Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Андрей Фёдоров:«Ҳар ким ўз ишини қилса…»

Баҳо:
+ | -

Сешанба куни ЎФФ анжуманлар залида 25-миллий чемпионатимиз олий лигасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда келаси мавсумда ҳам элитада 16та жамоанинг икки даврали тизимда иштирок этиши маълум қилинди. Биз қуръа ташлаш маросимидан сўнг «Нефтчи» жамоаси бош мураббийи Андрей Фёдоровдан интервью олдик. Олдинга ўтиб шуни айтиш керакки, Фёдоров айнан қуръа ташлаш маросими куни Москвадан УЕФАнинг ПРО гувоҳномаси учун ташкил этилган курсларни тамомлаб, Тошкентга қайтиб келганди.

- Қуръа одатдагидек ўтди, - дея сўз бошлади А.Фёдоров. - Мавсумнинг илк ўйинини сафарда, иккинчи турни ўз майдонимизда ўтказамиз. Рақибларни билиб олдик. Ҳар йили қуръа пайтида айтиладиган гаплар. Ҳеч қандай янгилик эшитмадим. Муҳими, қуръа баҳона анчадан бери кўришмаётган дўстларимиз билан учрашдик, дилдан суҳбатлашдик, фикр алмашдик.

- Қуръа натижасига кўра, илк турдаёқ жиддий рақиб - «Бунёдкор»га қарши майдонга тушасизлар...

- Ҳар бир жамоа билан мавсум давомида икки маротабадан тўқнаш келамиз. Эртами-кеч, барибир, шу клуб билан ўйнашимиз керак. Балки, мавсумнинг илк учрашувини кучли жамоага қарши меҳмонда ўтказиш ҳам бир томондан фойдалидир. Ҳаммаси мавсумга қандай тайёргарлик кўришимизга боғлиқ.

- Андрей Витальевич, ўтган мавсум жамоанинг иштирокидан ўзингиз учун қандай хулосаларни чиқардингиз?

- Шахсан менга профессионал клубнинг бош мураббийи сифатида ишлаган илк мавсумим омадли келди, деб айта оламан. Журналистлар томонидан ой мураббийи, деб топилдим. Ҳали ишлашда давом этишим, изланишим керак. Бир жойда тўхтаб қолиш йўқ. Сиз мураббийлик қилаётган жамоанинг натижаси, муваффақияти қандай ишлаётганингизни кўрсатиб беради.

- «Нефтчи»нинг тайёргарлик режаси тасдиқландими?

- Мен бугун Москвадан учиб келдим. Ҳали Фарғонага ҳам бормадим. Эртага клуб раҳбарлари билан учрашиб, янги мавсум режаларини тасдиқлаб оламиз. Режамизда хорижда ўқув-машғулот йиғини ўтказиш бор. Лекин унинг амалга ошиши фақат бизга боғлиқ эмас. Аслида, Туркияда йиғин ўтказишни мақсад қилгандик. Бу масалани ҳали кўриб чиқамиз.

- «Нефтчи» анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Фарғона вилояти ҳокими кубогида иштирок этадими?

- Албатта, қатнашамиз. Шу пайтгача асосан, ушбу турнирда асосий таркиб иштирок этиб келган. Бу йил ҳам шундай бўлади. Кўрик учун таклиф этилган янги футболчиларни ҳам синаб олиш учун бу муҳим мусобақа ҳисобланади.

- Жамоани кимлар расман тарк этди? Қайси футболчилар кўрик учун таклиф этилган?

- Бу савол ҳали очиқлигича қолмоқда. Айтиб ўтганимдек, бугун Москвадан учиб келдим. Фарғонага боргач, клуб раҳбарлари билан учрашамиз ва янги мавсум режаларини тузиб оламиз. Шунга қараб, қайси футболчиларни жамоада олиб қолиш, кимларни таклиф этиш масаласига ойдинлик киритамиз. Тез орада барча ташкилий масалалар кўриб чиқилади.

- УЕФАнинг ПРО курслари учун ўқув жараёни қандай ўтди?

- Россия футбол иттифоқи томонидан Москвадаги мураббийлар олий мактабининг ПРО йўналиши бўйича ўқув курсларининг якуний босқичи Швейцариянинг Ньюн шаҳрида ташкил этилганди. Ушбу амалий курсларда бевосита иштирок этдим. Унда мен ва россияликлардан ташқари, Литва, Латвия, Эстония ва польшалик ёш мураббийлар ҳам таҳсил олишди. Бизга ФИФА инструкторлари, таниқли футбол мутахассислари, юқори савияли мураббийлар маърузалар ўқишди. Ўқиш давомида Швейцарияда жойлашган УЕФА қароргоҳида меҳмон бўлдик. У ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдик. Мана, бугун дунёнинг исталган давлатида ишлаш ҳуқуқини берувчи ПРО мураббийлик гувоҳномасини қўлга киритиб, Тошкентга қайтиб келдим. Биласизми, ўқиш ҳамиша фойдали бўлиб келган. Ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Кейин ўқишнинг эрта-кечи йўқ. Ўзим учун янги билимларни олдим. Энди уларни қанчалик амалиётга татбиқ эта оламан, бу бошқа ва шу билан бирга асосий масала.

- «Рубин» клубида ишлаган вақтингизда асосан селекция ишлари билан шуғулланардингиз. Бугунги кунда «Нефтчи» жамоасида ҳам бу жараён давом этяптими? Мавсум давомида кўз остингизга олган ўйинчиларни клубга таклиф этишни режалаштирганмисиз?

- Бундай футболчилар бор. Менга «Рубин»гача ҳам ўйнаган жамоаларимда селекция жараёни 365 кун давом этади, деб ўргатишган. Ҳеч бир мураббий таркиб масаласида 100 фоиз қониқиш ҳосил қилмаган. Ҳамиша нимадир етишмай келган. Шундай бўлиши ҳам керак. Акс ҳолда, иш тўхтаб қолади. Жумладан, мен ҳам ҳамиша таркибни кучайтириш ҳақида ўйлайман. Лекин ҳозир аниқ исм-шарифларни айтишдан ўзимни тияман. Чунки, бу футболчиларнинг ўзларига салбий таъсир қилиши мумкин. Тез орада ўзингиз ҳам машғулотларда янги футболчиларни кўриб қоласиз.

- «Нефтчи»нинг энг тажрибали футболчиси Акмал Холматов фаолиятини якунлайдими ёки янги мавсумда ҳам ўйнаш нияти борми? У билан бу мавзуда гаплашдингизми?

- Билишимча, у янги мавсумда ҳам ўйнаш истагида. «Куч-қувватим етганича ўйнайман, ўйинимда пасайиш кузатилиши ҳамоноқ ёшларга жойимни бўшатиб бераман», деяпти. Ҳали бу мавзуда у билан яна гаплашамиз.

- Аксарият клубларда бош мураббийлар ўзларининг ишлари қолиб, ташкилий масалалар билан ҳам шуғулланиб юришади. Албатта, ўзлари хоҳлаб эмас, мажбурликдан шундай йўл тутишади. «Рубин»­да ишлаб юрган кезларингиз бундай ҳолатга дуч келмагансиз. Айтмоқчи бўлганим, бизнинг шундай футболга кўникиб кетдингизми?

- Ҳамма нарсанинг даъвоси вақт. Ўйлайманки, бизнинг клубларда ҳам ўзгаришлар бўлади. Ҳамма ўз ишини бажарадиган давр келади. Бош мураббий бошқа ишларга чалғимасдан ўз ишини қилса, аминманки, натижалар яхши бўлади.

К.Алимов суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:59, 28.12.2015.
Ўқилди: 4154 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.