Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миллий термамизнинг "идеал" таркиби!?

Баҳо:
+ | -

Ҳозирга қадар юртимизда кўплаб иқтидорли футболчилар ўз маҳоратларини намойиш этишга улгуришди. Уларни бир-бирига таққослаш, қайси бири кучлироқ эканини аниқлаш нотўғри, бизнингча. Зеро, миллий термамизга жалб этилиб, халқаро майдонларда жавлон урган ўйинчиларнинг ҳар бири ўзига хос устунликка эга. Кимдадир тезлик юқори, бошқасида жисмоний имконият. Шунчаки, миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган мухлис ушбу номлардан муайян талқин бўйича рейтинг ҳосил қилиши мумкин, холос. Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги вакиллари шунга биноан, ўзбек футболи тарихида ёрқин из қолдирган 11 нафар чарм тўп усталаридан иборат идеал жамоа тузишди. Қуйида ушбу рўйхатдан кимларнинг ўрин олганини билиб олишингиз мумкин.

Павел БУГАЛО

Икки афсонадан бирини танлаш нақадар оғир. Бу «Месси кучлими ёки Роналду?» деб сўраш билан баробар. Лекин барибир, мен Павел Бугалони танлайман. У Нестеровдан фарқли ўлароқ, икки марта мамлакатнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Ҳамма дарвозабонлар ҳам бундай шарафга муносиб кўрилавермайдилар. «Локомотив»нинг ҳозирги посбони фаолиятини ҳамон давом эттираётганини инобатга олсак, унинг Ўзбекистон термасидаги роли ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Муқобил вариант: Игнатий НЕСТЕРОВ

 

Виталий ДЕНИСОВ

Кучли иштиёқ, меҳнаткашлик бобида бу ўйинчи бебаҳо. Агар Денисов ҳужум чизиғида тўп сурганида, «хет-трик»ларни ёғдириб ташлар, кипер вазифасида эса дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган бўларди. Москва «темирйўлчилари» етакчиларидан бирига айланган футболчимиз билан отаси ҳар қанча фахрланса арзийди. Шундай ҳолатда Виталий «Лацио» ёки денгиз ортидаги бошқа жамоалар таклифига рад жавобини беришдан ҳам асло чўчимайди.

Муқобил вариант: Николай ШИРШОВ

 

Андрей ФЁДОРОВ

Термамизда порлаган ақлли ҳимоячилардан яна бири. Бир неча йиллар аввал Қурбон Бердиевнинг «Рубин»и РФПЛда шов-шув кўтарган, бунда эса Андрейнинг хизматлари беқиёс бўлганди. Қозонликларда Халк йўқ эди, аммо сафда Макбет Сибайя сингари футболчилар ўйнашган. Фёдоров ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия чемпионатларида ғолиб чиққан уч футболчидан бири. Миллий термамиз ушбу футболчи таркибга киритилган 75 фоиз ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган. Бу марказий ҳимоячи учун ажойиб натижа. Унинг бош жамоамиздаги ролини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Мана, Фёдоров қадрдон Фарғонага қайтиб, «Нефтчи» бош мураббийи сифатида ғалабаларни қўлга киритмоқда.

Муқобил вариант: Фарҳод МАГОМЕТОВ

 

Асрор АЛИҚУЛОВ

Ишқибозлар бу ҳимоячини «Пахтакор»даги иштироки орқали яхши танишади. У «шерлар» билан беш марта «олтин дубль» қайд этган. Қолаверса, пойтахтдаги фаолияти давомида икки марта Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалигача етиб борди. Бу эса ўша кезлари ўзбек футболи учун қойилмақом натижа эди. Балки Алиқулов ўз даврида машҳурлик бобида Пономарёв, Кошелев, Солиев каби жамоадошларидан ортда қолгандир, аммо бу омил унинг терма жамоа ҳамда «Пахтакор»даги салмоғига заррача таъсир кўрсатмади.

Муқобил вариант: Бахтиёр АШУРМАТОВ

 

Февзи ДАВЛЕТОВ

Ўзбекистон миллий термасида ҳамиша «Арбелоа синдроми» ҳукм сурган, зеро ўнг қанот ҳимоясида порлаганлар унча кўп эмас. Ваҳоланки, сўл томонда иқтидорлар бисёр бўлган (Тихонов, Денисов, Ширшов, Суюнов). Дарвоқе, Бахтиёр Ашурматов ҳам марказга ўтишидан аввал ўнг қанот мудофаасида тўп сурган. Ҳужумларга доимо фаол қўшилган Давлетов ўз позициясида термамиздаги барча футболчиларга намуна вазифасини ўтамоқда.

Муқобил вариант: Ислом ТЎХТАХЎЖАЕВ

 

Одил АҲМЕДОВ

«Краснодар» ярим ҳимоячиси 2018 йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиш учун имкониятга эга (насиб қилса, мундиалга чиқамиз-ку!). Ташаббусни зиммасига олиб, фақат олдинга интилиш бобида Одилга тенг келадигани йўқ. Ўзингиз ўйланг, ўзбек футболида мухлисларни ўзига ром этиш бобида Аҳмедовга тенг келадигани борми? Уни нафақат барқарор ўйини, балки инсоний жиҳатлари учун ҳам севишади. Одил асло ортиқча гапирмайди, хурмача қилиқлар қилмайди. Галицкийнинг матбуот анжуманларида айнан Аҳмедов билан иштирок этаётгани ҳам адолатли қарор. Футболчимизни олдинда улкан ютуқлар ва ёқимли онлар кутиб тургани аниқ.

Муқобил вариант: Темур Кападзе

 

Сервер ЖЕПАРОВ

Ҳозирги авлоднинг энг ёрқин футболчиси. Унинг иштирокида ҳар бир ўйин қизиқарли ўтади. Шу кунгача голни нишонлаш чоғида ҳеч ким ишқибозларга Жепаровчалик завқ бахш этолмади. Бурчак тўпини қойилмақом тарзда ўйинга киритиш усулини илк бор 2011 йилги Осиё кубогида айнан Сервер иштирокида кўргандик. Ушбу футболчимиз Европага йўл олиши ҳам мумкин эди, аммо «Пахтакор»дан «Бунёдкор»га ўтишни маъқул билди. Сўнгра Осиё футболи юлдузига айланиб, икки марта қитъамизнинг тенгсиз футболчиси номига лойиқ кўрилди.

Муқобил вариант: Андрей АКОПЯНЦ

 

Миржалол ҚОСИМОВ

Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг барча даврлардаги энг яхши футболчиси. Миржалол Қўшоқович ўйинчилик фаолиятининг бошланишидан то мураббийликда ишлаган кезларига қадар ўзбек замини иқтидорларга нақадар бойлигини исботлаб берди. Ишқибозлар орасида «Ўзбек Марадонаси» номини олган Қосимовнинг футболимизга кўп нафи теккан. Айниқса, 1994 йилги Осиё ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганди.

Муқобил вариант: Сардор РАШИДОВ

 

Азамат АБДУРАИМОВ

Ўша - 1994 йилги ғалабалар сари етаклаган терма жамоанинг яна бир вакили. Тасодифми ёки оддий фактми, бунга ўзингиз баҳо берасиз: Абдураимов Тошкентдаги даҳшатли зилзила рўй берган 1966 йили таваллуд топган. Унинг эътиборга молик воқеаларга бой тарзда ўтган фаолияти Азаматнинг имкониятлари нечоғли юксак эканидан далолат. Бир қатор хориж чемпионатларида тўп сурди, «Пахтакор»да ғалабаларни нишонлади, Осиё ўйинлари ярим финалида муҳим гол муаллифига айланди, мини-футбол ўйнади. 90-йиллардаги энг яхши форвардлардан бирига бугунги таркибдан жой ажратмаслик адолатдан бўлмасди.

Муқобил вариант: Александр ГЕЙНРИХ

 

Игорь ШКВИРИН

1994 йилги Осиё ўйинларининг энг яхши ўйинчиси. Ўйинлари сифатли ва самарали эди. Унинг иқтидорини Авраам Грант сезиб қолгач, Шквирин маълум муддат Исроилда тўп суришга улгурди. Ўзбекистон термасида эса 31та ўйинда 20та гол уриб, ҳақиқий афсонага айланди. У ҳақида китоблар ёзилди, унинг номи шараф билан тилга олинади. Игорь Анатольевич ҳозирги авлод вакилларига форвардларга хос мерос қолдиришга эришди.

Муқобил вариант: Владимир ШИШЕЛОВ

 

Максим ШАЦКИХ

Ўзбекистон термаси тарихидаги энг яхши тўпурар. Дебют учрашувидаёқ Озарбайжон дарвозасига 3та гол уриб, «хет-трик» қайд этган. Дастлабки тўртта баҳсда Шацких 8та тўп киритган ҳолда якунлаган бўлса, кейинчалик бу борада Миржалол Қосимовни ҳам ортда қолдириб, энг яхшига айланди. Киевнинг «Динамо» клуби ишқибозлари у билан маъюс ҳолда хайрлашишди, Максимнинг Ўзбекистон термаси муваффақиятларига катта улуш қўшгани эса алоҳида мавзу. Ушбу ҳужумчининг рекорди ким томонидан янгиланишини айтиш жуда мушкул.

Муқобил вариант: Жаъфар ИРИСМЕТОВ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:49, 26.02.2016.
Ўқилди: 6208 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.