Шифокорлар - спортда ўз ўрнига эга инсонлар. Уларсиз миллионлар ўйинини тасаввур қилиб бўлмайди. Футбол нафақат дриблинг ёки техника, балки аёвсиз кураш майдони ҳамдир. Шундай экан, шифокор ёрдамисиз ҳеч бир футболчи фаолиятини давом эттира олмаган бўларди. Бугунги саҳифамиз меҳмонлари эса нафақат спортчилар соғлиғини муҳофаза қиладилар, балки ўзлари ҳам футбол билан мунтазам шуғулланиб борадилар.
ШИФОКОР-ФУТБОЛЧИЛАР
Футзал бўйича ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган Тошкент шаҳар биринчилигида бу йил шифокорлар жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Аммо бу ғалаба соғлиқ посбонлари эришган муваффақиятлар ичида ягона эмас. Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази базасида ташкил этилган жамоа бунга қадар икки марта халқаро мусобақаларда ҳам қатнашган ва ғолибликни қўлга киритган эди. Ҳа, профессионал футболчиларимиз учун ҳозирча фақат орзу бўлиб қолаётган ғалабалар улар учун «чўт» эмас. Мамлакатимиз шифокорларидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси 2013 йилда Жанубий Корея термасини 6:4 ҳисобида мағлуб этган эди. 2014 йилда эса Россияда ўтказилган халқаро мусобақада Россия, Украина ва беларуслик ҳамкасбларидан устун келиб, ғолибликни қўлга киритишди. 2015 йилда эса худди шундай мусобақа Тошкентда ташкил этилди ва бу сафар ҳам уларга бас келадиган рақиб топилмади.
Эътиборли томони, ўша мусобақада ўзбекистонлик шифокор-футзалчиларга 4:1 ҳисобида имкониятни бой берган Чехия терма жамоаси орадан бир ой ўтиб, АҚШда ташкил этилган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган эди. Чехлар аслида, Тошкентга жаҳон чемпионати олдидан йиғин ўтказиш мақсадида келган эканлар. Ким билади дейсиз, балки ҳамюртларимизга қарши ўтказилган ўша ўйиндаги тажриба уларга мундиал ғолиблигини келтиргандир.
Мана энди, Ўзбекистон шифокорлар терма жамоаси ҳам Испанияда ўтадиган мундиалга тайёргарлик кўрмоқда. Насиб қилса, ёзда ҳамюртларимиз Каталониянинг Барселона шаҳри мезбонлик қиладиган XII жаҳон чемпионатида иштирок этадилар. Мана шу мусобақа олдидан шифокор-футзалчилар тайёргарликка зўр беришган. Қуйида улар билан танишиб олишингиз мумкин.
Темур КАБУЛОВ (ҳужумчи, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган хирургия маркази хирурги)
Темур Кабулов 2007 йилдан буён «РИХМ» шифокорларидан тузилган жамоа шарафини ҳимоя қилиб келади. Шу билан бирга, моҳир шифокор-спортчи Ўзбекистон терма жамоасида мунтазам тўп суради. Ўзи шундоқ ҳам ҳафта давомида оғир иш билан банд инсон қандай қилиб футбол учун вақт топа олади? Темур ака билан қилган суҳбатимиз мана шу мавзудан бошланди.
- Ҳордиқ чиқариш - бу фақат дам олиш ёки телевизорда футбол томоша қилиш дегани эмас. Футболни дарҳақиқат яхши кўрган одам майдонга тушиб югурса, чарчамайди, балки дам олади. Ғуборлари кетади. Кейин спорт билан шуғулланиш танани чиниқтиради. Шахсан ўзим ҳам ҳаваскор спортчи, ҳам профессионал шифокор сифатида шунга интиламан.
- 2013 йилда футбол бўйича Жанубий Корея шифокорлар терма жамоасига қарши майдонга тушиб, 6:4 ҳисобида ғалабага эришган экансизлар. Кореяликларни профессионал даражада мағлуб этиш, терма жамоаларимизга қийинчилик туғдиришидан хабардормисиз?
- Албатта биламан. Аммо биз уларни ортиқча муаммосиз мағлуб этгандик. Энди Ўзбекистон миллий терма жамоасидан ҳам шуни кутамиз (кулади)...
- Темур ака, яқинда Қатарда кечган олимпия жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатида икки марказий ҳимоячи - Бобур Йўлдошев ва Одил Ҳамробековлар соғлигида юзага келган муаммо туфайли ўйнай олмадилар. Шифокор сифатида айтинг-чи, профессионал футболчининг бундай ҳолатга тушишида ким айбдор? Ўзими ёки клуб?
- Бу борада асосий масъулият клуб шифокорлар хизматида, деб ўйлайман. Футболчи ҳар бир машғулот ва ўйиндан сўнг тиббиёт ходимлари назоратида бўлиши шарт. Билишимча футболчиларимиз ҳар йили чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиб турадилар. Бироқ оғир босим остида юрадиган спортчига бу камлик қилиши мумкин. Клублар шифокорлари улардаги муаммони ўз вақтида пайқаганда, балки вазият бу қадар оғирлашмаган бўлармиди. Яна бир жиҳат - спортчи ўз ҳолатини назорат қила олиши лозим. Ўзидан ўтганини инсоннинг ўзидан бошқа ҳеч ким яхшироқ билмайди. Қаеридир безовта қилдими, демак дарҳол тиббиёт ходимига мурожаат қилиш керак. Афтидан, ёш спортчилар мураббий олдида ўзини кўрсатиш учун танасини ҳаддан ортиқ зўриқтириб юборган кўринади. Шифокор сифатида ёшларга бундай қилмасликни маслаҳат берган бўлардим. Энг аввало, соғлиқни ўйлаш керак. Акс ҳолда, профессионал фаолият ҳам бўлмайди...
- Ёзда Испанияда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этаркансизлар. Бу таклиф қандай пайдо бўлди? Айни вақтда тайёргарлик қандай кетмоқда?
- Мусобақага таклиф В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директори Назиров Феруз Ғофурович номига келган эди. Клиникамиз раҳбарияти спортга жуда қизиқади. Масалан, бош шифокор Ҳошимов Шуҳрат Хуршидович ҳам футбол жамоамиз аъзоси. Улар дарҳол бу таклифни қўлладилар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаб юбордик. Айни вақтда ҳужжатлар билан боғлиқ расмиятчиликлар ўталмоқда. Жамоамиз ҳафтасига икки марта машғулот олиб боряпти.
- Жаҳон чемпионатида жамоа олдига бирор вазифа қўйилганми?
- Албатта. Биз камида кучли учликка киришимиз шарт. Бу - минимал вазифа. Энг асосий мақсад эса албатта, жаҳон чемпиони бўлиш.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ (дарвозабон, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Самарқанд филиали, травматолог)
Абдулазиз Йўлдошев футболга шу қадар қизиқадики, ҳар ҳафта машғулотга етиб келиш учун Самарқанддан Тошкентга қадар 300 километр йўл босиш - унга чўт эмас. Бундай фидойилик билан ҳатто профессионал футболчи ҳам мақтана олмаган бўларди. Абдулазиз ака билан суҳбатимизни - «Динамо» ҳақидаги савол очиб берди.
- «Динамо» ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Қўйиб берсангиз, бир соат шу мавзуда гапиришим мумкин, - дейди самарқандлик шифокор-футболчи. - У ёғини сўрасангиз, бир томондан, «Динамо»нинг олий лигадан тушиб кетгани ҳам яхши бўлди. Чунки ҳар йили бир нарсага кўникиб қолгандик. Клуб биринчи даврада жуда ёмон ўйнайди. Кейин иккинчи давра олдидан кучли футболчиларни фалон пулга олиб келиб, бир амаллаб жон сақлаб қолади. Қачонгача шундай юриш мумкин? Менинг фикрим мана бундай - биринчи лигада ўйнаб, ҳаммасини бошидан бошлаш керак. Зора, шунда юқори ўринлар учун курашадиган жамоа ташкил қилинса...
- Ўзингиз ҳар ҳафта 300 километр йўл босиб, Самарқанддан келаркансиз. Мана шу фидойилик самарқандлик футболчиларда ҳам бўлганида, балки биринчи лигага тушиб кетишмасмиди?
- Ўзим ҳам шундан куюнаман. Мен 29 ёшимда илк марта мураббий кўрдим. Мана шу жамоа сафига қўшилганимдан кейин «Локомотив»да ишлайдиган Воҳид Холбоев қўл остида биринчи марта росмана машғулот ўтаганмиз. Бунга қадар эса бирор жамоада шуғулланишни фақат орзу қилганмиз. Мана, энди шу орзуга етишиб турибман ва 300 километрдан қатнаб футбол билан шуғулланяпман. Насиб қилса, ёзда Испанияда бўладиган мусобақада шу меҳнат самарасини кўрсатамиз. Бизнинг футболчиларга эса шунча шароит яратиб қўйилган, нимага бундан фойдаланишмайди? Ахир улар машғулотга бориш учун 300 километр йўл босмайдилар-ку! Киши яхши кўрган иши билан шуғулланса, ҳеч қандай муаммо кўзга кўринмаслиги керак. Футболчиларимиз об-ҳаво, нотекис майдон ва бошқа нарсаларни баҳона қилишса, жаҳлим чиқади. Ахир рақиб ҳам худди шундай шароитда ўйнаяпти! Ундан кўра, мағлубиятдан хулоса чиқариб, кейинги ўйинда яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилса бўлмайдими?
Азиз РАҲМАТОВ (ҳимоячи, ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, травматолог)
Азиз Раҳматов - нафақат тиббиёт соҳасида, балки футболда ҳам ўз ишининг усталаридан. Бежизга у ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган Тошкент шаҳар биринчилигида «энг яхши ҳимоячи» деб топилмаган эди. Азиз ака саволларимизга нафақат ҳаваскор футболчи, балки профессионал шифокор сифатида ҳам жавоб қайтарди.
- Футболда ҳам тиббиёт билан боғлиқ кўникмамиз иш бериб туради, - дейди малакали шифокор. - Миллионлар ўйинига қизиқамиз, ўзимиз ўйнашдан ташқари яна Европанинг кучли клублари ўйинини ҳам томоша қилиб турамиз. Агар бирор футболчи жароҳат олса, дарров қанчалик оғир шикастланганини чамалашга тушганимизни ўзимиз ҳам билмай қоламиз, баъзида.
- Демак, масалан, Месси жароҳат олгани ҳақида хабар чиқса, қанча вақтда сафга қайтишини расмий хабарсиз билиб олишингиз мумкин.
- Ҳа (кулади). Тахминан бўлса ҳам биламиз.
- Азиз ака, ҳозир юртимизда ҳаваскорлар футболи жадал суръатда ривожланмоқда. Ҳар бир вилоятда сунъий майдонлар қурилган. Шунга яраша футбол ўйновчилар ҳам кўпайган. Сиз энди футбол ўйнашни бошлаётган ҳаваскорларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Ҳеч қачон кўчадан келиб, дарҳол бир ёки бир ярим соат футбол ўйнаш мумкин эмас. Ўша вақтда қизишиб турган тана буни ҳис қилмаслиги мумкин. Аммо бирор жароҳатга йўлиқиб қолиш ҳеч гап эмас. Боз устига, бундай вақтда юрак-қон томир билан боғлиқ муаммолар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳаммасини аста-секин бошлаш керак. Футбол ўйнаб юрмаган инсон биринчи куни 5-10 дақиқа югурса, етади. Организмни аста-секин чиниқтириб бориш лозим.
АБДУЛЛОҲ тайёрлади