Кириш Регистрация

«МЮ» нега «Мидтьюлланн»га ютқазди?

Баҳо:
+ | -

Европа лигасининг 18/16 финали биринчи ўйинида Даниянинг «Мидтьюлланн» клуби донгдор «Манчестер Юнайтед»дан 2:1 ҳисобида устун келди. Гарчи жамоа сафарда гол урган ва кейинги босқичга чиқиш учун ҳозир ҳам яхши имкониятга эга бўлса-да, «МЮ»нинг кечаги ўйини ишқибозларни ранжитгани аниқ.

Камина ўйинни кузатар эканман, қайд этилган натижани бир неча омилларга боғладим. Қуйида улар билан батафсил таништиришга ҳаракатқиламан.

1) Мен аслида «Манчестер Юнайтед»нинг мухлиси эмасман. АПЛда мутлақо бошқа клубга мухлислик қиламан. Бироқ ушбу жамоанинг сэр Алекс Фергюсон бошқаргандаги дамларидаги ўйинларини ҳалигача қумсайман. Зеро, кучли жамоаларнинг кучайиши миллий биринчилик учрашувларининг шиддатли, томошабоп бўлишига хизмат қилади. Томошабинга эса айнан шу керак.

Фергюсондан кейин жамоа барқарор ўйнолмаяпти. Мойес даврида ҳам, ван Гал қўл остида ҳам ўз ўйинини топа олгани йўқ. Бўлмаса клубнинг кадрлар сиёсатида қанча ўзгаришлар қилинди, нечта юлдуз футболчилар сотиб олинди… Илгари «МЮ»га қарши ўйиндан аввал оёқлари қалтираб турадиган, «Олд Траффорд»га қўрқа-писа ташриф буюрадиган жамоалар энди унинг эшикларини тепиб кириб келишмоқда, ўзларига керакли натижани қайд этиб кетишмоқда. Бу албатта бироз муболағали, пафосга берилиб ёзилган фикрлар, аммо жамоанинг аввалги ўйин фалсафасини йўқотиб қўйгани бор гап.

Кечаги ўйинда қайд этилган натижа ҳам бевосита ана шу муаммолар билан боғлиқ. Йўқса Европанинг ўртамиёна чемпионати вакилидан мағлубиятга учрармиди? Майли, «Мидтьюлланн» Дания суперлигасининг пешқадамларидан биридир, майли, у футбол бўйича мамлакатнинг амалдаги чемпионидир (ўз тарихида биринчи марта), бироқ у савия жиҳатдан «МЮ»нинг яқинига ҳам йўлай олмайди.

2) Мағлубиятнинг яна бир сабаби манкунианликларнинг рақибни менсимагани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Одатда, гранд жамоалар таниқли бўлмаган рақибларга қарши шундай кайфият билан майдонга тушишса, ўзлари хоҳлаган ўйинни намойиш этиша олмайди. Аксинча, аутсайдерларларда кучли клубларга қарши кўпроқ иштиёқ бўладики, баъзида бу ҳам ғалабани таъминлайди.

3) Ана энди масаланинг энг муҳим қисмига етиб келдик. «МЮ» мағлубияти менга табиий эмасдек туюлди. Ҳозир фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Футбол бугунги кунда спорт туридан кўра бизнесга айланиб улгурган. «МЮ» ҳам аслида бизнес-лойиҳа. Унинг раҳбарлари ҳам тадбиркорлар. Бизнеч бўлгач, у фойда келтириш керак. Фойда келтириш учун эса, аввало, миллий чемпионатдаги иши яхши бўлиши, ЕЧЛда узоқроққа бориши керак.

Жамоанинг миллий биринчиликдаги ишлари кўнгилдагидек эмас. Гарчи у айни пайтда АПЛда 5-ўринда бораётган бўлса-да, мавсум охиригача унинг бу ўринда қолиши кафолатланмаган. “Қизил иблислар” ЕЧЛни гуруҳ босқичидаёқ тарк этишди (шунинг учун ҳам Европа лигасида юришибди). Кейинги йили ҳам мазкур нуфузли турнирда иштирок этиши учун Премьер-лигада камида 4-ўринни эгаллаши керак. Бунинг учун эса футболчиларни кутилмаган жароҳатлар ва жисмоний зўриқишлардан асраш керак. Бу бир.

Иккинчидан, Европа лигаси манфаатдорлиги жиҳатидан барибир Европа чемпионлари лигасиа тенг кела олмайди. ЕЧЛнинг саралаш босқичидан бошлаб то турнир якунигача ҳар бир ғалаба ва дуранг учун яхшигина мукофот пули берилади. Шу боис ҳам ўртамиёна клублар гуруҳ босқичига чиқиш учун саралашда “ўлигини ташлашади”. Масалан, «БАТЭ» сингари клублар гуруҳ босқичида ўйнаб, камида 2 марта ғалаба қозонишса, ўзларининг бир йиллик харажатларини қоплаши ҳақида ўқиганмиз.

Европа лигасида бунақа эмас. Мазкур турнирнинг мукофот жамғармаси турли мамлакатларга бориб келиш-харажатлари, футболчиларга тўланадиган кўтарма пуллар ва бошқа кўплаб харажатларни қоплай олмайди. Ҳатто ғолибникини ҳам. Клуб ўртамиёна, ўйинчиларининг маоши ҳам ўртача бўлса бошқа гап.

Шу боис «МЮ» кечаги ўйинда атай ютқазгандай туюлди. Бу балки Глейзерларнинг топшириғидан, балки Луи ван Гал ҳеч бўлмаса АПЛда яхшироқ натижани қайд этиш мақсадида “пиёда”ни қурбон беришга қарор қилгандир, бу ёғи ёлғиз худога аён. Балки ўша куни шунчаки жамоанинг омади чопмагандир.

Ҳар ҳолда ҳали масала узил-кесил ҳал бўлгани йўқ. Олдинда жавоб учрашуви бор. Ҳаммаси шундан сўнг ойдинлашади. Кутамиз.

Адҳам Ўрол ўғли

Манба: tafsilot.uz
Киритилди: 21:08, 19.02.2016.
Ўқилди: 4723 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.