Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниевнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этиши сўроқ остида бўлиб турибди.
Футболчи Канадага қарши баҳснинг 23-дақиқасида жароҳат олиб майдонни эрта тарк этди. “Дарё” манбасига кўра, агар унинг жароҳати жиддий бўлиб чиқса ва мусобақани ўтказиб юборадиган бўлса, унинг ўрнини Жасур Жалолиддинов эгаллаши мумкин.
Аввалроқ Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган футболчилар ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, 26 нафар футболчидан иборат рўйхатга Жалолиддинов киритилмаган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳозирча Азиз Ғаниевнинг жароҳати юзасидан аниқ маълумот бергани йўқ. Футболчининг ҳолати якуний тиббий текширувлардан сўнг маълум бўлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси 2 июнь, сешанба куни Канадага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Фабио Каннаваро жамоаси Жаҳон чемпионати олдидан охирги назорат ўйинини Нидерландияга қарши ўтказади.













