"Арсенал" жамоасининг ўнг қанот ҳимоячиси Матьё Дебюши жорий трансферлар ойнаси вақтида жамоани тарк этишни истаётгани ҳақида айтиб ўтди. Унга энг кўп даражада қизиқиш билдираётган жамоа "Астон Вилла" бўлиб турибди.
"Бу тўғри маълумот. "Астон Вилла" менга қизиқиш билдираётган жамоалардан бири. Мен ҳар қандай таклифни кўриб чиқиш ҳолатидаман. Агар бирмингемликлар сафида ўйиним қовушмаса, ёзда яна "Арсенал"га қайтиб, ўйнашда давом этишим мумкин. Лекин ҳозир менга ўйин амалиёти керак. Мен ҳозир "Арсенал"да қола олмайман. "Астон Вилла" турнир жадвалининг охирги ўрнида турган бўлсада, бу жамоага ўтишим мумкин. Ахир ҳафтадан-ҳафтага Евро-2016 турнири яқинлашмоқда. Мен Россия ва Голландия терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинлари учун чақирув олиш умидидаман.
Шунингдек, "Байер" жамоасидан ҳам қизиқиш мавжуд. Энг муҳими кучли чемпионат вакили бўлган жамоада ўйнашим.
Мен ўтган йилнинг ёзида кетмоқчи эдим. Лекин Венгер мени қолишга кўндирди ва мен 6 ойни йўқотдим", дейди франциялик футболчи L'Equipe нашрига.
Маълумот учун, Дебюши 2014 йилнинг ёзида "Ньюкасл"дан "канонирлар" сафига келиб қўшилганди. Жорий мавсумда у жароҳатларидан фориғ бўла олмагани учун асосий таркибдаги ўринни Эктор Бельеринга топшириб қўйди.