Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Роналдуни жаримага тортган мураббий

Баҳо:
+ | -

КРИШТИАНУ РОНАЛДУга БОЛАЛИГИДА УСТОЗЛИК ҚИЛГАН ЛУИШ МАРТИНШнинг ОШКОРА ИНТЕРВЬЮСИ. Табиийки, кўпчилик Луиш Мартиншни танимайди-билмайди. Лекин у жаҳон футболининг бош юлдузларидан бири Криштиану Роналдуни жуда яхши билади ва яқинда энг сара шогирдига дахлдор ғаройиб фактларни баён этди. Ушбу мураббий Португалия термасининг амалдаги сардорига «Спортинг» ёшлар жамоасида сабоқ берган. Ўшанда бўлажак юлдуз 14 ёшда эди. Хуллас, Championat.com сайти ходимлари у билан Лиссабонда учрашиб, Роналдунинг кучли характери қандай шаклланганлиги хусусида суҳбатлашишди.

- Криштиануни 1999 йилдан биламан, - дейди Мартинш. - Академияда ўқиган вақтлари унинг характери худди ҳозиргидек эди. Яъни Роналду доимо ўз мақсадлари йўлида тинимсиз шуғулланган. Тўғри, умумий олганда, болаларга хос табиати сезилиб турарди. Аммо мудом ўз орзулари оғушида юрарди.

- Қандай орзулар?

- Табиийки, жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлишни ўйларди.

- Роналду «Реал»нинг ўйинларидан бирида ўзи эмас, жамоадоши Арбелоа гол ургач, қаттиқ ғазабланганди. У энг яхши бўлиш мақсадига ҳаддан ташқари берилиб кетмаганми?

- Бу ҳам унинг характери намунасидир. Криштиану доимо мусобақалашади.

- Месси билан-ми?

- Йўқ, ўзи билан. Ҳа, у бироз худбинроқдек. Лекин бу нарса барча иқтидорли инсонларга хос.

- Мана, Мессини олайлик: у яқинда пенальти ишладию, ўзи гол урмай, жамоадошига «пас» берди...

- Леонинг неча марта алдамчи ҳаракатларга берилганини айтиб бера оласизларми? Боз устига, у 5 нафар рақибга қарши келса ҳам, бемалол шундай қилади ва бу тўғри. Зеро, истеъдодли футболчилар ўйинни ўз қўлларига олишлари керак-да.

- Айтингчи, Криштиану академияда оғир дамларга ҳам дуч келганми?

- Битта ўта мураккаб ҳолат кузатилганди. Йигитчага юрагига боғлиқ муаммо туфайли футбол ўйнашни тақиқлаб қўйишган. Тўғри, қандайдир жиддий хасталик йўқ эди. Аммо тахикардия сабаб, унга зўриқиш мумкин эмаслиги айтилди. Хуллас, Роналду 3-4 ой футболсиз яшади. Бу унинг учун дарҳақиқат, ўта оғир давр бўлди. Энг ёмони, Криштиану футболга яна қайтиш-қайтмаслигини билмасди. Кейинроқ унинг ўзи айнан шу воқеа иродасининг мустаҳкамланишига ёрдам берганини таъкидлаганди.

- У ўша вақт неча ёшда эди?

- 15 ёшда.

- Муаммо қандай ҳал этилган?

- Юрак тизимига боғлиқ кичик операция билан.

- Бироқ Роналдунинг баданида ҳеч қандай чандиқ йўқ-ку.

- Чунки операция енгил бўлиб, шифокорлар жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезишмаган. Барчаси лазер нури ёрдамида амалга оширилган.

- Дарвоқе, Роналду болалигида қайси клубга мухлислик қиларди?

- У ўз ўтмишига қаттиқ боғланган. Қисқаси, ўзи туғилган шаҳар - Мадейранинг «Андоринья» ва «Насьонал» клубларига бефарқ эмасди. Зеро, у футбол ўйнашни айнан шу жамоаларда бошлаган. Ҳозирги вақтга келсак, Роналду «Спортинг» ва «Манчестер Юнайтед»ни тез-тез эътироф этади. Умуман, унинг Англияга кўчиб ўтиши ноёб ҳодиса саналади.

- Нега?

- Негаки, футболчилар 18 ёшда асосан ўсмирлар жамоасида ўйнашади. У эса топ-клуб ва топ-чемпионатга йўл олганди. Дейлик, Португалияда ҳеч кимга 18 ёшида бунақаси насиб этмаган. У хорижга жуда эрта чиққан илк футболчи бўлганди.

- Роналду Португалияда мамлакат президентидан ҳам машҳурроқми?

- Шубҳасиз. Криштиану шунчаки, футболчи эмас. У ўз оиласи ва жонажон юртига чамбарчас боғланган инсон. Ҳарқалай, факт шуки, португалияликлар айнан Роналду туфайли мақтанишади.

Иқтидори шу қадар аниқ кўрингани учун акамедияда унинг катта ёш тоифасидаги жамоаларда шуғуллангани ростми?

- Ҳа, доимо. Баъзида 1 ёш, гоҳида эса 2 ёш катта йигитлар билан шуғулланарди. Мисол учун, 16 ёшли вақти 18 ёшлилар жамоасида ўйнаганди...

- Киев «Динамо»сида тўп сураётган Мигель Велозунинг айтишича, «Спортинг» ўсмирлар жамоасида барча футболчилар дам олиш, яъни ухлашга чиқиб кетган пайт Роналду майдонга қайтиб, мустақил тарзда ишлаган экан.

- Шунақа. У бу масалада ҳаттоки, тартиб-қоидага амал қилмасди. Натижада Роналду билан алоҳида, жиддий гаплашиб олишимизга тўғри келган. Хусусан, уни жазолашга ҳам мажбур бўлганмиз.

- Нима учун?

- Криштиану нуқул кўпроқ шуғулланишни истарди. Айтайлик, якшанба куни эрталаб ўйинимиз бор, у эса шанба оқшоми ухлаш ўрнига назоратчиларга билдирмай, тренажёр залига кириб оларди. Криштианунинг қўриқчилардан қандай «қочгани»ни эса ҳаттоки, тасаввур ҳам қилолмайман. Чунки академияда барчаси тартибли йўлга қўйилганди.

- Роналдунинг бу «ҳунар»ини ким фош этган?

- Айнан қўриқчилар «сотиб» қўйишганди.

- Унга нисбатан қандай чора кўргансизлар?

- Табиийки, йигитчани урган эмасман (кулади). Шунчаки, академияда барчасини мураббийлар назорат қилишларини яхшилаб тушунтирганман. Лекин жарима белгилашимизга ҳам тўғри келганди. Яъни ўша ой стипендиясининг маълум қисмини кесиб ташлаганмиз.

- Бу чора иш берганми?

- Ҳа. Чунки унда бошқа йўл йўқ эди. Зеро, қаттиқ огоҳлантиргандим: «Агар бундай ҳолат яна такрорланса, кейинги ўйинда майдонга тушмайсан».

- Бу воқеа «Жозе Алваладе» стадионида кузатилганмиди?

- Ҳа. 2002 йилгача биз ўнаган эски аренада. Академия тарбияланувчилари шу жойда истиқомат қилишарди. Ўша вақт стадион атрофида майдонлар бор эди ва «Спортинг»нинг бутун ҳаёти битта районда ўтарди. Кейин Евро-2004 муносабати билан Португалияда стадионларни қайта реконструкция қилишди. Хусусан, «Жозе Алваладе»да ҳам кенг миқёсда иш олиб борилди. Янгиланган аренанинг очилиш маросимида «Манчестер Юнайтед» билан ўртоқлик ўйини уюштирилди. Алекс Фергюсон айнан шу ўйинда Роналдуни кўз остига олган.

- Криштиану ўз хонасига бегоналарни киритган пайт бўлганми? Академияда унинг лақаби нима эди?

- Ҳеч кимни киритмаган бўлса керак. Лақаби эса битта - Мадейренсе. Мадейраликларни шундай аташади. Бунга уларнинг шевалари сабаб.

- Роналду шевада гапирадими?

- Олдин гапирарди. Ҳозир талаффузида бу сезилмайди. Дейлик, айни пайт испан тилида ҳаттоки, мадейренчадан ҳам яхшироқ гаплашади.

- Бир неча ой олдин Криштиану Роналду ҳақида ҳужжатли фильм чиқди. Унда битта нарса анча ғалати туюлади. Яъни Роналду ўзи ва Месси ўртасидаги қарама-қаршиликни журналистлар уйдирмаси сифатида тилга олган. Шунинг баробарида бутун фильм Роналду ва Месси рақобатию, уларнинг «Олтин тўп» учун ўзаро курашларига асосланган. Дейлик, Лео кадрларда жуда кўп кўринади. Айтингчи, Роналдунинг ўзи учун Месси билан рақобат мавжудми?

- Гап икки буюк футболчи ҳақида кетяпти. Демак, ўртада кучли рақобат бориши табиий ҳол. Лекин алоҳида таъкидлайман, Криштиану ва Лионель ўртасидаги муносабатлар яхши, келишмовчиликлар ўтмишда қолди. Аниқроқ айтсам, агар келишмовчиликка борган бўлсалар, у тарихга айланди. Мисол учун, сизлар учун ким кучли - Мессими ёки Роналду?

- Иккиси ҳам.

- Йўқ, саволга аниқ жавоб беринг.

- Шундай. Ахир иккиси ҳам зўр.

- Тушунарли. Интервью тугади... Ҳазил, албатта...

- Келинг, шундай жавоб берамиз: «Олтин тўп»лар анча адолатли тақсимланган. Айтайлик, охирги йилда 7та соврин ютган Месси кучлироқ кўринди.

- Мен учун эса ҳар доим энг яхшиси - Роналду! Ўзимга қолса, «Олтин тўп»ни ҳар йили унга берардим (кулади).

- Дуч келган португалиялик шундай дейди. Бу ватанпарварлик шаклими?

- Тўғрироғи, Роналдуга нисбатан ҳурмат белгиси. У - мамлакат тимсоли. Шунингдек, футбол тимсоли ҳам. Португалия катта мамлакат эмас. Бизда бутун дунёга машҳур тимсоллар саноқли. Мисол учун, мен Россия ёки Кубага борсам, албатта, Роналду ҳақида сўрашади. Умуман, қаерга бормайин, шундай. Кечирасиз, озгина нотўғри гапирибман: аслида бизда тимсоллар етарли экан. Мана, дунёдаги энг яхши футболчи биздан. Яна энг яхши футзалчи, энг яхши пляж футболчиси ҳам. Қолаверса, яқин-яқингача энг яхши мураббий ҳам бизнинг вакилимиз эди. демак, ишларимиз чакки эмас...

Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:44, 26.02.2016.
Ўқилди: 3628 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.