«Манчестер Юнайтед» жамоаси раҳбарияти «Челси»нинг собиқ бош мураббийи Жозе Моуриньонинг вакиллари билан алоқага чиқди. Бу ҳақда Англия матбуотидаги энг жиддий нашрлардан бири The Times ёзган.
Хабар қилинишича, томонлар 2016 йилнинг ёзида Моуриньони манкунианликлар бош мураббийлигига олиб келиш имкониятларини муҳокама қилишган.
Лекин айни вақтда «МЮ» Луи ван Гаал раҳбарлигида жуда ёмон натижа қайд этаётгани жараённи тезлаштириши мумкин. Клуб раҳбарияти ёзгача кутиб ўтирмасдан Луи ван Гаални истеъфога чиқариши ва ўрнига Моуриньони олиб келиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин португалиялик мутахассис «МЮ» раҳбариятига ўзини ишга олишини сўраб, 6 саҳифали мактуб ёзгани хабар қилинган эди.