Ўзбекистон ва Филиппин терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Самвел Бабаян иштирок этди.
— Кутганимдек, ўйин оғир кечди. Рақиб қандай ўйнашни биладиган жамоа. Шубҳасиз, Филиппин дарвозабони ўйин қаҳрамонига айланди. Рақиб футболчисининг четлатилиши бизнинг зараримизга ишлади. Четлатишдан кейин улар тўлиқ ҳимояга ётиб олишди. Муҳими 3 очкони қўлга киритдик. Шундан хурсандман.
— Жамоа икки таянч ярим ҳимоячиси билан ўйнаётганида тўпни олиб қўйиш ва ҳужумни бошлаш яхши бўлаётганди. Одил олдинроққа ўтиб ўйнаганидан кейин бу ҳолат сустлашиб қолди. Бу ўйиндан келиб чиқилган вазиятми ёки шундай кўрсатма берганмидингиз?
— Ўйин бошидан охиригача 2 таянч ярим ҳимоячи билан ўйнадик. Вазиятдан келиб чиқиб Одил олдинга ўтиб ўйнашга мажбур бўлди. Соҳибов ҳужумни бошлаш борасида ҳали етарлича маҳоратга эга эмас.
— Баҳрайн билан ўйинда таркибда ўзгаришлар бўладими?
— Бугун бўлиб ўтаётган бошқа гуруҳларда натижалардан кейин навбатдаги босқичга чиқишимиз 100% ҳал бўлса, унда таркибда ўзгаришлар қилишим мумкин.
— Жепаров олиб ташланганидан кейин бурчак тўплари яхшироқ ижро этила бошлади.
— Сервернинг чап оёғи кучли. Айнан чап оёқдаги ўйини туфайли у икки марта Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлди. Шунчаки, Жепаров ҳозир функционал жиҳатдан юқори савияда эмас. У "Локомотив" сафида жароҳат олиб, энди тикланмоқда. Бошқа томондан Филиппин яхши ўйнади. Шунингдек, ўйиндан олдин белгилаб олган комбинацияларимиз бугун чиқмади. Бу комбинацияларни кейинги ўйинга қолдирдик.
— Мен бу саволни Абрамовга ҳам, Қосимовга ҳам берганман. Аммо улар аниқ жавоб беришмаган. Вазиятлардан унумли фойдалана олмасликнинг асосий сабаби нимада?
— Барчасига футбол ўйини айбдор. Футболнинг буюклиги ҳам шунда. Катта устунликка эга бўла туриб, юқори босим остида ўйнаш осон эмас. Яна бир марта такрорлайман, Филиппин кучсиз жамоа эмас. Бугун учрашувнинг энг яхши ўйинчиси - бу дарвозабон. Унинг ўйинини Англия Премьер-лигаси мураббийи кўрса, уни ўз жамоасига таклиф қилган бўларди.
— Бугунги ўйини учун Александр Гейнрихга алоҳида миннатдорчилик билдирасизми?
— Бизда аҳил оиламиз. Футболчиларни ажратиб ўтирмаймиз. Кимдир асосий таркибга тушмаса, бундан хафа бўлмайди. Мен фақат Гейнрихга эмас, бутун жамоага миннатдорчилик билдирган бўлардим.
Олдимизда сўнгги ўйин турибди. Унда ғалаба қозониб, ўз йўлимизда давом этишимиз керак. Ўз номимдан ва футболчилар номидан стадионга ташриф буюрган мухлисларга раҳмат айтаман. 29 март куни Баҳрайнга қарши бўладиган ўйинга ҳам ташриф буюриб, бизни қўллаб-қувватлашларини истардим.