Олий лига жамоалари декабрдан бошлаб янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборишди. Айрим жамоалар дарҳол таркибни кучайтиришга киришди. Асосан кучли жамоалар доимгидек, фаол бўлишмоқда. Кеча олий лига жамоалари томонидан амалга оширилган трансферлар хусусида сўз юритгандик. Бу мазкур трансферлар қолганлари тўғрисида ҳам хабар берамиз.
Зоҳир Қўзибоев (Насаф)
Қўзибоев ўтган мавсумни Машъалда ажойиб ўйинлари билан кўплаб клубларнинг қизиқишига сабаб бўлганди. Мавсум бошида унга Насафдан қизиқиш бўлди. Шундан сўнг Қўзибоев иккиланишларсиз қаршиликларнинг таклифини қабул қилди. Эндиликда Зоҳир Қўзибоев Насаф сафида голларини кўпайтириб боради. Умуман олганда, Илҳом Шомуродов, Азамат Алланиёзов ва Зоҳир Қўзибоевлар Насафнинг ҳужум чизиғида ажойиб тандем ҳосил қилишлари табиий.
Алибобо Раҳматуллаев (Қўқон-1912)
Ўтган йили Алибобо Раҳматуллаев учун мавсум омадсиз келди. Футболчи Пахтакор билан шартнома тузганди. Кейинчалик Бухорога бориб қўшилди. Жароҳати боис у ерда узоқ ўйнамади. Иккинчи даврани Навбаҳорда бошлаганди. Бир муддатдан сўнг унга Озарбайжон чемпионатида таклиф тушди. Раванда тўп сурган Алибобо яна ортига қайтиб келди. Хуллас, мавсум омадсиз келганди. Яқиндан бошлаб футболчи қўқонликларнинг машғулотларида иштирок этаётганди. Унинг ҳаракатлари мураббийлар штабига манзур келди шекилли, у билан шартнома тузилди.
Санжар Қувватов (Насаф)
Иқтидорли дарвозабон Санжар Қувватов Насафга ўтди. Аввалроқ Санжар Таиланд чемпионатида тўп суриши тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Кейинчалик у юртимизга қайтиб келди ҳамда Насаф билан шартнома тузди. Ўтган мавсумда Қувватов газчилар сафида 12 та учрашувда иштирок этганди. Асосан Ботир Носиров клубнинг асосий дарвозабони вазифасини бажариб келаётганди. Энди Санжар қаршиликларда Элдор Суюнов билан рақобатлашишига тўғри келади.
Илҳом Юнусов (Қизилқум)
Самарқандлик ярим ҳимоячи янги мавсумни Қизилқумда бошлайдиган бўлди. У ўтган йилнинг иккинчи даврасини Динамода ўтказганди. Бироқ самарқандликларнинг олий лигада қолишларига ёрдам бера олмаганди. Шундан сўнг Юнусовга навоийликлар томонидан таклиф келиб тушди. Маълум бўлишича, Илҳом Қизилқумда тўп суради.
Ўткир Юсупов (Нефтчи)
Нефтчининг асосий харидларидан бири сўзсиз Ўткир Юсупов бўлди. Ушбу дарвозабон Насафнинг заҳирасида кўп вақтини ўтказишига тўғри келди. Натижада мавсум тугаганидан кейин қаршиликлар сафини тарк этди. Унга Нефтчидан таклиф тушди. Фарғоналиклар Евгений Черемесин жойини Юсупов билан тўлдирди. Бу йилда чемпионатимизда хорижлик дарвозабонлар тўп сурмаслиги оқибатида Ўткир водийликлар сафини тўлдирди