Ўтган йили АПЛдаги энг яхши трансферлардан бирига айланган Пайе «Вест Хэм» ишқибозлари кўнглидан жой олишга улгурди. Хўш, Англия чемпионатига мослашиш унинг учун осон бўлдими? Янги клубида ўзини қандай ҳис этмоқда? Евро-2016да миллий термаси сафидан ўрин эгаллашга умид қиляптими? Димитри FourFourTwo нашрига интервью бериш чоғида ушбу саволларга жавоб қайтарди.
Қойилмақом дриблинг, рақиб ҳимоясини ёриб ўтадиган аниқ узатмалар, жарима зарбаларидан дарвозанинг юқори бурчагини ажойиб тарзда ишғол қилиш - эндиликда Пайенинг сифатларидан ҳамма хабардор. Ваҳоланки, июнда премьер-лигага ташриф буюраркан, Димитри унчалик машҳур футболчи эмасди. Айнан шу омил унга қўл келди.
- Инкор этмайман: туманли ўлкадагиларнинг мени танимаслиги ушбу чемпионатга мослашишимда муҳим омил бўлди, - дейди Пайе. - Трансферга катта пул (10,7 млн. фунт) сарфланганига қарамай, ортиқча босимни ҳис қилмадим, шунчаки, ўз ишим билан шуғулланавердим. Гўёки, яна ёш ва нотаниш футболчига айланиб қолгандек эдим. Бироқ кейинчалик ҳамма аслида қандай ўйинчи эканимни тушуниб борди.
Пайе ҳар доим ҳам янги жамоасига бунчалик осон киришиб кетмаган. Айниқса, Францияда барқарорликка эришиши қийин кечган. Ҳар гал мослашиш учун вақт керак бўларди - битта учрашувда кўп жиҳатдан мукаммал ўйин намойиш этса, кейинги сафар майдонда йўқолиб қоларди. Мазкур ҳолат 12 ойдан сўнг ўзгара бошлади. «Сент-Этьенн», «Лилль» ва «Марсел»даги илк мавсумнинг 100та баҳсида Пайе 14та гол уриб, 12 марта голли узатма муаллифига айланган. Кўрсаткичлар вазиятдан далолат бериб турибди.
«Вест Хэм»да эса у гўёки «болғачилар» либосида майдонга тушишни бутун умр орзу қилган футболчидек тўп сурмоқда.
- Ўйлашимча, шунчаки, улғайдим, - дейди Димитри. - Ёш ўтгани сари тажриба тўпланиб, ўзингни турли вазиятларда қандай тутишни ўрганасан. «Марсел»да ўтказган икки мавсумим (2013-2015) фаолиятимда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ушбу клубдаги ўйинчиларга нисбатан босим шу қадар кучлики, ўз вақтида мувозанатни сақлаб, ҳар бир баҳсда ўзингнинг энг яхши ўйинингни кўрсатишинг талаб қилинади. Бир сонияга бўлсада бўшашишга ҳаққинг йўқ. Хуллас, «Марсел»даги чиғириқлардан муваффақиятли ўтдингми, демак бошқа клубда йўқолиб қолмаслигинг кафолатланади.
***
- «Марсел»даги иккинчи мавсумим мен учун омадли кечди (16та самарали тўп узатишни амалга оширган Пайе Лига 1нинг энг яхши ассистентига айланди). Славен Билич Францияда қандай ўйнаган бўлсам, «Вест Хэм»да ҳам шундай ҳаракат қилишимни хоҳлади - жамоа ўйинини ташкил этиш, майдондаги эркинликни йўқотмай, рақиб дарвозаси яқинида ақл билан иш тутиш. Қисқаси, мендан «Марсел»даги ишимни давом эттиришим сўралаётганди. Ўйлашимча, ушбу омил лондонликлар ўйинига тезда мослашишимда асқотди.
Лекин барибир, унинг ўйинига айрим ўзгартиришлар киритишга тўғри келди - премьер-лига Европадаги бошқа чемпионатлардан фарқли ўлароқ, жисмоний ҳолат бўйича талабчанроқ.
- Англияда жисмоний тайёргарлик, шиддат ва тезлик Лига 1дагига нисбатан юқори, - дейди Пайе. - Қисқа муддат ичида мослашишга тўғри келди. Техниканинг бўлгани яхши, аммо жисмоний тайёргарликсиз туманли ўлка майдонларида натижа кўрсатиш қийин. Миллий терма йиғин ўтказаётган кезлари АПЛда тўп сурадиган футболчилар Англияда оддий ўйинларнинг йўқлиги, ҳар бир жамоада даражаси юқори ўйинчилар борлиги, қишда танаффус берилмаслиги туфайли катта куч сарфланиши ҳақида кўп гапиришарди. Хуллас, мени нима кутаётганини тушуниб турардим.
***
- «Вест Хэм»нинг Олимпия стадионига ўтиши «болғачилар» сафига ўтишимда муҳим омил бўлди. Клуб ривожланмоқда, янги арена бунга яққол далил. «Вест Хэм» тарихида янги саҳифа очилмоқда, мен ҳам унга ўз номимни ёзмоқчиман. Дарвоқе, «Лилл»га ўтганимда ҳам клуб янги стадионга кўчганди. «Марсель» таркибига эса «Велодром» реконструкция қилинганидан сўнг қўшилгандим. «Вест Хэм»да учинчи марта шундай ҳолатга дуч келдим. Ўйлашимча, бу тўғри қарор қабул қилганимдан далолат.
***
- «Лилл»да Жо Коул билан ўйнаш бахтига муяссар бўлдим. У «Вест Хэм» ҳақида гапираркан, сўзларидан ушбу клубга меҳри бўлакча экани яққол сезилиб турарди. Айниқса, ишқибозларни алоҳида тилга оларди. Шундай экан, нимадан умид қилишим мумкинлигини тахминан билардим. Қолаверса, мураббий ҳам танловимга таъсир кўрсатди. У мендан айнан нима хоҳлаётганини аниқ-тиниқ тушунтиргач, клубга чиндан ҳам кераклигимни англадим. Мен учун жамоа устози билан яхши муносабатда бўлиш жуда муҳим.
***
- «Вест Хэм» ишқибозларининг қўллаб-қувватлаш даражаси худди «Сент-Этьенн» ва «Марсел»даги билан ўхшаш - мухлислар ўз клубларини жуда севишади. Фақат, инглизлар нисбатан сабрлироқ эканлар, вазиятни тўғри тушунишади. Бу омил ўйин қовушмаса ёки жамоа мураккаб даврни бошдан кечираётган паллаларда асқотади. Шундай ҳолатларда ишқибозлар бизга далда беришади. Натижада, мураббий ва футболчиларда вазиятни ўнглаш имконияти туғилади.
***
- Тўғрисини айтсам, дастлаб «Вест Хэм» кўп жиҳатдан менга «Сент-Этьен»ни эслатарди - бу ердагилар ҳам ўз клублари учун жонларини беришга тайёрлар. Уйдами ёки сафарда, Лондонами ёки Англия шимолида - фанатлар бизни ҳар бир баҳсда қўллаб-қувватлашмоқда ва бу ҳаракатлар бесамар якунланмаяпти.
***
- Одатда, хотиржамликни сақлайман, аммо баъзан ўзимни назорат қилишим қийин кечади, - дейди Пайе. - Оқибатда, атрофимдагиларнинг жонига тегишим мумкин. Буни жуда яхши тушуниб тураман. Англияда феъл-атворимдаги бу нуқсонларни ҳали ҳеч ким кўрмади, кейинчалик ҳам кўришмайди, деган умиддаман. Улғайдим, эндиликда ўзимни бошқачароқ тутишга интиляпман. Кўп нарса жамоадошларим ва мураббий билан ўртамиздаги муносабатларга ҳам боғлиқ. Шу масалада ҳаммаси жойида бўлса, бошқа муаммоларни ечиш мураккаблик туғдирмайди. Ҳозир бизда барчаси бинойидек.
Пайедан «Вест Хэм»га ўтганидан сўнг рўй берган энг таъсирланарли ҳолат ҳақида сўралганида, у узоқ ўйланиб ўтирмай жавоб қайтарди:
- Ушбу воқеа жароҳатимдан тикланиб, «Ливерпул»га қарши баҳсга тайёргарлик кўраётган пайтим рўй берган. Икки ойни майдондан ташқарида ўтказиш менга оғир эди. Айниқса, тасодифий ҳолатда жароҳат олмаганим алам қиларди. Жеймс Маккарти атайин шундай «подкат» ишлатганди. Ишқибозлар эса мени ғаройиб тарзда қарши олишди, буни асло унутмайман. Улар ўз жамоаларини шунчалик яхши кўришадики, бундай мухлислар учун тўп суриш роҳатнинг ўзгинаси.
Пайе ўтган йили Англия футболидаги энг яхши харидлардан бирига айланишга улгурди. Шунга қарамай, унинг Франция термаси сафида Еврога бориш имкониятлари ҳамон юқори баҳоланмаяпти. Қаҳрамонимиз миллий жамоада ўтган йилнинг июнида кўриниш берганди. Албанияга қарши баҳсда танаффусдан сўнг Димитрининг ўрнига бошқа футболчи тушганди. Унга Набиль Фекир, Антуан Гризманн, Матье Вальбуэна, Антони Мартиаль, Кингсли Коман ва Хатем Бен Арфалар билан бир вақтда туғилиш насиб этмаган экан. Афтидан, Дидье Дешам аллақачон бир тўхтамга келиб улгурган. Пайе эса ўзини кўрсатиши учун имконият беришмаганидан афсусланиб қолаверади, чоғи. Йигирма йил аввал Эрик Кантона ҳамда Давид Жинола Евро-1996дан четда қолишган, ваҳоланки, улар премьер-лигада порлашаётганди. Пайени ҳам худди шундай қисмат кутаётганга ўхшайди.
- Миллий термамизда мавсум бошидан буён барқарор таркиб шаклланиб улгурган, у ерда менга жой йўқ. Бунга кўнишга тўғри келади. Ростини айтсам, ҳозир бутун диққат-эътиборим «Вест Хэм»га қаратилган. Қўлимдан келадигани - яхши футболчи намойиш этиш. Олдимизда кўплаб муҳим ўйинлар кутмоқда, турнир жадвалидаги ўрнимиздан ҳам нолимасак бўлаверади. Мавсумни кўнгилдагидек якунлаш ниятидамиз.
Унга Европа чемпионатини телевизор орқали кузатиш оғир бўлади. Аммо «Вест Хэм» ишқибозлари бундан заррача ранжимайдилар. Пайе уларга соғлом ва клуби шарафини ҳимоя қилишга тайёр ҳолатда керак. Эндиликда Димитри «болғачилар»нинг бир қисми. «У Зидандан кучли», деб куйлашади «Вест Хэм» мухлислари. Бу эътироф борасида тортишиш мумкиндир, аммо лондонлик ишқибозлар Пайени бошқа бирор футболчига алмаштирмасликлари тайин.