Кириш Регистрация

Арзонга тушган иқтидорларни биласизми?

Баҳо:
+ | -

Футболчиларни арзон нархда қўлга киритиб, кейинчалик уларнинг нархини кескин оширишда Германия клублари пешқадамлар қаторида юришади. FootballHD.ru бу гал «Боруссия» Дорт­мунднинг трансфер бозоридаги муваффақиятлари ҳақида сўз юритади.

Ҳозирда ушбу клуб футболчилар сотиб олишга катта пул сарфлай олади. Ваҳоланки, яқин ўтмишда дортмундликларда юзага келган қарздорлик ҳар бир жабҳада иқтисод қилишни тақозо этганди. Аммо «Боруссия» футболчиларга катта пул сарфлаш муваффақиятнинг асосий омили эмаслигини исботлаб берди.

Роберт Левандовски - 2010|2011 йиллар мавсуми

Баҳоси: 4,7 миллион евро

Аввалги клуби: «Лех»

Статистикаси: бундеслигада 131та ўйин (74та гол)

Левандовскининг «Бавария»га ўтиши ҳақида кўп гапирилган, аммо ушбу футболчини бугунги рўйхатга киритмасак адолатдан бўлмасди. «Боруссия»нинг юксалиш давридаги рамзлардан бирига айланган польшалик ҳужумчини қайсидир маънода Дортмунднинг Герд Мюллерига қиёслаш мумкин. 22 ёшида бундеслигага кириб келган Левандовски учун ушбу чемпионатга мослашиш учун бир мавсум кифоя қилди. Кейинчалик айнан Роберт­нинг бевосита ёрдами эвазига «қовоғарилар» 2011|2012 йиллар мавсумида қаторасига иккинчи чемпионликни нишонлашди, мамлакат кубоги финалида «Бавария» 5:2 ҳисобида мағлуб этилгач, бош совринни қўлга киритишди. Ўша ўйинда польшалик форвард «хет-трик» муаллифига айланди. Левандовски ривожланишда давом этаверди, «Боруссия» эса келгуси мавсум ЕЧЛ финалигача етиб борди. Роберт ўша йили мазкур турнирнинг ярим финалида «покер» қайд этди. Жабрдийда - «Реал».

Кейинчалик дортмундликлар янгиланишга эҳтиёж сезишди, гўёки, Клопп жамоси ўзининг энг юксак чўққисини забт этиб бўлгандек эди. Гётце Мюнхенга кетгач, дортмундликлар ундан хафа бўлишди. 2014 йилнинг январига келиб эса Левандовски ҳам «Бавария» либосини кийди. Мазкур трансфердан «Боруссия»­га ҳеч нима тегмади, зеро польшалик футболчи клубни эркин агент сифатида тарк этганди. Шунга қарамай, Робертга сарфланган 4,7 миллион евро Дортмунд жамоаси тарихидаги энг омадли харажатлардан бирига айлангани аниқ.

Матс Хуммельс - 2008|2009 йиллар мавсуми

Баҳоси: 4,2 миллион евро

Аввалги клуби: «Бавария»

Статистикаси: бундеслигада 215та ўйин (19та гол)

Бунга ишониш қийиндир, аммо «Бавария» бир вақтлари Бренони сотиб олиш мақсадида ўз тарбияланувчиси - Матс Хуммельсдан воз кечган. Яшаш хонадонига ўт қўйганликда айбланиб, қамоққа олинган бразилиялик ҳимоячи яқинда озодликка чиқди. Хуммельс эса ҳозирда Дортмунднинг «Боруссия» клуби сардори ҳисобланади.

Матснинг салоҳиятини ўз вақтида пайқаган Юрген Клопп уни ҳимоя марказида Суботич билан ёнма-ён ўйнатишга қарор қилди. Ҳозир «Ливерпул»ни бошқараётган мутахассис адашмабди - ушбу жуфтлик ҳозирги кунда дортмундлик ишқибозлар ишончини оқламоқда. Қишда Тухель билан чиқиша олмаётгани туфайли Хуммельснинг тез орада трансферга қўйилиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Аммо Матс ўз клубига содиқ, ҳеч қаерга кетмаса керак. Ҳар ҳолда, у жароҳатлар туфайли ҳимоячиларидан айрилган «Бавария»нинг таклифини рад этди.

 

Себастьян Кель - 2001|2002 йиллар мавсуми

Баҳоси: 3,2 миллион евро

Аввалги клуби: «Фрайбург»

Статистикаси: бундеслигада 274та ўйин (20та гол)

Себастьян Кель - «Боруссия» учун алоҳида аҳамият касб этувчи шахс. Муболағага йўйманг-у, клубнинг ҳақиқий афсонасига айланган, унинг обрўсига манаман деган танқидчилар ҳам шубҳа қилишмаслиги та­йин. Ўз вақтида Келни Дайслер сингари немис футболининг асосий иқтидорлари сифатида эътироф этишган, бироқ уларнинг ҳар иккисига ривожланиш йўлида жароҳатлар панд берган. Умуман олганда эса, Келнинг фаолияти адашиникига нисбатан муваффақиятлироқ кечган.

У «Боруссия»га келиши ҳамоно можароларга тўқнаш келган. «Фрайбург»даги бир ярим мавсумида 40та ўйинда иштирок этган футболчига «Бавария» жиддий қизиқиш билдириб, ҳаттоки, у билан бошланғич шарт­номани тузишга ҳам улгурганди. Аммо кейинчалик Келнинг фикри ўзгариб, Дортмундга йўл олишга қарор қилди ва шу тариқа, Ули Хёнесснинг ғазабига учради. Себастьян бу қароридан мутлақо афсусланмаган бўлса, ажабмас, зеро дастлабки мавсумнинг ўзидаёқ «Боруссия» сафида Германия чемпионлигини қўлга киритди.

Кейинчалик унга кетма-кет олинган жароҳатлар халал берди, лекин барибир, Келнинг ақлли ўйнаши, ҳар қайси ярим ҳимоячилар йўлини ўз вақтида тўса олиш қобилиятига ҳеч ким шубҳа қилмасди. 2008 йили Юрген Клинсманн яна бир бор Келни «Бавария»га олишга уриниб кўрди. Футболчининг шартномаси якунланганини инобатга олсак, мазкур келишув мюнхенликлар учун текинга тушиши мумкин эди. Бироқ Себастьян яна рад жавобини берди ва охиригача «Боруссия»га содиқ қолди. Кель 2015 йили 35 ёшида профессионал фаолиятига якун ясади.

 

Кристоф Метцельдер - 2000|2001 йиллар мавсуми

Баҳоси: 200 минг евро

Аввалги клуби: «Пройсен»

Статистикаси: бундеслигада 126та ўйин (2та гол)

«Шальке» Метцельдердаги иқтидорни ўз вақтида пайқагач, келажаги порлоқ ҳимоячи ушбу клубнинг ёшлар жамоасида тўп сурди. Кейинчалик 19 ёшли Кристоф кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида Мюнстернинг нотаниш клуби - «Пройсен»га йўл олди. У ерда ўз даражасини кўрсата олган футболчи «Боруссия» клуби скаутлари эътиборини ўзига тортди. Метцельдер Дортмундга ортиқча иккиланишларсиз равона бўлди. Биринчидан, юқори даражада ўйнаш учун имконият туғилган бўлса, иккинчидан, уйидан узоққа кетишига ҳожат қолмасди.

Кристоф «Боруссия» таркибидаги дастлабки мавсумдаёқ Германия термасидан чақирув олди, бир йилдан кейин эса бундеслигада ғолиб чиқди. Унинг келажаги порлоқ эди. 2002 йили 23 ёшлилар ўртасида Европанинг энг яхши футболчиси номига лойиқ кўрилиши ҳам шундан далолат. У миллий жамоа билан бирга ЖЧ-2002 финалигача етиб борди. Ўз навбатида, Германияда ўтган 2006 йилги мундиалда Мертезакер ҳамроҳлигида ҳимоя мустаҳкамлигини таъминлади.

Энг катта муаммолар сифатида яна жароҳатларни кўрсатиш мумкин. Улардан бири 2003 йили рўй бериб, Метцельдер бир ярим йилни майдондан ташқарида ўтказишга мажбур бўлди. Кейинчалик барибир, «Реал» сафида юқори даражали футбол намойиш этишга уринди. Аммо афсуски, саломатлиги бунга йўл қўймади. Мадриддаги учта мавсумида умумий ҳисобда примерода 23та ўйинда майдонга тушди. Натижада, бундеслигага қайтишга мажбур бўлди - унинг хизматларига «Шальке» эҳтиёж сезди. Гельзенкирхенликлар сафида мамлакат кубоги қўлга киритилди, ЕЧЛ ярим финалига чиқди. Бироқ 2012|2013 йиллар мавсумида Метцельдер яна жароҳатланиб, 32 ёшида фаолиятини якунлашга қарор қилди.

 

Роман Вайденфеллер - 2002|2003 йиллар мавсуми

Баҳоси: текин

Аввалги клуби: «Кайзерслаутерн»

Статистикаси: бундеслигада 339та ўйин

Вайденфеллернинг «Кайзерслаутерн»да ишлари унчалик юришмади. Иккита мавсумда 6та ўйин - ёш дарвозабон ҳавас қилган натижа эмасди. Шу боис, Дортмундга бориб, Леманнга муносиб ўринбосар бўлишга уринди. Йенс бир йилдан сўнг Лондонга йўл олгач, Роман асосий таркибдан жой эгаллади. Дастлаб у кўплаб хатоларга йўл қўйди, оқибатда, мураббийлар штаби ишончини йўқотиб, захира ўриндиғига жойлашди. Ўша кезлари маҳоратли Вармюзе билан юзага келган рақобатда ютқазганди.

2004|2005 йиллар мавсумида Вайденфеллер яна жамоанинг биринчи рақамли посбонига айланди ва ўтган йилги чемпионатга қадар бу номни ўзида сақлаб қолди. Роман термада ўйнамади, аммо Дортмунддаги обрўси шубҳадан холи. «Қовоғарилар» либосида барча турнирларда 400дан ортиқ ўйинда майдонга тушди. Ҳозирда 35 ёшли фахрий дарвозабон захирага қайтиб, кези келганда ҳозирги асосий посбон - Роман Бюркининг ўрнини эгалламоқда.

Шунингдек...

Илкай Гюндоган («Нюрнберг», 5,5 миллион евро) - 2011|2012

Невен Суботич («Майнц», 4,5 миллион евро) - 2008|2009

Роман Бюрки («Фрайбург», 3,5 миллион евро) - 2015|2016

Лукаш Пишек («Герта», текин) - 2010|2011

Шинжи Кагава («Сересо Осака», текин) - 2010|2011

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:16, 26.03.2016.
Ўқилди: 3738 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.