол қилишди. Ўз дарвозаларидан эса 13та тўп олиб чиқишди. Кучли учликка «Андижанка» клуби якун ясади. Андижон жамоаси етти карра Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади. Ўн икки марта кумуш, 2 марта бронза медалига сазовор бўлган. Улар 22та учрашувдан 15тасида ғалаба қозондилар, тўртта дуранг қайд этиб, учта учрашувда мағлубиятга учрашди. Бу йил «Бунёдкор», «Олмалиқ», «Гули», «Бухоро», «Локомотив», «Нефтчи» жамоалари совринли ўринларни эгаллаган клубларга рақобат кўрсата олишди. Хоразмнинг «Тўмарис» клуби эса мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмади. Жамоа 22та учрашувнинг 21тасида мағлубият аламини тотиб кўрди. Битта учрашувда дуранг қайд этди. Қуйи дивизионда эса мавсум 21 ноябрь куни якунланди. Олтита жамоа қатнашган биринчи лигада жами 30та учрашув ўтказилди. Якунда Наманганнинг «Навбаҳор Лочин» жамоаси 73 очко билан биринчи ўринни эгаллаб, чемпионатнинг кичик олтин медалларини қўлга киритди. Термизнинг «ТерДУ Сурхон» жамоаси қизлари 69 очко билан иккинчи ўринни банд этишган бўлса, кучли учликка «Жиззах» жамоаси 42 очко билан якун ясади. Айнан мана шу учта жамоа келаси йилги мавсум олий лигада иштирок этадилар. Тўпурарлар баҳсида «Навбаҳор Лочин» ҳужумчиси Маржона Абдусатторова 25та гол билан биринчи ўринни қўлга киритди. «ТерДУ Сурхон» жамоасининг икки аъзоси - Дилафрўз Тошпўлатова ва Моҳинур Бахтиёрова эса 18тадан гол билан кейинги поғоналарни эгаллашди.

- Бу йил ўзини кўрсата олган уч нафар футболчининг номини айтсангиз.

- Менимча, жорий мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида Людмила Карачикни айтиш ўринли. Бу футболчи қизимиз ёш бўлишига қарамай, жорий йилги чемпионатнинг кашфиётига айланди. Людмила 66та гол билан чемпионат тўпурарлигини қўлга киритди. «Металлург» ҳужумчиси 22та ўйинда рақиблар дарвозасини шунча марта ишғол қилган. Бундан ташқари, Карачик кубок баҳсларида 13та, суперкубокда эса битта гол уришга муваффақ бўлган. Шундай сермаҳсулликнинг охирги марта қачон кузатилганини эслай олмайман. У ҳар томонлама рекордчига айланди. Карачик келаси йили миллий термада ҳам дебютини ўтказиши керак, унга бош жамоа таркибида катта ишонч билдиряпмиз. Жуда иқтидорли ўйинчи. Ҳар икки оёғида бир хил зарба бера олади. Айнан Людмилани 2015 йилги мавсумнинг энг яхши аёл футболчиси, дея эътироф этаман. Иккинчи ўринга эса Зебо Жўраевани қўяман. «Севинч» сардори 36та гол билан чемпионат тўпурарлари рўйхатида иккинчи бўлди: Карачикдан нақд 30та кам гол урди. Қарши жамоаси шарафини 10 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида ҳимоя қилиб келяпти, жуда тажрибали футболчи. Олий лига ўйинларида 22та тўп киритган «Металлург» жамоасининг фахрий футболчиси Наргиза Абдурасуловани эса учинчи ўринга қўяман. Бу тажрибали футболчимиз фаолиятини ўтган асрнинг 90-йилларида «Андижанка» клубида бошлаган. Ҳалигача ёшлар билан биргаликда ўйнаб, уларга ўрнак бўлиб келяпти. Мана шу уч нафар футболчининг 2015 йилда кўрсатган ўйини менга кўпроқ маъқул келди.

- Келгусидаги режаларга ҳам тўхталсангиз. Янги мавсум жамоаларимизни қандай мусобақалар кутмоқда?

- 2016 йилда миллий термамиз саралаш мусобақасида иштирок этади. Ушбу жамоага, асосан, жорий мавсумда ўзини кўрсатган ёшларни жалб этмоқчимиз. Улар орасида албатта Людмила Карачик ҳам бор. Ўсмирлар ва ёшлар термалари таркибида мавсумни яхши ўтказган футболчилардан айримларини бемалол миллий жамоага чақирса бўлади. 19 ва 16 ёшгача бўлган термаларимиз Осиё чемпионатининг саралаш мусобақасида иштирок этишади. Шу ўринда ўсмирларимизнинг бу йилги иштирокига қайтмоқчиман. Келгуси йили Иорданияда 17 ёшли қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Мундиал мезбонлари бу йил Тошкентда йиғин уюштириб, унинг доирасида терма жамоамиз билан иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди. Эътиборлиси, ҳар иккала ўйинда ҳам иорданияликларни мағлубиятга учратдик. Ўшанда Иордания терма жамоаси бош мураббийи қизларимизга тан берганди. Франция ва Германияда ушбу юрт термалари билан дуранг ўйнаган жамоа Тошкентга келиб, ўсмирларимизга ҳар иккала учрашувда ҳам ютқазди. Бу қизларимизни ёрқин келажак кутяпти. Дарвоқе, футзал бўйича терма жамоамиз ҳам қитъа чемпионатларида иштирок этади. Олий лигада эса иштирокчилар сонини оширмоқчимиз. Камида 14та жамоа қатнашишини таъминлай олсак, мақсадларимиздан бирига етган бўлардик. Ўйин қанча кўпайса, футболчиларнинг маҳорати ва тажрибаси ҳам шунчалик ошаверади. Ҳакамлар масаласида ўсишга эришяпмиз. Бугунги кунда 12 нафар аёл ҳакамларимиз олий лига ўйинларини бошқариб боришяпти. Бир сўз билан айтганда, 2016 йилги футбол мавсумидан умидларимиз катта.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:44, 24.12.2015.
Ўқилди: 2781 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.