Қозоғистон футбол федерацияси миллий терма жамоа бош мураббийи лавозимига португалиялик собиқ футболчи ва ҳозирда ишсиз бўлган мутахассис Жозе Коусейруни таклиф этишни режалаштирмоқда.
Яқин вақт ичида томонлар музокара бошлаши айтилган.
Манбанинг ёзишича, терма жамоанинг амалдаги бош мураббийи Юрий Красножан билан шартнома муддат узайтирилмайди.
Красножан бошчилигида Қозоғистон терма жамоаси Евро-2016 саралаш босқичида олти жамоа ичида 5-ўринни эгаллади ва бу қониқарсиз натижа деб баҳоланди.
Қайд этиш керакки, Жозе Коусейру ҳам Юрий Красножан каби Москванинг "Локомотив" жамоасида ишлаган (2010-2011 йй). Ушбу 53 ёшли мутахассис ишлаган жамоалар қаторида "Порту", "Белененсиш", "Спортинг", "Эшторил", "Витория" каби португал жамоалари ҳамда Литванинг "Каунас", Туркиянинг "Газиантепспор" жамоалари бор. У 2008 йилдан 2010 йилгача Литва терма жамоасини бошқарган.
Бундан олдинроқ, Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийлигига номзодни танлашда интернет орқали сўровнома ўтказилиши ва мухлисларнинг фикри ўрганилиши маълум қилинганди.