Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Фидоийликнинг «Карлайл»ча кўриниши

Баҳо:
+ | -

2015 йил декабрь ойининг дастлабки ҳафталари Англиянинг шимолий-ғарбий қисмига «Десмонд» тўфони таҳдид солди ва бу табиий офат туфайли мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли тоза сувсиз, электр таъминотисиз жуда аянчли ҳолатда қолди. Эътиборлиси, маҳаллий «Карлайл Юнайтед» клуби футболчилари табиат инжиқликларига қарши мардонавор туриб, шундай ибратли ишларни амалга оширишдики, уларнинг бу фидойиликларини эътироф этиб, кўпчиликка ўрнак сифатида кўрсатишни жоиз деб билдик.

10 декабрь куни инглизлар диёрига «чақирилмаган меҳмон» - «Десмонд» тўфони ҳамла қилди. Кучли шамол (130 км|с) ва сув тошқини туфайли 3 киши ҳаёт билан видолашди. 43 мингга яқин уйлар электр таъминотисиз қолиб, темирйўл ва ҳаво рейслари қолдирилди. The Mirror нашри эса «Десмонд» келтирган зарарни 300 миллион фунтга баҳолади. Тўфоннинг асосий зарбасини Камбрия графлиги ва унинг пойтахти Карлайл шаҳри қабул қилди. Ушбу табиий офатдан сўнг Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ҳукумат номидан жабрдийдаларга мурожаат қилиб, ҳолатни ўнглаш учун барча имкониятлар ишга солинишини таъкидлади. «Десмонд» тўфонига қадар эса графликнинг энг севимли футбол клуби - «Карлайл Юнайтед»да қуйидаги воқеалар рўй бераётганди...

Эслатиб ўтиш лозим, пойтахт номи билан аталувчи жамоа тўртинчи дивизионда иштирок этади ва ушбу минтақада ягона профессионал клуб ҳисобланади. Шунинг учун «Брантон Парк» стадиони одатий ўйинлар вақтида мухлислар билан доим тўлиб-тошади. Лекин арена ортиқча ҳашам ва қулайликлардан холи бўлгани учун у ҳатто кучли жаладан кейин ҳам худди бассейнга ўхшаб қолиши барчага маълум. Кучли цунамидан кейин стадионнинг қандай ҳолатга тушиб қолганини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг...

Эҳтимол, бошқа мамлакатларда клуб аъзолари махсус хизмат вакилларининг стадионни тозалаб, тартибга келтиришини кутишар. Аммо «Брантон Парк» ходимлари офатдан кейин қўл қовуштириб ўтиришни ўзларига эп кўришмади ва оддийгина сув насослари ёрдамида майдон ҳолатини яхшилашга киришдилар. Бундан хабар топган «Сток Сити» клуби матбуот хизмати «твиттер» орқали уларга бассейндан қандай фойдаланиш кераклигини ўргатувчи видеоқўлланма юборишди. Албатта, ҳазил тариқасида. Аммо «Сток»нинг бу ҳазили «Карлайл»даги барчани - қоровулдан тортиб, таркибдаги энг машҳур футболчиларни ҳам ғазаблантирди. Шундан сўнг клуб тизимидаги барча машғулотларни йиғиштириб, стадионни тозалашга киришишди. Зеро, бир кундан сўнг клуб ёшларини «Донкастер Роверс»га қарши учрашув кутиб турарди. Ўша ўйинда меҳмонлар ҳали нами кетмаган майдонда жароҳатдан сақланиш учун ўзларини кескин курашлардан тийиб тўп суришди. Ҳамжиҳатлик туйғуси нима эканлигини англаган мезбонлар эса бор имкониятларни ишга солиб, рақибни мағлубиятга учратишди. Бу вақтга келиб, «Десмонд» роса авжига чиққан, «Карлайл Юнайтед» футболчиларини эса Англия кубоги доирасидаги «Уэллинг Юнайтед»га қарши сафар баҳси кутиб турганди. Албатта, «профессионал» мақомига эга меҳмонлар учун рақибни енгиш муаммо туғдирмади ва «Уэллинг» 5:0 ҳисобида таслим этилди. Лекин энг муҳим воқеа ўйиндан сўнг рўй берди: «Уэллинг Юнайтед» мухлислари етакчиси Гари Леман клуб ҳисобига тушган барча маблағни сув тошқинидан жабр кўрган «Брантон Парк» стадионини тозалаш учун сарфланишини маълум қилди.

Шу тариқа, жамоа Уэллингдан қайтар экан, «Карлайл Юнайтед» сардори Дэнни Грейнжер футболчиларга тақдим этилган пулни шаҳардаги муҳтож оилаларга туҳфа қилиб, стадионни биргаликда тозалаш таклифи билан чиқди. Табиийки, ушбу ғоя барчага бирдек манзур бўлди.

Хуллас, чоршанба тонгида стадион олдида челак ва латталар билан «қуролланган» 100дан ортиқ кўнгиллилар йиғилишди. Дастлаб иншоотга киргач, бу ердаги ҳолатни кўриб, донг қотишди. Аммо «кўпдан қуён қочиб қутулмас», деганларидек, тез орада ҳазил-ҳузуллар билан иш ҳам бошланиб кетди. Стадион майдонининг ҳолати бўйича масъул - жаноб Дэйв Митчелл эса дарвоза ортидан учта карп балиғини тутиб, «ўлжа» билан суратга тушишга ҳам улгурди. «Карлайл» дарвозабони Дэн Ханфорд эса машиналар турадиган жойни тозалаётиб, ўзининг севимли «тойчоғи» - оқ рангли BMWсини топиб олди. Энг қизиғи, тўфон унинг автомобилига ахлат қутисини юклаб қўйган экан! «Бу - бор-йўғи машина, холос. Кимлардир умр бўйи йиғиб-тергани, уйларидан жудо бўлишди», - деди Ханфорд.

Жамоанинг иккинчи дарвозабони Марк Гиллеспи эса стадиондаги ишлар якунига етгач, 15 нафар шериги билан шаҳар аҳолисига ёрдамга ошиқди. «Биз фуқароларга қўлдан келганча ёрдам бериб, уларнинг ғамларини аритмоқчимиз», - деди Гиллеспи.

Мазкур тадбирдан сўнг жонкуяр маҳаллий ишқибозлардан бири ўз «Твиттер»ида «Карлайл» - «Десмонд» - 1:0» кўринишида ёзув қолдирди. Албатта, бу ўша ўйиннинг қандай машаққатлар билан ўтганига ўзига хос ишора эди. Лекин «Карлайл Юнайтед» футболчилари тўлқинланиб кетган мухлисга янада кучлироқ, янада залворлироқ жавоб қайтаришди: «Ҳа, биз бу ўйинни ютдик. Аммо севимли стадионимиз учун кураш ҳали якунига етмади!»

Манба: FootballHD.ru, И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:00, 14.01.2016.
Ўқилди: 1894 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.