Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мўъжизалар мамлакати ёки яна Қатар ҳақида

Баҳо:
+2 | -

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини ёритиш учун Дохага йўл олар эканмиз, икки мақсадни кўзлаган эдик - Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг мусобақадаги иштироки ва Қатарнинг ЖЧ-2022га кўраётган тайёргарлиги. Бу ниятнинг ҳар иккисига ҳам етдик, дейиш қийин. Боиси, олимпиячиларимизнинг мусобақадаги иштирокни эрта якунлашларини билиб олиш учун иккитагина ўйин кифоя қилди. Бундай вақтда кўп нарсага улгурмаслигингиз табиий ҳол. Шундай экан, мақсаднинг биринчиси батамом рўёбга чиқди, дея олмаймиз. Аммо иккинчи вазифани имкон қадар бажаришга ҳаракат қилдик.

Қатар

Бу мамлакат ҳақида сўнгги вақтларда турли гаплар айтилмоқда. Таъкидлаш жоиз, уларнинг аксарияти эртакка ўхшайди. Кимлар учундир бу зеб-зийнатга чулғанган, ажойиботлар ўлкаси. Бошқалар эса ЖЧ стадионларида хориж мамлакатлари фуқаролари ноқулай шароитда ишлаши туфайли Қатар ҳақида салбий таассуротга эгалар. Бу фикрнинг иккисига қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин.

Қатар шундай давлатки, бойлиги ҳаддан зиёд кўп, худуди эса тасаввур қилиб бўлмас даражада кичкина. Шу қадар кичикки, бор-йўғи 11 586 квадрат километрни ташкил этади. Солиштириб кўрадиган бўлсак, ўзимиздаги битта вилоят ундан каттароқ бўлиб чиқади. Қатарнинг бойликларига эса ундаги газ ва нефть захираси сабаб. Мамлакат газ захиралари бўйича дунёда экспорт қилиш бўйича эса 6-ўринда туради. Мана энди шунча бойликка яраша Қатар аҳолиси бир ярим миллион атрофида эканини назарда тутсак, у ердаги шароитни тасаввур қилиб олаверинг.

Энди стадионлардаги ҳалокатларга келсак. Қатардаги қурилишлар жараёнида бот-бот ўлим ҳолати учраб туриши бор гап. Аммо ўзимиз кўриб, гувоҳи бўлганимиздек, бу ерда хавфсизликнинг ҳамма талабларига имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиладилар. Иншоотлар атрофи ўралган, ҳар бир ишчи махсус ҳимоя кийими билан таъминланган. Аммо барибир, бахтсиз ҳодисалар учраб туришига мамлакатда ҳаддан ортиқ кўп қурилиш олиб борилаётгани сабаб бўлса керак. Бу ерда янги бино қурилишида ишлатиладиган техникани ҳар қадамда кўрасиз. Олиб борилаётган ишларни эса меҳмонхона деразасидан туриб ҳам кузатиш мумкин. Янги қурилаётган бинолар шу қадар кўпки, ҳатто ғишт ташиш учун уловлардан фойдаланилмайди ҳам. Ғишт заводдан қурилиш объектига тўғридан-тўғри ўзи юрадиган йўлаклар орқали келиб тушади. Йўлаклар шароитга қараб ер остидан ва устидан ўтказилган бўлиб, ғишт етишмовчилиги бўйича муаммо туғилиши мумкин эмас.

Аммо қурилиш кўп бўлгач, бирор бахтсиз тасодиф ҳам рўй бериши мумкин экан. Қатардан жаҳон чемпионати мезбонлигини олиб қўйиш истагидаги давлатлар эса бундан унумли фойдаланишга уринмоқдалар. Шу сабабли матбуотда Қатарда хорижлик ишчилар ҳуқуқи поймол этилаётгани ҳақида бонг урилмоқда. Албатта, бунда қатарликларнинг ҳам «ҳиссаси» бор. Сабаби, қурилишларга кўп ҳолларда ҳиндистонлик ва покистонлик ишчилар малакаси паст бўлса-да жалб этилаверади. Оқибатда, шундай кўнгилсизликлар рўй бериши мумкин.

Дарвоқе, Қатарда айни вақтда яшаётганларнинг фақат 20 фоизи асл қатарликлар. Қолганларнинг аксарияти эса ишлаш учун хориждан келишган. Айниқса, ҳиндистонликлар шу қадар кўпки, ҳатто кинотеатрларда ҳинд фильмлари таржима қилинмасдан, шундайича қўйилади.

ДОХА

Қатарда катта шаҳарлар кўп эмас. Аниқроғи, ягонаси - Доха. Пойтахтдан ташқарига чиқсангиз, кўзингиз фақат саҳрога тушади. Кичик шаҳарча ва қишлоқлар бор, аммо кўп эмас. Шу сабабли мамлакатга келган сайёҳлар фақат Доха сайри билан чекланадилар. Аммо барибир, сайёҳлик анча ривожланганини таъкидлаб ўтиш лозим.

Доха - мудом ҳаракатдаги шаҳар. Бу ерда ярим кечаси мотоциклнинг ҳайбатли, бўкириқ овозини эшитсангиз ҳайрон қолманг. Тунда Доха кўчаларида мотоцикллар пойгаси ўтказиб турилади. Ҳаваскорлар даражасида, албатта...

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Қатар - араб мамлакатлари орасида спортни ривожлантириш бўйича етакчи ҳисобланади. Шунинг учун бу ерда деярли барча спорт турини учратишингиз мумкин. Крикет дейсизми, теннис ёки кураш, ҳаммасидан бор. Қизиқ томони, ҳар бир клуб футболдан ташқари гандбол, теннис, стол тенниси, волейбол ва ҳатто, сув полоси жамоаларига эга. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатидаги ўйинларини ўтказган «Қатар СК» стадионини трансляция вақтида кўрган бўлсангиз керак. Гап шундаки, бу ўйингоҳ «Қатар СК»га тегишли иншоотлар ичида шунчаки «хамир учидан патир», холос. Яна бошқа бир қатор ареналари ҳам бор. Клубнинг офисига кирсангиз, совринларнинг кўплигидан бошингиз айланиб қолади. Гандбол, теннис, волейбол, баскетбол ва яна турфа спорт турларидан олинган мукофотлар олтинранг шкафларга териб қўйилган. Уларнинг кўплиги шу қадар ҳайратланарлики, томоша қилиб чиқиш учун бир соатча вақтингиз кетиб қолади. Аммо қизиқ томони, улар орасида футбол бўйича олинган бирорта совринга кўзимиз тушмади. Маълум бўлишича, қатарликлар бошқа спорт турларини ҳар қанча ривожлантиришмасин, барибир, футболга ўзгача нигоҳ билан қарашаркан. Миллионлар ўйинида қўлга киритилган совринлар ўзгача меҳр билан, алоҳида сақланишига қараганда шундай хулоса чиқариш мумкин.

МУНДИАЛ

Қатарнинг ҳудуди жуда кичиклиги ҳақида айтдик. Айнан шу масала мамлакат учун ЖЧ-2022ни қабул қилишда катта муаммо туғдириши мумкин. Ахир шунча одамни биттагина шаҳарга сиғдиришнинг ўзи бўладими? Бу ҳам майли, деярли барча инфратузилма бир шаҳар - Дохада жамлангани муаммо кўламини яна-да ошириб юборади.

Бу масала ҳатто бироз кулгили кўриниш олган. Сабаби, Қатар чемпионатида иштирок этадиган ҳамма жамоалар пойтахтнинг ўзида жамланишган. Юлдузлар лигаси ўйинлари битта шаҳарда ўтказилади. Бу ерда меҳмон бўлиб бошқа шаҳарга бориш шарт эмас. Жаҳон чемпионати ўйинлари шундай шароитда ўтишини тасаввур қила оласизми? Ахир одам кўплигидан кўчаларда машиналар тугул, одамлар ҳам тиқилиб қолиши ҳеч гап эмас-ку!

Айнан шу сабабга кўра ҳам мундиал мезбонлиги Қатарга берилганда кўплаб норозиликлар юзага келган эди. Аммо «пул бўлса, чангалда шўрва», дейдилар. Қатарликлар бунинг ҳам йўлини топганлар. Улар мундиал учун аллақачон бутун бошли янги шаҳар қуришни бошлаб юборганлар. Режага кўра, Лусаил деб аталадиган ушбу шаҳарда ЖЧ-2022нинг нафақат очилиш, балки финал ўйини ҳам ўтказилиши лозим. Бу номни эслаб қолинг, зеро 2022 йилда уни кўп бора эшитишимизга тўғри келади...

ЛУСАИЛ

Гарчи ушбу шаҳар жаҳон чемпионати учун атайлаб қурилаётгани айтилса-да, аслида, Лусаилга илк тамал тоши 2006 йилдаёқ қўйилган эди. Шундан буён Умм-Салал вилоятида бутун бошли шаҳар деярли тикланиб бўлди. Режага кўра, Лусаилда мундиалдан сўнг ҳам 450 минг киши яшаб қолиши керак. Айнан шу ерда мусобақанинг энг йирик стадиони барпо этилади ва очилиш ва финал ўйинлари бўлиб ўтади. Стадионга умумий ҳисобда 86 минг мухлис сиғиши мумкин. 455000 киши истиқомат қиладиган шаҳар учун жуда катта арена, шундай эмасми?

Лусаил «спорт шаҳри» сифатида аллақачон синовдан ўтиб бўлган. Бу ерда 2015 йилда гандбол бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилди. Эътиборингиз учун, ушбу мусобақада Қатар гандбол миллий терма жамоаси финалга қадар етиб келган. Ҳайратланарли натижа, шундай эмасми? Аммо энг ажабланарлиси шундаки, ушбу терма жамоа сафида бирорта ҳам қатарлик йўқ эди. Ҳамма спортчилар маҳаллийлаштирилган бўлиб, шунинг эвазига қисқа муддат ичида бундай йирик натижага эришилган.

ФИФАнинг собиқ раҳбари Йозеф Блаттер ушбу мусобақадан сўнг дарҳол баёнот билан чиқиш қилиб, 2022 йилда футбол бўйича бундай иш қилинишига йўл қўйилмаслигини айтган эди. Аммо энди Блаттер йўқ ва ким билади дейсиз, у вақтга бориб нималар бўлиб кетаркан?..

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ

Энди эътиборингизга Осиё чемпионати (U-23) ҳақида ҳам бироз маълумотлар бериб ўтсак. Гарчи олимпиячиларимиз мусобақада ўта муваффақиятсиз иштирок этган бўлсалар-да, бу ҳолат Қатардаги шароитлар ҳақида гапиришга халал бермаса керак.

Осиё чемпионатини ёритишда иштирок этарканмиз, энг аввало, ушбу мусобақа қатарликлар учун ЖЧ олдидан «репетиция» вазифасини ўтаб бераётганини тушуниб етдик. Шу мақсад йўлида хориждан кўплаб мутахассислар таклиф этилган. Ташкилотчилик соҳасида фаолият юритаётганларнинг аксарияти четдан келишган. Маҳаллий аҳоли вакиллари эса жуда кам.

Ташкилотчилар ҳамма масалада ёрдам беришга шай турадилар. Гарчи улар хушмуомала ва сабр-тоқатда япон ёки кореяликларга тенг кела олмасалар-да, аммо имкон қадар ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, «Ал Садд»даги медиа марказда бир нарсани унутиб қолдирган эканман. Эртаси куни бориб, марказ ходимларига мурожаат қилганимда, хушмуомалалик билан кўрмаганларини айтишди ва узр сўрашди. Аммо шу билан бирга бирортаси ўрнидан туриб, у ер-бу ерни кўришни ҳатто хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Тасанно! Шу ўринда Жанубий Кореяда рўй берган ҳолат ёдга келади. У ерда ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолганимда, сал қолса медиа-марказдаги барча ходимлар оёққа турган эдилар.

Аммо шугина факт билан Қатардаги шарт-шароитлар ҳақида салбий тасаввурга бормаслик керак. Бу ерда нафақат спортчилар, балки матбуот учун ажойиб шароитлар яратилган. Қатарликлар биргина журналист учун у стадиондан бунисига бориш учун алоҳида транспорт ажратишлари мумкин. Шунингдек, бош-қа шароитлар ҳам аъло даражада. Хуллас, бу ерда истаганча яйраб ишлаш мумкин.

Бундан эса шундай хулоса чиқариш мумкин - агар қандайдир сабабга кўра Қатардан 2022 йилги мундиал мезбонлиги олиб қўйилса, жуда катта хато бўлар эди. Зеро, Қатар - ЖЧ тарихидаги энг ажойиб мусобақани ташкил этиб бериши мумкин...

Зафар ҚОСИМОВ, Доха

«Интерфутбол» учун махсус

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:10, 23.01.2016.
Ўқилди: 8001 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.