Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

Мағлубиятдан қувониш ёки «Стэмфорд Бриж» нега куйлаяпти?

Баҳо:
+ | -

Футбол - сеҳрли жумбоқ ва доим ҳам муайян мантиққа асосланавермайди. Бу гап унинг мухлисларига ҳам дахлдор. Мисол учун, айни пайт «Стэмфорд Бриж»да сукунат ёки хавотир ҳукм суриши керакдай. Ахир амалдаги чемпион - «Челси»нинг ҳозирги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Шунга қарамай, «аристократлар» мухлислари стадионда барибир, ўта фаоллик кўрсатишяпти, қўшиқ куйлашдан тўхташмаяпти, қисқаси, байрамни ўрнига қўйишяпти. Бир қарашда, лондонликлар гўёки, севимли жамоалари муваффақиятсизликларидан янада кўпроқ завқ олишаётгандек. Қуйида шу ҳақда сўз боради. Хўш, инглиз мухлислик маданиятининг моҳияти қандай?

Унутилган рекорд

«Челси»нинг уй учрашувларига ташриф буюрувчи кўпсонли мухлислар кейинги 10 йиллик давомида нархи тинмай ошиб борган пиво баробарида ёрқин ғалабалар шаробини ичишди. Шунингдек, енгилмаслар мақоми ва турли янги рекордлардан ғоят шодланишди. Қарангки, жорий мавсум стартида ҳаммаси бирдан ўзгарди-қолди. «Саутгемптон», «Ливерпуль», «Кристал Пэлас», «Борнмут» - бу клубларнинг барчаси лондонликларни ўз майдонларида, яъни мухлислари кўз ўнгида енгишди. Дейлик, «Кристал Пэлас» охирги марта бундан 33 йил олдин шундай фараҳбахш ғалабани тантана қилганди. «Норвич» билан ўйин тугашига 20 дақиқача вақт қолган пайт бутун стадионда асабийлик сезилди», - дейди Иен Эдвардс (ушбу мухлис йиллик абонементга эга). У Лондон клубига мавсум-1988-1989да кўнгил қўйган. «Кўклар» айнан ўшанда олий дивизионга кўтарилишганди. Эдвардс ўз гапини шундай давом эттиради: «Асабий бўлишга не ҳожат? Ахир бу «Норвич»-ку» қабилидаги тушунча бизга тинчлик бермасди. Умуман, ҳеч ким якуний муваффақиятга ишонмаётганди. Энг қизиғи шуки, бизга айнан шундай ўйин, шундай асабийлик ёқди. Ҳаттоки, аввалги ғалабали юришлар давридагидан ҳам кўпроқ завқланаётгандекмиз. Чунончи, ушбу ҳолат стадионга севимли клубимиз ғалаба қозонаётгани учунгина тушмаётганимизни исботлаш учун ажойиб имкониятдир. Зеро, ғалабалар одатий ҳолга айланган вақтда айнан мухлислар жамоа руҳини кўтаришлари хусусида гапиришга ҳам ҳожат қолмайди».

 

Ғалабалардан зерикиш

Ўтган мавсум стартида «Челси» шундай ажойиб ўйинлар кўрсатдики, ўша вақт ҳозирги ҳиссиётларни тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Умуман, мухлислардан ҳеч ким жамоанинг чемпион бўлишига шубҳаланмади. Эдвардснинг тан олишича, Моуриньо қайтишидан ке-йинги илк чемпионлик унинг 10 йил олдинги зафари каби мислсиз завқ улашмаган. «Мавсумнинг биринчи ярмида биз фаол кўриндик, аммо охирига бориб, эҳтиросларимиз анча сўнди. Бу табиий равишда бўлди. Қисқаси, ўтган мавсумдаги чемпионликдан кейинги эҳтирослар 2005 йили Моуриньо бошқарувида қўлга киритилган ўша ғалаба хурсандчилигига асло ўхшамади. Ўша вақтлар стадионга тушиб, чинакам эҳтиросга берилардик. Яъни улкан ғалабага дахлдор эканлигимизни яққол ҳис қилиб турардик. Ўтган мавсум эса шунчаки, ўйинга келиб, дўстлар билан пиво ичдик, футбол иккинчи масалага тушиб қолди, гўё. Ҳа, эҳтимол, буни ҳам роҳатланишга йўйиш мумкиндир. Бироқ биз ҳар қандай ҳолатда жамоамизнинг ғалаба қозонишини билар эдик. Танаффусгача ҳисоб очилмаса, трибуналардан ҳайқириқлар эшитиларди. Бу - жиннилик. Зеро, мухлислар ғалаба қозониш аслида осонгина юмуш эмаслигини унутиб қўйишганди. Тақдир ҳазилига қарангки, бундан 12 ой муқаддам Жозе Моуриньо стадиондаги муҳитдан нолиганди. Дейлик, «Челси» «Стэмфорд Бриж»да «КПР»дан устун келгач, ўйиндан сўнг мураббий мухлислар фаол эмасликлари ва жамоаси «бўм-бўш» трибуналар остида ўйнагандек бўлганини айтганди». Мана, энди ойдинлашдики, мухлисларни фаолликка чақириш, стадионда «тирик» муҳит яратиш анча осон экан. Бунинг учун шунчаки, 2-3та ўйинни бой бериш кифоя қилди. Демак, португалиялик мутахассис жорий мавсум шу ишни қойиллатди. Ҳа, унда плюс жиҳати бор, барибир.

 

Ҳамдард «Олд Траффорд»

Наҳотки, дуч келган рақибни тинмай «калтаклайдиган» клубдан кўра, қийналиб-қийналиб очко олувчи жамоани қўллаб-қувватлаш ёқимлироқ бўлса? Эҳтимол, айримлар учун худди шундайдир. «Доимий ғалабалар муаммоси шуки, бу ҳолатда энг экстраординар ўйин ҳам эски қолипдагидек кўринади. Яъни ҳаммаси оддийлик, одатийлик касб этади - дейди 18 йилдан буён «Манчестер Юнайтед»нинг йиллик абонементини сотиб олаётган ашаддий фанат Жеймс Холл. - Шундай ҳолатлар бўлганки, биз «Олд Траффорд»га 2,3 ёки 4та гол кўришни ўйлаб, йўл олардик. Мухлислар шунчаки, трибуналарда ўтириб, футболчилар имо-ишора орқали барчани «уйғотиш»ларини кутишарди. Бу нотўғри ёндашув». Холл ҳақ, аммо бу кучли жамоалар фанатлари учун одатий ҳол. «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Челси», «Арсенал» ёки «Ливерпуль» жамоалари ўз майдонларида кучсизроқ рақиб билан ўйнасалар, стадионда ақл бовар қилмас муҳит юзага келишини кутишдан маъно йўқ. Гоҳида умумий ҳолат назоратдан ҳам чиқиб кетган: 2014 йилнинг апрелида «Олд Траффорд»да махсус «куйловчи секция» очишга ҳам қарор қилишди. Бу нарса бошқа жамоалар мухлисларининг кулишларига сабаб бўлди. Эндиликда «Юнайтед» тарафкашларини битта мақсад бирлаштириб турибди - жарангдор қўшиқ орқали футболчиларни олдинга чорлаш. Улар ҳужумнинг якуний палласида шунчаки, «Гол», дея бақиришади. «Авваллари аксарият меҳмон жамоаларнинг «Олд Траффорд»да «автобус» усулини қўллашларини кутардик. Бироқ бундай вақтлар ортда қолди. Зеро, ҳар қандай ҳолатда ҳам, «МЮ» ғалаба қозониш йўлини топарди. Энди эса фанатлар шунчаки, жим ўтирганча гол кутишмайди, аксинча, севимли жамоалари ғалаба қозониши учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишади». Холл-нинг бу гаплари «Олд Траффорд»да ҳам қийин ғалабаларни кўпроқ ёқтиришларига далил.

 

«Сити» еттинчи осмонда

Манчестернинг бошқа тарафида умумий кайфият зўр. Бундай кўтаринкилик анчадан буён кузатилмаётганди. Биринчи дивизионнинг 1968 йилги ғолиби ўз фанатларини улкан ғалабаларни жуда кўп кутишга мажбур этди. Қизиқ, юқоридаги кураш яхшимикан ёки унга кўтарилиш ҳаракати? «Шахсан мен ушбу даврни ҳеч нарсага алмашмайман. «Сити»га муҳаббатим туфайли одамлар доимий тарзда устимдан кулишарди. Айримлар эса мухлислик танловимдан ҳайрон қолишарди. Хотиним ҳаттоки, «Юнайтед»га ўтиб кетишимни хоҳларди. Мен эса доимо ҳали «Сити»нинг вақти ҳам келишини, жамоамга тенглашадиган куч топилмаслигини таъкидлардим. Асосийси, бунга ўзим ишонардим. Мана, шундай бўлди. Дейлик, 2011-2012 йиллар мавсумининг охирги куни Серхио Агуэро «КПР дарвозасини ишғол қилганидан сўнг «Сити» фанатлари бошдан ўтказган эҳтиросни таърифлашга тил ожиз. Спортда ҳеч нарса бу ҳиссиётларга тенг бўлолмайди» - The Manager муаллифи ва «Манчестер Сити»нинг ашаддий мухлиси Майк Карсон шундай фикрда. У шунингдек, узоқ вақтдан буён илк марта мағлубият эҳтиросини ўзларида синаб кўришаётган «Челси» мухлисларини қўллаб-қувватлайди: «Агар сен катта клуб тарафкаши бўлсанг, омадсизлик даври тезда ўтиб кетишига шубҳа қилмайсан. Чунки севимли клубинг мақоми унга ғалабаларни кафолатлашига ишонасан. Ҳаттоки, «Сити»да ҳам ўхшовсиз стартдан сўнг шундай ҳолат кузатилди. Яъни Венсан Компани сафга қайтгач, барчаси ўз изига тушишига яққол ишондик. Чунончи, бундан олдин «Сити»нинг омадсиз даври 10 йиллаб давом этди, бу ёғига кўпи билан 5та ўйинга чўзилиши мумкинлигини биламиз». Ҳозир «Сити» фанатлари хурсандчилик қилиб, қўшиқ куйлашяпти. Улар бунга ҳақлилар. «Челси» мухлислари эса бу вақтда ўз жамоаларининг ночор аҳволидан тушкунликка берилмаяптилар. Улар зинҳор қўл кўтариш, бошқача айтганда, клубдан қўл тортишга шошилмайдилар. Ҳа, футбол шундай мўъжизакор ўйин - уни гоҳида мағлубиятлар учун севиб, ардоқлашади.

Манба: Footballhd.ru,

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:17, 25.12.2015.
Ўқилди: 3795 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.