Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Таққосдан яралган ўхшашлик. ОЧЛда ижобийликка эришамизми?

Баҳо:
+ | -

Осиё Чемпионлар Лигаси аста-секин қизғин паллага кириб бормоқда. Гуруҳ босқичининг ҳар бир туридан сўнг жамоаларнинг сараги-саракка, пучаги-пучакка ажралади. Афсуски, бу борада ўзбек клублари кўп ҳам мақтана олмайдилар. Ўтказилган икки тур баҳсларида клубларимиз умумий ҳисобда 8та ўйин ўтказиб, шундан фақат биттасида ғалабага эришдилар («Насаф»-«Ал-Аҳли»-2:1). Яна тўртта баҳсда дуранг қайд этилган бўлса, қолган учта учрашув бой берилди. Бу эса келажакка оптимистик руҳда қараш имконини бермаслиги аниқ. Хўш, ўтган мавсум жамоаларимиз бу вақтда қандай натижа қайд этган эдилар?

ЎТГАН МАВСУМ

Осиё Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсуми ўзбек футболи тарихидаги энг ёмонларидан бири бўлиб қолиши турган гап. Бунга сабаблар ҳам етарли. Ўтган мавсум худди бу йил бўлгани сингари тўрт клуб - «Локомотив», «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» юртимиз шарафини ҳимоя қилган, аниқроғи, ҳимоя қилолмаган эди. Клубларимизнинг бирортаси гуруҳ босқичидан ўтолмади ва анча шармандали натижа қайд этилди.

Агар ўтган мавсум қайд этилган натижаларга қарайдиган бўлсак, анча ёқимсиз ҳолатга дуч келамиз. Масалан, «Бунёдкор» гуруҳда ўтказилган 6 учрашувнинг бирортасида ғалаба қозона олмаган ва фақат биттасида дуранг натижа қайд этганди («Ал-Наср»-«Бунёдкор»-1:1). Қолган барча учрашувлар «қалдирғочлар»нинг мағлубиятлари билан якун топган. Бу - ўзбек клублари орасида қайд этилган энг ёмон натижа ҳисобланади.

Бироқ қолган клублар ҳам эришган натижалари билан мақтана олишмайди. Жумладан, «Локомотив» битта дуранг ва бир ғалабага эришиб, қолган учрашувларни бой берган бўлса, «Пахтакор»да вазият бирозгина яхшироқ тус олган. «Шерлар» гуруҳдаги бир ғалаба ва учта дурангдан сўнг 6 очко ишлаганлар. Аммо бу очколар «пахтакорчилар»нинг гуруҳдан чиқишлари учун етарли бўлмади.

Ўтган мавсум ўзбек клублари орасида энг яхши натижа қайд этгани Қаршининг «Насаф» клуби бўлди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари гуруҳда икки ғалаба ва икки дурангга эришиб, 8 очко тўплаган эдилар. Афсуски, қўшимча кўрсаткичларга кўра, Дубайнинг «Ал-Аҳли» клуби омадлироқ чиқиб, қаршиликлар гуруҳда қолиб кетгандилар. Шу тариқа, ўзбекистонлик футбол мухлислари «плей-офф» босқичидан бебаҳра қолдилар.

Хўш, бу йил аҳвол қандай бўлар экан? Келинг, ушбу саволга ўтказилган икки тур ўйинларига қараб жавоб топишга уриниб кўрсак...

 

«БУНЁДКОР»

«Қалдирғочлар» учун ўтган йилдан буён деярли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ - аввал ҳам Лушан жамоа бош мураббийи бўлиб турган эди, ҳозир ҳам. Битта фарқ - ўтган йилги омадсизликлардан сўнг Сергей Лушан истеъфога чиқарилган ва клуб бошқаруви тарихида янгилик жорий этилиб, жамоа раҳбари сифатида Бахтиёр Бобоев натижа учун жавобгар этиб тайинланганди.

Аммо Бобоев қилган биринчи иш - Лушанни яна қайтариб олиб келиш бўлди. Оқибатда, «қалдирғочлар» учун тарих яна такрорланмоқда. «Бунёдкор» худди ўтган мавсумда бўлгани сингари ОЧЛ гуруҳ босқичи учун ўтказилган саралаш баҳсида ёрқин ўйин намойиш этди ва «Ал-Шабаб»ни мағлубиятга учратди. Бу ўйин ҳамманинг ёдида бўлса керак. Худди ўтган йили «Ал-Жазира»га қарши кечгани сингари...

Аммо шу билан «Бунёдкор» учун ёрқин давр тугагандек кўринмоқда. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида ўтказилган икки турда «қалдир-ғочлар» аввал «Ал-Наср» билан дуранг ўйнашди (3:3), кейин эса шу жамоа билан ўз майдонларида бўлган баҳсни 0:1 ҳисобида бой бердилар. Айни вақтда «Бунёдкор» 1 очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Қизиқ томони, роппа-роса бир йил олдин ҳам «Бунёдкор» худди шундай натижа билан гуруҳда охирги ўринларда турган эди. «Қалдирғочлар» ўтган мавсумни ҳам «Ал-Наср» (буниси бошқа «Ал-Наср» - Дубайники) билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб бошлаган эдилар. Иккинчи турда эса ўз майдонларида «Персеполис»дан мағлуб бўлиб (0:1), орзуларимизни саробга айлантира бошлагандилар. Бу йил ҳам худди шу тарих такрорланмоқда.

«Суғур куни»ми? Қизиқ савол. Бу туришда бутун бошли мавсум «Бун-ёдкор» учун суғур йилига айланиб қолмаса бўлди эди...

 

«ПАХТАКОР»

«Шерлар» учун ўтган йилги Чемпионлар Лигаси анча муваффақиятли бошланган эди. Жамоа аввалига «Нафт»ни ўз майдонида 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди, кейин эса «Ал-Шабаб» билан сафарда жанговар дуранг қайд этди - 2:2. Ўша вақтда ҳаммаси жуда ажойиб кўринаётганди.

Аммо кейинчалик «Пахтакор»да кўп ўзгаришлар рўй берди. Аввалига Чемпионлар Лигасидаги омадсизликлар, кейин эса бош мураббий Бабаяннинг кетиши клуб ҳаётини буткул ўзгартириб юборди. Айниқса, Самвел Вячеславовичнинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига ўтиб кетиши клуб учун жуда оғриқли бўлди, шекилли. Жамоа шундан буён ўзига кела олмаяпти.

«Пахтакор» ички чемпионатда-ку, бу муаммоларни амаллаб енгди. Ўтган мавсум «шерлар» олий лигада олтин медалларни яна бир бор қўлга киритдилар. Аммо энди янги мавсумда ҳам бу ишни уддалаш у қадар осон бўлмаса керак. Чунки клуб мавсум оралиғида бир қатор етакчилардан айрилди. Боз устига, Чемпионлар Лигасида таъқиб этаётган омадсизликлар ҳам «дард устига чипқон» бўлиб турибди. «Пахтакор» ОЧЛни анча омадсиз бошлади. Дастлаб «Ал-Ҳилол» билан ўз майдонида дуранг ўйнаб (2:2), мухлислар кўнглида умид чироқларини ёққан бўлса, сафардаги 1:4 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ўша чироқ тугул анча-мунча машъала ҳам ўчиши та-йин.

Агар вазият «Пахтакор» учун ўзгаришсиз қоладиган бўлса, кейинги турлар ҳам мухлисларга хурсандчилик олиб келмайдиган кўринади.

«ЛОКОМОТИВ»

Ўтган мавсум билан солиштирганда, нисбатан яхшироқ натижага эришган жамоа «Локомотив» бўлиб турибди. «Темирйўлчилар» ўтган мавсумни «Ал-Ҳилол»дан учралган 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган эдилар. Иккинчи турда эса «Фулад»дан аранг 1 очко тортиб олинди - 1:1. Ўша вақт-да «темирйўлчилар» гуруҳда аутсайдерлардан бири бўлиб турган эдилар.

«Локомотив» ҳозир ҳам етакчи эмас, 2-турдан сўнг гуруҳда охирги ўринни эгаллаб турибди. Аммо ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, Мирко Еличич шогирдлари ҳозирча мағлубиятга учрашмади ва «Ал-Иттиҳод»га қарши кечган икки учрашувда ҳам 1:1 ҳисобидаги дурангни қайд этиб, икки очко ишлашга муваффақ бўлдилар. Шундай экан, «темирйўлчилар»нинг натижа борасида ўсишга эришганларини айтиш мумкиндир...

Худди бошқаларда бўлгани сингари ўтган бир йил давомида «Локомотив» бошқарувида ҳам катта ўзгаришлар кузатилди. Клуб бош мураббийи Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди ва мавсум охирига қадар жамоани Андрей Микляев вақтинча бошқариб туриши айтилди. Мавсум тугагач, Микляев бош мураббий лавозимига расман тайинланди.

Албатта, мураббийлар борасидаги беқарорлик натижага ҳам таъсир ўтказиши турган гап. «Локомотив» ўтган мавсумда бирорта совринни қўлга кирита олмади. Аммо жамоанинг бу йилдан умидлари жуда катта. Ким билади дейсиз, агар Чемпионлар Лигасининг кейинги тур баҳсларида янада яхшироқ натижа қайд этилиб, ғалабалар қўлга киритиладиган бўлса, балки орзулар рўёбга ҳам чиқиб қолар...

 

«НАСАФ»

Ўзбек клублари орасида барқарорлик борасида сўз очиладиган бўлса, шубҳасиз, «Насаф»га тенг келадигани топилмайди. Қаршиликлар мана тўрт йилдирки, бир мураббий қўл остида тўп сурмоқдалар. Рўзиқул Бердиевнинг бунга қадар ҳам «На-  саф»га бегона бўлмаганини назарда тутсак, жамоанинг бугунги барқарор ўйини сабабини излашга ҳожат йўқ.

Қаршиликлар учун ўтган мавсум анча омадли келди. Клуб ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Бунга қадар бир неча бор финал остонасида қоқилганларини инобатга олсак, «Насаф» учун бу совриннинг аҳамияти қай даражада юқори эканини тушуниб олиш қийин эмас. Боз устига, «аждарлар» охирги йилларда Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам мунтазам равишда иштирок этиб келмоқдалар.

«Насаф»даги барқарорлик Чемпионлар Лигасида ҳам бир йўсинда давом этиб келмоқда. Клуб ўтган йили гуруҳ баҳсларининг биринчи турида «Тракторсози»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган, иккинчи турда эса «Ал-Аҳли»га худди шундай ҳисобда мағлубиятга учраган эди. Қаршиликлар жорий мавсум ҳам худди шу натижани такрорладилар - аввал меҳмонда «Ал-Аҳли»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлдилар, кейин ўз майдонларида худди шундай ҳисобда ғолибликни қўлга киритдилар.

Ишонамизки, «Насаф» ўтган мавсумдагидек қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига гуруҳда қолиб кетмайди ва «плей-офф» босқичида ҳам мухлислар учун байрам уюштириб беради.

 

ЯКУНДА

Албатта, юқорида айтилган фикрлар - шунчаки, ОЧЛнинг ортда қолган иккита турида қайд этилган натижаларни ўтган йилги кўрсаткичлар билан таққослаш эди, холос. Умид қиламизки, кейинги баҳсларда клубларимиз яхшироқ натижаларга эришадилар, мағлубиятга учраганлар ғалаба қозониш учун қўлларидан келган барча ишни амалга оширадилар.

Муҳими - қўлларидан келадиган мана шу ишлар уларнинг гуруҳдан чиқишларига замин ҳозирласин. Акс ҳолда, яна ўтган йилгидек қуруқ қўл билан қолиб кетишимиз турган гап...

АБДУЛЛОҲ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:19, 14.03.2016.
Ўқилди: 4671 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.