Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ойбек Қиличев - «Перак»даги ўзбекистонлик иккинчи футболчи

Баҳо:
+ | -

Декабрнинг энг сўнги кунларида “Бунёдкор”нинг собиқ ҳужумчиси Воҳид Шодиев Малайзиянинг “Перак” клуби билан икки йиллик битим расмийлаштиргани эълон қилинган эди.

Куни кеча “Перак”даги ўзбекистонлик легионерлар сони иккитага етди. Бир йилдан буён Эроннинг “Пайкан” жамоасида тўп суриб келган ярим ҳимоячи Ойбек Қиличев Малайзия Суперлигаси вакили билан шартнома имзолади. Ойбекнинг ҳам шартномаси муддати икки йилни ташкил этади.

“Перак” барча янги футболчиларини жамоатчиликка таништириш маросимини Ипох шаҳридаги “Casuarina@Meru” отелида ташкил этди.

27 ёшли Қиличев янги жамоаси либосида илк учрашувини ўтказишга ҳам улгурди. “Перак” назорат ўйинида премьер-лиганинг PKNS клубини 2:0 ҳисобида енгди. Айтиш жоизки, Қиличев беллашувни фаол ўтказди ва ҳаммада анчагина яхши таассурот қолдирди.

Малайзия Суперлигаси баҳслари 13 февраль куни старт олади.

- “Перак” бошланажак мавсумда ўз олдига жиддий вазифалар қўяётгани менга манзур бўлди, - дейди Ойбек Қиличев. – Мен ва Воҳид Шодиевдан ташқари, клубнинг қолган икки легионерлари - бразилияликлар. Умид қиламанки, мени бу ерга таклиф қилган бош мураббий Шамсул Сааднинг ишончини тўла оқлаб, биз барчамиз Ипох шаҳри мухлисларига мавсум мобайнида ҳали кўплаб қувончли лаҳзалар туҳфа этамиз.



Қиличевнинг агенти Санъат Шариповнинг айнан ушбу битим ва умуман Малайзия трансфер бозоридаги вазият борасидаги фикрлари анча қизиқарли чиқди:

- Ойбек иқтидорли футболчи. Бир нечта позицияларда бир хил тўп сура олади. “Перак” мураббийлари ҳужумдаги Шодиев ва бразилиялик Элиас тандеми ортидаги зонада Қиличевни ўйнатишмоқчи. Улар ҳужумкор ярим ҳимоячи ролини айнан Ойбекка ишониб топширишмоқчи. Икки ҳамюртимиз бирга эканликлари эса уларга руҳий тарафдан катта фойда. Мен футболчиларимизга омад тилайман!

Шу ўринда кўпчиликнинг эътиборини бир муҳим нарсага қаратмоқчиман. Одатда бизнинг мухлислар Малайзия ёки Ҳиндистон каби мамлакатлар футболини менсимаймиз. Аммо шу бугунга келиб бу нотўғри, менимча. Уларнинг футболи, айниқса, клублар даражасидаги футболи, яъни ички мусобақалари жадаллик билан ўсиб бўлди ва яна ўсяпти. Миллионлар ўйини атрофидаги барча жабҳалар, айниқса, катта ҳажмдаги сармоялар бобида, футболни ишқибозларга завқли ва томошабоп қилиб туҳфа этиш масаласида улар анча олдинлаб кетишди. Стадионларга ҳар бир учрашувга 30-40 мингдан мухлислар тушишяпти. 12 декабрь куни ўтган Малайзия кубоги финалини “Шоҳ Алам” аренасида 80 мингдан зиёд ишқибоз томоша қилди (яна 20 мингдан ортиқ мухлис стадион дарвозалари ортида қолиб кетди!). Натижалар ҳам секин-аста келяпти. Мана, масалан, мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Жохор Дарул Таъзим” клуби 2015 йили ОФК кубогини қўлга киритди. Бу Малайзия учун Осиё клублари ўртасидаги турнирлардаги илк совриндир. Малайзия Суперлигаси ва премьер-лигасида Бразилия, Аргентина, Сербия, Хорватия, Черногория, Жанубий Корея, Япония, Австралия, Либерия, Мали, Камерун, Кот-д’Ивуар ва бошқа шу каби ўлкалардан бўлган юзга (!) яқин савияси баланд легионерлар тўп суришяпти.

Бизнинг ишчи гуруҳимиз бу ердаги турли мақомдаги ўйинларни бевосита келиб кузатиб туради: Малайзия миллий термаси, ОФК кубоги, чемпионат ва кубок ўйинларини стадионларда туриб кўриб борамиз, таҳлил қиламиз, бизнинг футболчилар имкониятларини солиштириб чиқамиз. Гапларимга ишонинг, бу ердаги каби кучли легионерлар ранг-баранглиги шу вақтгача Ўзбекистон чемпионатида бўлмаган (балки, Ривалдо даври бундан мустаснодир). Биз уларнинг футболини ичкаридан қанчалик яхши билмасак, ҳудди шундай тарзда, бизнинг футбол ҳам, миллий терма жамоамизни ҳисобга олмаганда, уларга тамомила ёт. Ўзбекистон чемпионати ҳақида уларда жўяли тасаввур йўқ. Бу ҳақиқат ва буни очиқчасига тан олиш керак.

Мен ўз фаолиятимда Малайзия трансфер бозорини энди-энди кашф этяпман. Бу ерга бирор бир футболчи трансферини амалга ошириш енгил эмаслигини кўпчилик барибир хаёлига яққол келтира олмайди. 90-йилларда Малайзияга Мустафо Белялов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Рустам Абдуллаев каби ўз даврида таниқли бўлган футболчиларимиз келишган ва жамоаларида етакчилар бўлишган. Кейин орада биздан Малайзияга ҳеч ким бормай қўйди. Мана, сўнги пайтда алоқалар яна ўрнатилмоқда. Аммо биздан борган футболчилар бу юртда муқим ўрнашиб олишга ҳозирча қийналишмоқда. Сабаби – юқорида айтганимдек, бу ерда хорижий ўйинчиларга қўйиладиган талаб жудаям кучли. Маҳаллийларга нисбатан легионерлардан икки баробар эмас, аксинча, уч-тўрт ҳисса кўп самара сўраляпти. Яхшики, малай халқининг менталитети бизники билан бир хил. Улар ҳам меҳмондўст, меҳрибон, муомалали халқ. Яъни маиший тарафдан ўзбек футболчилари янги муҳитга мослашиш деган муаммога дуч келишмаяпти. Улар олдида фақат битта, лекин энг муҳим масала қоляпти, холос – шунчаки чиройли футбол кўрсатиш.

***

Эслатиб ўтамиз, Жиззах футболи тарбияланувчиси саналмиш Қиличев шу пайтгача қуйидаги клублар шарафини ҳимоя қилган эди: “Трактор” Тошкент (2006-2007), “Пахтакор” (2008-2010, 2012-2013, 2014 йилнинг 2-ярми), “Андижон” (2011), “Аш-Шаъб” БАА (2013/2014нинг 2-ярми) ҳамда “Пайкон” Эрон (2014/2015нинг 2-ярми - 2015/2016нинг 1-ярми).

Манба: stadion.uz
Киритилди: 15:17, 15.01.2016.
Ўқилди: 2745 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.