"Манчестер Юнайтед" жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал жамоа етакчиларининг ўзига нисбатан ишончидан маҳрум бўлган.
The Guardian нашрининг ёзишича, жамоанинг бир қатор етакчи футболчиларига мураббийнинг тактикалари ёқмаяпти.
Бундан ташқари, футболчилар бундан олдин ҳам ван Гаалнинг вазиятни ўзгартира олишига ишонч билдирмасликлари ҳақида айтилганди.
Хабарда таъкидланишича, жамоанинг раҳбарият қарорларига таъсир кўрсата олар даражадаги обрўли футболчилари ван Гаалнинг кетишини ва унинг ўрнига Жозе Моуриньонинг олиб келиниши ғоясини қўллаб-қувватлашмоқда.
"Манчестер Юнайтед" вице-президенти Эд Вудворт эса ван Гаални ишдан бўшатиб юборишга иккиланмоқда. Шу билан бирга Вудворд агар ҳаракат қилинмаса, Моуриньодан ҳам қуруқ қолиш мумкинлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, ван Гаал ғалабалар миқдори бўйича кейинги 35 йил ичида энг ёмон натижа кўрсатган мураббий сифатида жамоа тарихига кирди. "Қизил иблислар" ЕЧЛни гуруҳ босқичидаёқ тарк этишди, Европа лигасининг 1/16 финали босқичида эса биринчи учрашувда Даниянинг "Мидтьюлланд" жамоасига ютқазиб қўйди. Айни вақтда жамоа АПЛнинг 26 туридан кейин 41 очко билан 5-ўринда жойлашган.