«Интер» ҳимоячиси Алессандро Бастони «Барселона»га ўтиш учун бош мураббий Ханс-Дитер Флик билан шахсан суҳбатлашмоқчи.
Mundo Deportivo нашрининг хабар беришича, каталонияликлар 27 ёшли футболчини ёзда ҳам сотиб олишга уринган. Бастони трансферга рози бўлган, бироқ Флик келишувни маъқулламаган. Бу қарор ҳимоячини қаттиқ хафа қилган.
Эндиликда «Барселона» музокараларни қайта бошлашга тайёр. Аммо Бастони аввало Фликнинг уни жамоада кўришни исташига ишонч ҳосил қилмоқчи.
Италиялик футболчи жорий мавсумда 11 та ўйин ўтказган. Унинг бозор қиймати 65 миллион еврога баҳоланмоқда.













