«Кекса синьора»нинг бетакрор дарвозабони ва сардори Жанлуижи Буффон қўлқопларини михга илиш олдидан яна нималарнидир ютмоқчи. Ҳарқалай, у 40 ёшигача ўйнашни кўзлаётганини ҳеч қачон яширган эмас. Иккинчи томондан, «Ювентус» посбони Италия футболида ниҳоят, терма жамоа дарвозасида унинг ўрнини эгаллашга тайёр йигит бош кўтарганидан ғоят хурсанд.
- Мана, 38 ёшга тўлдингиз. Умрингизни 20 йилини эса футбол ўйнаш билан ўтказдингиз...
- Ҳа, дарҳақиқат, умр бўйи футбол ичидаман. Бу ажойиб.
- Фаолиятингиз беқиёс воқеалар ва сурурбахш лаҳзаларга бой. Хотирангизда муҳрланиб қолган энг яхши 2та воқеани тилга олсангиз...
- Биринчиси - «А» сериясидаги дебютим. Илк марта майдонга тушган вақтимдаги ҳолатимни ҳозир тасвирлаб беролмайман. Айтиш мумкинки, бу билан болалик орзум амалга ошганди. Иккинчиси - ЖЧ-2006даги ғалаба. Буниси ҳам таърифлашга муҳтож эмас. Аниқ мақсадга интилиш хусусияти ҳозиргача ҳар сафар юқори савияда ҳаракатланишимга ёрдам беряпти.
- Охирги вақтларда анча ориқлагандексиз. Нима, машғулотларда ўзгариш борми?
- Йўқ. Шунчаки, овқатланиш тартибига қатъий риоя қиляпман. Дейлик, ҳозир бу масалага 7-8 йил олдингига нисбатан эътиборим анча баланд. Қайсидир таомлардан воз кечган эмасман. Оддий айтганда, вақтида ва яхши овқатланишни ўргандим.
- Футбол билан хайрлашувингизни қандай тасаввур қиласиз?
- Ҳар қандай вазиятда ҳам, бошимни тик тутган ҳолда кетишни истайман. Барчаси оддий кечиши тарафдориман, яъни қандайдир дабдаба ёхуд ғайритабиийликка хушим йўқ. Умуман, 40 ёшимгача ўйнашда давом этсам яхши бўларди. Дейлик, жаҳон чемпионатида яна бир марта иштирок этишдан умидворман.
- Ўзингиз ўйнаган даврни олсак, терма жамоанинг қайси таркиби энг кучлиси?
- Техник нуқтаи назардан қарасак, 2002 йилги жамоа ақл бовар қилмас даражада шаклланганди. 2006 йили эса темир руҳ ва сабот билан ўйнаганмиз. Қувонарлиси, охирги бир неча йиллардан буён бу хусусият бизга яна қайтяпти.
- Давом этамиз - «Ювентус»нинг қайси таркибини энг кучлиси сифатида эътироф этасиз?
- Шахсий фикримча, 2002-2003 йиллар мавсумида ЧЛ финалига чиққан ва фақат пенальтилар сериясида ютқазган Марчелло Липпи жамоаси энг зўри бўлса керак. Агарда таркибда жамланган асосий ва захира футболчиларини назарда тутсак, унда Фабио Капелло тузган жамоага тенг келадигани йўқ. Лекин охирги йилларда Антонио Конте ва Массимилиано Аллегри бошқарувида ўйнаган жамоаларнинг характерию, барқарорлигини ҳам мақташим жоиз.
- Кўринишидан, ниҳоят, сизга муносиб ворис чиқди. Шахсан сиз Жанлуижи Доннарумма ҳақида нима дейсиз?
- Унга гап бўлиши мумкин эмас. Қаранг, «Сан Сиро»дек стадионда «Милан» учун ўйнашдан заррача чўчимаяпти. Қойил! Муҳими, йигитча нафақат характерга эга, яна техникаси ҳам жойида, жисмоний кўрсаткичлари бинойидек. Менга энг ёқаётгани шуки, у жуда ёш бўлишига қарамай, барчасини тўғри олиб кетяпти. Демак, айтиш мумкин, Доннаруммани порлоқ келажак кутяпти. Матбуотга ҳам раҳмат. Зеро, айни пайт унга ортиқча босим ўтказилмаяпти. Бошқача айтганда, «Милан»даги адашим ҳақида фақат яхши гапларни ёзишяпти. Ишонинг, ёш футболчи учун айни шундай муносабат муҳим саналади.
- «Ювентус» стартдаги тушунарсиз ҳолатдан сўнг, хусусан, «Сассуоло»дан енгилгач, яхши спорт формасига кириб олди. Ўша ўйинни эсласак, финал ҳуштаги янграгач, сиз ғоят ғазабланган эдингиз. Нима рўй берганини батафсилроқ айтиб бера оласизми?
- Гап шундаки, ўша учрашувга чемпионлик пойгасига қайтиш учун охирги имконият сифатида қарагандим. Ахир кетма-кет омадсизликлардан сўнг чемпионликдан деярли умид узиб улгургандик. Ўйлайманки, йигитлар мендан ранжимайдилар. Зеро, фаолиятим поёнига яқинлашмоқда. Шундай экан, вақтни зое кетказишни сира истамайман.
- Кўринишидан, ўша норозилигингиз иш берди, чоғи.
- Муҳими, кийиниш хонасида барча йигитлар - янгилар ҳам, фахрийлар ҳам мени тўғри тушунишди.
- Ҳа, жамоанинг шундай муваффақиятсизликдан сўнг ўзини тиклаб олишига ишониш қийин эди...
- Мен рақамларни яхши кўраман. Ўша оқшом 2та ҳисоб-китоб қилдим ва улар менга умид уйғотди. Яъни чамалаб кўрсам, якунда скудеттони ютишимиз ёхуд лоақал ЧЛга йўл олишимиз учун бизга 25та ғалаба зарур экан. Ўша вақт ҳисобимизда атиги 3та ютуқ бор эди. Хуллас, қолган 28та ўйиндан 22тасида ғалаба қозониш шартлиги кўринди. Хуллас, ҳар қадамда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқлигини теран тушундик, шунга яраша, бор кучимизни ишга солишимиз талаб этиларди. Тўғри, четдан қараганда, бу имконсиз ишдек. Лекин факт шуки, жамоамиз яна чемпионлик пойгасига қайтди. Мана шу чинакам характер ҳисобланади.
- Умуман, мутлақо умидсизликка тушган ҳолатингиз ҳам бўлдими?
- Агарда биз Миланда «Интер»га ютқазганимизда, руҳий томонлама олдимизга тўсиқ қўйиш мумкин эди. «Нерадзурралар»да жамоамиздан устун келиш имконияти йўқ эмасди. Хайриятки, биз бунга йўл қўймадик. Айнан ўша ўйиндаги яхши ҳаракатлардан сўнг агарда талаб даражасида шайлансак ва тўғри ёндашсак, ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олишимизни тушундик.
- Чемпионликка яна бир даъвогар - «Рома» анча ортда қолиб кетди.
- Лекин у жуда хавфли рақиб. Римликлар турнир жадвалида биздан қанча узоқ юришса, шунча яхши.
- «Юве» яна чинакам фаворитга айландими?
- Жамоамиз омадсизлик гирдобига тушиб қолган вақт ҳам кўпчилик бизни фаворит санаганди. «Юве»ни шунчалик ҳурмат қилишларини билиш ғоят ёқимли. Лекин очиқ тан оламан, баъзида жамоамизга шунчаки, омад кулиб боқди. Ҳарқалай, охирги йилларда «Ювентус» кўрсатган суръат ва юксалишни ҳеч бир клуб такрорлай олмаса керак. Бундай қилишга шунчаки, кучи етмайди.
- Қизиқ, скудетто йўлидаги асосий рақиб сифатида қайси жамоани тилга оласиз?
- Умумий қараганда, даъвогар клублар савия бўйича тенг. Дейлик, «Интер» бироз орқада қолиб кетди, аммо у бор эътиборини чемпионатга қаратиш имкониятига эга. Чунки еврокубокларга куч сарфламайди. «Наполи»га келсак, унинг таркиби ғоят жипслашган кўринишда. Умуман, Неаполь клуби Европадаги энг ҳужумкор жамоалардан биридир. Маурицио Сарри яна ҳимояни ҳам тартибга солди. Хуллас, «Наполи»дан ҳушёр бўлиш керак. Унинг охиригача скудеттога кўз олайтириши аниқ.
- «Ювентус»да янги юлдуз порлаяпти - Пауло Дибала.
- Отам ундан ҳайратда. Дибала «Палермо»дан сафимизга келганида, у мендан ҳам кўпроқ қувонди. Ўйлашимча, аргентиналик йигитчада жаҳон миқёсидаги юлдузга айланиш учун ҳамма нарса бор.
- Энди ЧЛ хусусида: «Ювентус» кейинги босқич йўлида «Бавария»ни енгишга қодирми?
- Бизда маълум даражада имконият бор - бу аниқ. Яхши маънода ғазабланиб, эътиборни бир жойга жамласак ва озгина омад қўллаб юборса, барчаси ижобий тугайди.
- Италия термаси ниманинг ҳисобига Евро-2016 ғолибига айланиши мумкин?
- Ҳозир яхшигина таркиб шаклланди. Энди агар баъзи футболчилар ўз имкониятларини максимал даражада ишга солсалар, кўзланган мақсадимизга етамиз, албатта.
- Айнан кимларни назарда тутяпсиз?
- Марко Верратти ва Андреа Пирлони.
- Нима, Пирло АҚШда ўйнаётганига қарамай, терма жамоадан жой олади, деб ҳисоблайсизми?
- Албатта, бунга ишончим комил.
- Агар «Ювентус» Италия кубоги финалига чиқса, сизда терма жамоа ихтиёрига йўл олишдан олдин ҳордиқ чиқариш учун имконият бўлмайди.
- Воқеаларнинг шундай ривожланига мутлақо қарши эмасман. Ахир бундай ҳолатда жамоа сафига яхши кайфиятда қўшиламан. Ҳозирча «Интер»га қарши ярим финал баҳсига эътибор қаратганимиз маъқул. Яхшики, айни пайт жамоамиз ажойиб спорт формасида.
Манба: Football.ua,
Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади