Хабарингиз бор, эртага, 9 февраль куни Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси ОЧЛ-2016 гуруҳ боқичига йўлланма берувчи ўрин учун учрашувда БААнинг “Аш-Шабоб” жамоасига қарши майдонга тушади.
Бугун мазкур учрашув олдидан ҳар иккила жамоа бош мураббийлар ва футболчилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Кайо Жуниор ва “Аш-Шабоб” футболчиси иштирок этишди.
- Ҳаммага ҳайрли кун. “Бунёдкор”ни Чемпионлар лигасининг “плей-офф” босқичида иштирок этаётганлиги билан табриклайман. Бундай ажойиб стадионда бўлиб турганимдан хурсандман. Мен “Бунёдкор” борасида бразилиялик дўстларим Сколари ва Зико билан гаплашдим. Улар “Бунёдкор” ҳақида жуда илиқ фикрларни айтишди. Рақиб кучли жамоа эканлигини яхши биламиз. Бир йил олдин бу босқичдан муваффақиятли ўтганлиги ҳам яхши эсимда. Биз натижага эришиш учун ҳаракат қиламиз. “Бунёдкор”нинг БААда ўтказган йиғини доирасидаги назорат учрашувларини кузатдим. Бироқ расмий ва ўртоқлик учрашувлари фарқ қилади. “Бунёдкор”нинг бўш нуқталаридан фойдаланиб қолишимиз керак. Шунингдек, БААда чемпионат баҳслари давом этаётганлиги бизга қўл келиши керак. Шу таркибимиз билан “Форс Кўрфази” кубогида ғолиб чиққандик. Чемпионатни 3-ўринда якунлагандик. Лекин негадир бу йилги ишларимиз кўнгилдагидек эмас. Шу боисдан ҳам асосий эътиборимизни Чемпионлар лигасига қаратмоқчимиз. Тарихни ҳурмат қиламан. Бироқ футбол бугунги кун билан ўйналади. Аввалги натижалар эса ҳеч қандай муҳим аҳамият касб этмайди. Ўйлашимча, жамоаларнинг имкониятларини тенг деб баҳолайман. Таркибимизда йўқотишлар йўқ. Бу эса мени хурсанд қилмоқда. Фаолиятим мобайнида энди биринчи маротаба Ўзбекистон клуби билан тўқнаш келяпман. Ўйлашимча, Осиёда Япония ва Жанубий Корея клублари кучлироқ. Ўзимизнинг минтақадан эса Эрон жамоаларига қарши ўйнаш оғир, деган бўлардим, - дейди Кайо Жуниор.
Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор” – “Аш-Шабоб” баҳси эртага Тошкент вақти билан 17:00да старт олади.