Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қўл етмас «шалпангқулоқ»

Баҳо:
+ | -

Драматик тарзда кечган «Бавария»-«Ювентус» қарама-қаршилиги хорижлик касбдошларимизни тарихга назар солишга ундади. Боиси, «кекса синьора»нинг тирик афсонаси - Жанлуижи Буффон бу йил ҳам клуб футболининг бош соврини - ЧЛ кубогини қўлга киритиш имкониятидан маҳрум бўлди. Ваҳоланки, Туриндаги жанговар (2:2) натижадан сўнг 38 ёшли посбон ва унинг жамоадошлари Мюнхенда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Бироқ сўнгги дақиқаларда мувозанатни тиклаган «Бавария» «овер-тайм»­ларда яна 2та гол уриб, Буффон жамоасини турнирдан чиқариб юборди. Оқибатда, машҳур дарвозабон коллекциясидаги кубок учун ажратилган жой бўшлигича қолди. Қуйидаги мақола посбон қисматдошлари - «шалпангқулоқ» совринига етишолмаган италиялик футбол юлдузлари ҳақида.

Дино Зофф («Удинезе», «Мантова», «Наполи», «Ювентус»)

Натижалари: Италиянинг 6 карра чемпиони; Италия кубогининг 2 карра соҳиби; УЕФА кубоги соҳиби; жаҳон ва Европа чемпиони; ФТСХФ таснифи бўйича ХХ асрнинг иккинчи рақамли дарвозабони.

Италия дарвозабонлар мактабининг ёрқин намояндаларидан бири ҳақли равишда афсонавий Лев Яшиндан кейин дунёнинг энг яхши посбони сифатида эътироф этилганди. Дино «Ювентус» шарафини 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳимоя қилди, ЕЧКдан бошқа барча нуфузли совринларни қўлга киритган. Лекин иккинчи томондан, Зоффни Буффонга ибрат сифатида кўрсатиш мумкин. Ахир у ўзининг охирги халқаро совринига 40 ёшида, сўнгги имкониятидан самарали фойдаланиш оқибатида эришганди. Дино бутун фаолияти давомида ЖЧда ғолиб чиқишни орзу қилганлигини эътироф этганди. 1982 йили у «мовий гвардия»нинг асосий посбони эди, «А» серия­нинг 1981|1982 йиллар мавсумида 30 марта майдонга тушиб, атиги 14та гол қўйиб юборган. Энцо Беарзот жамоасида Дино шунчаки етакчи эмас, жамоадошларини олға ундовчи сардор ҳам эди.

Фабио Каннаваро («Наполи», «Парма», «Интер», «Ювентус», «Реал», «Ал-Аҳли»).

Натижалари: Испаниянинг 2 карра чемпиони; Италия кубогининг 2 карра соҳиби, УЕФА кубоги соҳиби; жаҳон чемпиони; жаҳон ва Европанинг 2006 йилдаги энг яхши футболчиси.

Каннаваро - жаҳон футболи тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири. Жисмоний кўрсаткичлари камтарона бўлишига қарамай, Фабио ўзининг номдор касбдошларини ортда қолдирди ва «Олтин тўп» сов­ринига сазовор бўлди. Неаполлик футболчи ЖЧ-2006даги фантастик ўйинлари эвазига нуфузли совринга эга бўлган, «скуадра адзурра» эса жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганди. Қизиғи, Германия мундиалидан кейин Каннаваро «Берлин девори» тахаллусига лойиқ топилди. Аммо Фабионинг клуб миқёсида ишлари унчалик юришмади. Биринчидан, у 19 йиллик фаолиятида бир марта бўлсада скудеттони қўлга кирита олмади. Иккинчидан, ЧЛда ҳам омади келмади - ҳатто финалда тўп суриш бахтига ҳам эришолмади. Ваҳоланки, фаолиятининг ярми «Интер», «Ювентус» ва «Реал»дек гранд­ларда ўтганди. «Шалпангқулоқ» йўлидаги энг яхши натижага Каннаваро 2002|2003 йиллар мавсумида эришди. Ўшанда «кекса синьора» ярим финалда «Милан»дан мағлуб бўлганди. Фабио «Қироллик клуби» билан ҳам ЧКни қўлга киритолмади.

Жузеппе Бергоми («Интер»)

Натижалари: 2 карра Италия чемпиони; Италия кубоги соҳиби; УЕФА кубогининг 3 карра соҳиби; жаҳон чемпиони.

Маълумки, Италия юксак савияли ҳимоячиларни тарбиялаши билан шуҳрат қозонган. Жиддий нигоҳлари билан «амаки» лақабига лойиқ кўрилган Жузеппе 80-90 йилларда «Интер» ҳимоя қўрғонининг асосий устунларидан бири эди. У бутун куч-маҳоратини «нерадзуррилар»га бағишлаб, 500 мартадан кўпроқ майдонга тушди. Ҳимоячининг ишончли ҳаракатлари, вазиятга тўғри баҳо бериши, яккакурашларда чекинмаслиги эвазига «Интер» 3 марта УЕФА кубоги мусобақаларида зафар қучди. Аммо ЕЧК Бергоми учун ушалмас орзулигича қолаверди. Бироқ нуфузли совринга эриша олмагани «амаки»нинг фаолиятига соя солмади. Ҳимоячи узоқ вақт давомида Италия термасига сардорлик қилди, 4 марта ЖЧ ва битта Европа чемпионатида иштирок этди. ХХ асрнинг энг яхши ҳимоячиларидан бўлган Бергоми ЖЧ-1982да олтин, ЖЧ-1990 ва Евро-1988 мусобақаларида бронза медалларига сазовор бўлди.

Жанлука Замбротта («Комо», «Бари», «Ювентус», «Барселона», «Милан», «Кьяссо»).

Натижалари: 3 карра Италия чемпиони; жаҳон чемпиони.

Бу футболчи ҳам 2006 йили жаҳон чемпиони бўлди, 3та гранд жамоада ўйнади. Лекин, на «Барселона», на «Ювентус» ва ёки «Милан» сафида ЧЛнинг ғолибига айланолди. 2002|2003 йиллар мавсумида Замброттанинг «Юве»си нуфузли турнирнинг финалига чиқиб, Манчестерда «Милан» билан куч синашди. Асосий ва қўшимча бўлимларда ғолиб аниқланмагач, навбат пенальтилар сериясига етди ва «Олтин тўп»­нинг бўлажак соҳиби - Андрей Шевченконинг аниқ зарбаси кубок тақдирини ҳал қилди. Замбротта эса «Барселона»га йўл олди. Бу жамоа билан ҳам ҳеч нарсага эришолмагач, «Милан»га ўтди. Афсуски, бу пайтда «россонерилар» инқироз кўчасига кириб қолишганди.

Франческо Тотти («Рома»)

Натижалари: Италия чемпиони, Италия кубогининг 2 карра соҳиби; жаҳон чемпиони; «Олтин тўп» соҳиби.

Тотти совринларининг сони ва хилма-хиллиги билан мақтана олмайди. Ҳаттоки, Марио Балотелли ҳам клуб миқёсидаги ғалабалар бўйича «император»дан ўзиб кетди. Ҳар ҳолда, унда битта «шалпангқулоқ» бор. Таъкидлаш жоизки, ЧЛда ғолиб чиқолмаганлиги Ческонинг айби эмас, балки «бўрилар»га садоқати учун ўзига хос хун дейиш мумкин. Тотти 24 йилдан буён «Рома» шарафини ҳимоя қилади. Аммо римликлар вафодор сардор етакчилигида ЧЛнинг чорак финалидан нарига ўта олишмаяпти. Тоттининг ўзига келсак, у нуфузли турнир тарихидан гол урган энг кекса футболчи сифатида жой олди.

Кристиан Вьери («Торино», «Пиза», «Равенна», «Венеция», «Аталанта», «Ювентус», «Атлетико», «Лацио», «Интер», «Монако», «Фиорентина»).

Натижалари: Италия чемпиони, кубок эгалари кубоги соҳиби, «Интер» тарихидаги рекорд харид; Италия терма жамоасининг ЖЧлардаги голлар бўйича рекордчиси.

Асрлар алмашинуви давридаги энг яхши ҳужумчилардан бири ҳам ЧЛ борасида мақтана олмайди. Қайси жамоада тўп суришидан қатъий назар, Вьери ўзининг жисмоний қудрати, позицияни тўғри танлаш қобилияти, кучли зарбалари ва «иккинчи қават»да самарали ўйнай олиш фазилати билан ажралиб турарди. У 1999 йили «Лацио» билан кубок эгалари кубогини қўлга киритди. Лекин 1997 йили Дортмунднинг «Боруссия» клуби сафида ЧЛ тарихидаги энг яхши финаллардан бирини намойиш этди. Карл-Хайнц Ридленинг «дубл»и, Алессандро дель Пьеронинг қо­йилмақом тарз­да урган жавоб голи ва Ларс Риккеннинг фантастик голини мухлислар ҳозир ҳам эслаб юрадилар.

Роберто Баджо («Виченца», «Фиорентина», «Ювентус», «Милан», «Болонья», «Интер», «Брешиа»).

Натижалари: 2 карра Италия чемпиони; Италия кубоги, УЕФА кубоги соҳиби; жаҳоннинг 1993 йилдаги энг яхши футболчиси.

«Мовий гвардия»­нинг рамзларидан бирига айланган футбол афсонаси 3та мундиалда иштирок этган. Лекин бир марта бўлсада шоҳсупага кўтарилмаган. Баджо ЖЧ-1994нинг финалида пенальтидан Бразилия дарвозасини ишғол этолмаганини барча мухлислар яхши билишади. Ҳа, Роберто ўзининг юксак салоҳиятини халқаро мусобақаларда намойиш этолмади. Бу борада Баджо Рим императорини эслатади. Лекин жамоага садоқат борасида Тоттининг тамоман акси. ЧЛдаги фаолияти ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади - нуфузли турнирда у бор-йўғи 10 марта майдонга тушди. 1996|1997 йиллар мавсумида Баджо «Милан» билан гуруҳдан чиқолмади, «Интер» сафида чорак финалга етиб борди, совринларнинг бўлажак соҳиби - «МЮ»дан енгилди. Лекин Баджонинг клуб миқёсидаги халқаро сов­ринлари умуман йўқ эмас: 1992|1993 йиллар мавсумида у «Ювентус» сафида УЕФА кубогини қўлга киритди.

Жанлуижи Буффон («Парма», «Ювентус»).

Натижалари: Италиянинг 8 карра ғолиби; Италия кубогининг 2 карра соҳиби; УЕФА кубоги соҳиби: жаҳон чемпиони; ФТСХФ таснифи бўйича жаҳоннинг энг яхши дарвозабони.

Ниҳоят, ЧЛнинг сўнгги энг омадсиз иштирокчисига навбат келди. Буффон ўзининг шонли фаолияти давомида 2та финал иштирокчиси бўлди: 2003 йилдаги пенальтилар сериясида Дида унга қараганда биттага кўпроқ зарбани бартараф этганди. Ўтган йили эса нурли чўққига атиги бир қадам қолганида мукаммал «Барселона» халал берди. Лекин Буффон футбол оламининг буюк дарвозабонларидан бири сифатида тарихдан жой олади. 2006 йилдаги жаҳон чемпиони, скудетто бўйича ўрнатилган рекорд, «А» сериясидаги «қуруқ ўйинлар» бўйича бугун-эрта ўрнатиладиган рекорд кўрсаткичлар шундан далолат бермоқда. Сараларнинг сараси иштирок этадиган нуфузли турнирда тўп суришнинг ўзиёқ футболчини афсонага айлантиради. Ҳатто, у «шалпангқулоқ»ни боши узра кўтармаган бўлса ҳам!

Манба: Footballhd.ru,

И. РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:23, 03.04.2016.
Ўқилди: 3732 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.