Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси айни дамда пойтахтимизда бир ҳафталик йиғин ўтказмоқда.
23 мартдан йиғинга киришган ёшлар терма жамоамизнинг Баҳрайнда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига кўраётган тайёргарлиги ва айни дамда ўтаётган йиғини борасидаги саволлар билан sports.uz мухбирлари терма жамоа устози Жасур Абдураимовдан интервью олишди.
- Жасур ака, ушбу йиғин тўғрисида батафсил маълумот берсангиз.
- Осиё чемпионатининг финал босқичига тайёргарлик кўриш учун 23 март куни навбатдаги йиғинни бошладик. Шу билан 30 мартга қадар йиғинни давом эттирамиз. Ҳар куни икки маҳалдан машғулотлар олиб боряпмиз. Режамизга кўра, 28 март куни Олий лига вакили Бекободнинг “Металлург” жамоасининг асосий таркиби билан ўртоқлик учрашувмиз бор. 30 март куни эса биринчи лигадан бирон бир жамоага қарши ўйинимиз бор. Катта эҳтимол билан бу “Локомотив БФК” клуби бўлади.
- Таркибга янги ўйинчилар жалб этилмоқдами?
- Ҳа, таркибга янги уч тўрт футболчини таклиф қилганмиз. Уларни кўриб чиқяпмиз. Селекция ишлари давом этмоқда. Федерация бизга шу йиғинни ташкил имконини берди. Бундан унумли фойдаланиб барча режаларимизни кўнгилдагидек ва тинч ҳолатда амалга оширишини ният қилганмиз. Иш режамиз зич равишда тузилган. Назарий ва тактик жиҳатдан кўп ишлаяпмиз. Апрел-Май ойида ҳорижда йиғинларни режалаштирганмиз. Қайси давлатда ўтишини эса кейинроқ маълум қиламиз.
- Бундан ташқари яна қандай ўйинлар бўлади?
- Тошкентда халқаро турнир ўтказишни ўйлаб турибмиз. Эҳтимол билан пойтахтимизда бир ёки иккита турнир ўтказишни режалаштиряпмиз. Бу борада ташкилий ишлар олиб борияпти. Қайси термалар бўлиши борасида ҳам музокаралар кетяпти.
- Йиғин ўтказиш жараёнида сиз таҳминий, режангизга кўра терма таркиби шаклланаётган бўлса керак?
- Терманинг асосий таркиби амалда 80% аниқ бўлиб улгурган. Ҳар ҳолда бу ёшда биз яна футболчиларни кўриб чиқишимиз керак. Юқорида айтиб ўтганимдек, селекция ишлари давом эттириляпти. Август ойига қадар футболчиларни кўриб чиқишда давом этамиз. Чунки ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Ишимиз етарлича. Деярли барча ҳудудлардан футболчиларни кўриб чиқиб, таклиф қиляпмиз. Энг яхшиларни танлаб олганмиз. Нима бўлганда ҳам яна янги футболчиларни чақирамиз. Терма асоси 80%га шаклланган.