18 март куни жамоамиз Ўзбекистон Кубогидаги иштирокини бошлайди. Пайшанба куни Мурод Исмоилов шогирдлари 1/16 финалда “НБУ Осиё” меҳмони бўлади.
Ушбу учрашув арафасида жамоамизнинг кубокдаги иштироки ҳақида қисқача маълумот беришга қарор қилдик.
Қўқонликлар 1992 йилдан бери ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Кубоги баҳсларида 14 марта иштирок этишган. (Олдин “Темирйўлчи” номи остида қатнашган).
Жамоамизнинг биллур соврин йўлидаги дастлабки юриши омадли бўлган. 1992 йилда “Темирйўлчи” мусобақа финалигача етиб борган. Ҳал қилувчи учрашувда пенальтилар сериясида мағлубиятга учраган. Финалгача вакилларимиз “Норин”, “Косонсойчи”, “Прогресс”, “Мароқанд (ҳозирги “Динамо”) жамоаларини доғда қолдирган.
1993 йилги мусобақа эса омадсиз бўлган. Вакилларимиз Олмалиқнинг “Кимёгар” жамоасига 1/16 финалда мағлуб бўлиб мусобақани тарк этган.
1994 йили эса 1/16 финалда “Кушон” (ҳозирги Косонсой)ни мағлубиятга учратиб, 1/8 финалда “Янгиер”га ютқазиб қўйган. Ўша йили янгиерликлар финалга қадар етиб боришган.
1995 йили эса 1/16 финалда “Шўрчи”, 1/8 финалда “Диёр” (Булунғур) мағлуб этилган. Чорак финалда “Навбаҳор”га ютқазилган. Ўша йили наманганиклар кубок соҳибига айланишган.
1996 йил. Гуруҳ босқичи тарзида ўтказилган ўйинларда жамоамиз “А” гуруҳида учинчи ўринни олган ва кейинги босқичга чиқа олмаган.
1997 йил. Биринчи босқичда “Шаҳрихон”ни мағлуб этган. Кейинги босқичда “Шурчи” доғда қолдирилган. 1/8 финалда “Андижон” тўсиғидан ўтилган. Чорак финалда эса “Нефтчи”га ютқазиб қўйилган. “Нефтчи” финалда ўйнаган.
1998 йил. 1/16 финалда “Атласчи” жамоаси доғда қолдирилган, 1/8 финалда “Сўғдиёна”га ютқазиб қўйилган.
1999/2000 йили 1/16 финалда “Ғазалкент”га мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган.
2001/2002 гуруҳ босқичида 2 ўринни олиб, 1/8 финалга чиққан. Нимчорак финалда “Нефтчи”га мағлуб бўлган. “Нефтчи” финалда ўйнаган.
2001/2002 1/16 финалда “НБУ Осиё” мағлуб этилган. 1/8 финалда “Шахрихон”да устун келган. “Насаф”га чорак финалда ютқазган.
2002/2003 гуруҳ босқичида биринчи ўриини олган 1/8 финалда “Бухоро”га ютқазган. Ўша йили жамоа “Қўқон-1912” номи остида иштирок этган.
Бир неча йил жамоамиз мусобақада қатнашмаган.
2013 йил. Биринчи босқич техник ғалаба, иккинчи босқичда “Сўғдиёна” мағлуб этилган. 1/8 финалда “Локомотив”га ютқазилган.
2014 йил. Биринчи босқичда “Ўз Донг Жу” иккинчи босқичда “Нефтчи” пенальтилар сериясида мағлуб этилган. 1/8 финалда “Пахтакор”га мағлуб бўлган.
Ўша “Нефтчи” билан бўлган учрашувни ҳамон қўқонлик футбол мухлислари мароқ билан эсга олишади. Ўшанда “Нефтчи”га жамоамизнинг ҳозирги бош мураббийи Муроджон Исмоилов устозлик қилганди.
2015 йил. Иккинчи босқичда “Хотира-79” мағлуб этилган. 1/8 финалда “Сўғдиёна”га ютқазиб қуйилган.