Хабар берганимиздек, бугун истеъдодли теннисчимиз Жўрабек Каримов Мельбурн шаҳрида якунига етган Австралия Очиқ чемпионатининг ўсмирлар ўртасидаги мусобақасида вице-чемпионга айланганди.
Ҳамюртимиз ҳал қилувчи финал учрашувида австралиялик теннисчига уч сет давом этган баҳс якунига кўра имкониятни бой бериб қўйди. Жўрабек Каримов финал баҳси якунига етгач, сайтимизга эксклюзив интервью берди.
— Ўзим севган турнирдаги натижамни янгиладим. Ўтган йили ярим финалга қадар етиб боргандим. Бу сафар эса финалда ютқаздим. Лекин бу галги мағлубият аввалгисига қараганда аламлироқ бўлди. Чунки, мақсад сари бир қадам қолганди.
— Уччала сет ҳам узоқ давом этмади. Сиз ва рақибингизнинг сетларда бу даражада енгил ғалаба қозонишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
— Очиғини айтсам, бунинг сабабини ҳозиргача топа олмаяпман. Энди ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юради. Лекин бир томондан Мельбурнда ўтказган вақтимдан хурсанд бўлдим. Австралия Очиқ чемпионати – энг севимли мусобақам ҳисобланади. Бу ерда ўзимни эркин хис қиламан. Бу галги иштироким узоқ давом этди ва бундан ўзим учун катта тажриба тўпладим. Нималар устида кўпроқ ишлашим кераклигини билиб олдим. Энди келаси йили бу турнирга катталар ўртасидаги баҳсларда иштирок этиш учун қайтишга ҳаракат қиламан.
— Ўсмирлар ўртасидаги мусобақада очко ва мукофот жамғармаси борми?
— Очко берилади, лекин мукофот жамғармаси йўқ. Тахминан 90 очко жамғарган бўлсам керак.
— Энди қайси турнирда иштирок этасиз?
— Ҳали бу борада бир қарорга келмадим. Эртага тақвимга назар ташлаб, бу ҳақида ўйлаб кўраман.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди