Бу йилги мавсумда «Бухоро» ўз таркибига олий лиганинг кўзга кўринган футболчиларини қўшиб олиб, кенг оммага мақсади жиддий эканлигини билдириб қўйди. «Пахтакор»дан Александр Мерзляков, Баҳодир Пардаев таклиф этилди. Шунингдек, Камолиддин Мурзоев, Шавкат Саломов, Артем Филипосян каби тажрибали ўйинчилар ҳам кўҳна шаҳар жамоаси сафини тўлдиришди. Энг қизиғи, «Бухоро»нинг захира ўриндиғида ҳам етакчи футболчилар қолиб кетишяпти. Бу эса клубда иккита тенг кучли таркиб шакллантирилганини кўрсатиб турибди. Масалан, «Обод»га қарши учрашувда Мурзоев, Пардаев, Фомин, Смоляченко кабилар бошланғич таркибдан тушиб қолишди. Биз терма жамоамизнинг Баҳрайнга қарши ўтказилган учрашувидан сўнг тажрибали ҳужумчи, ўз вақтида Киевнинг «Динамо», Қозоғистоннинг «Шахтёр», «Иртиш» клубларида тўп сурган Камолиддин Мурзоев билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдик.
- Камолиддин, аввало, терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасидаги сўнгги икки ўйинидан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз...
- Биласизми, ғалаба ҳар қандай ҳолатда ҳам кишида ижобий ва илиқ таассурот қолдиради. Ҳисоб минимал бўладими ёки йирик, барибир, ютуқ учун уч очко тақдим этилади. Муҳими, термамиз икки ўйинда олти очкони қўлга киритди. Бу эса бош жамоамизнинг гуруҳ ғолиби сифатида сўнгги босқичга йўл олишини таъминлади. Қолаверса, Осиё кубоги-2019 финал босқичидаги иштирок ҳам нақд бўлди. Албатта, стадионга йиғилган томошабинлар, учрашувни телевизор қаршисида кузатган мухлислар футболчиларимиздан кўпроқ гол кутишганди. Лекин ҳамиша ҳам ўйланган режалар амалга ошавермайди. Бошқа томондан, Тошкентдаги ўйинда Баҳрайнга ҳам, Филиппинга ҳам очко керак эди. Бундай ҳолатда мезбон жамоага осон бўлмайди. Ахир, футболчиларимизда мухлислар олдидаги масъулият, жавобгарлик ҳисси борлигини ҳам инобатга олиш зарур.
- Термамизнинг бугунги таркибига барча даврлардаги энг кучлиси, дея таъриф бераётганлар йўқ эмас. Жумладан, миллий жамоамизнинг ҳозирги бош мураббийи Самвел Бабаян ҳам шундай фикрда. Сиз бунга қандай қарайсиз?
- Қўшиламан, лекин ҳар бир даврнинг ўзига яраша кучли жамоалари бўлган. Масалан, 1994 йили Осиё ўйинларида зафар қучган термамизнинг таркибини олайлик. ЖЧ-2014 саралаш босқичида иштирок этган жамоага ҳам шундай таъриф бериш мумкин. Эътибор берсангиз, йилдан-йилга мундиал сари яқинлашиб боряпмиз. Аввалги саралашда ЖЧ-2014 финал босқичига чиқишимизга иккита тўп етмай қолди. Эътибор беринг, очко эмас, иккита тўп фарқи Бразилияга боришимизга тўсқинлик қилди. Ўйлайманки, бу галги уринишимиз омадли чиқади. Мана, термамиз Самвел Бабаян бошчилигида кетма-кет 8та ўйинда ғалабага эришди. Бу муваффақиятлар сўнгги - учинчи саралаш босқичида ҳам давомли бўлишини чин дилдан истайман. Бинобарин, айрим етакчи футболчиларимиз учун бу сўнгги имконият. Улардаги ЖЧ-2018га чиқишга бўлган улкан иштиёқ йигитларга қўшимча куч бағишлайди. Қолаверса, таркибга ёш футболчилар ҳам секин-аста қўшиб бориляпти.
- Ҳақиқатан, сўнгги пайтда ёш футболчилар етишиб чиқаётганини ҳам эътироф этмай илож йўқ. Айниқса, «Бунёдкор»нинг асосий таркибида ўйнаётган Акром Комилов, Достон Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев, Отабек Шукуровни айтиш жоиз. Бу ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?
- Санаб ўтилган футболчиларнинг 2-3 йилдан сўнг миллий термамиз ўзагини ташкил қилишларига шубҳам йўқ. Юртимиз ёшлари барча соҳаларда ютуқларга эришиб келишган, хусусан, футболда ҳам. Адашмасам, ёшларимиз шу кунгача уч маротаба жаҳон чемпионатлари финал босқичида иштирок этишган. Ўсмирларимиз ҳам мунтазам равишда кичик мундиалларда қатнашишяпти. Тўғри, ёшлар - бизнинг эртамиз, келажагимиз. Лекин уларнинг олдида тажрибали ўйинчиларнинг бўлиши ҳам муҳим омил ҳисобланади. Таркибни кескин ёшартириш ярамайди. Ёшлар керакли билим ва кўникмаларни, албатта, малакали футболчилардан ўрганишади. Фақат ёшлардан иборат таркибни майдонга туширсангиз, бири бўлмаса, иккинчи ўйинда салбий натижа қайд этилиши эҳтимолдан холи эмас. Ёшларнинг бир маромда ўйнаши қийин.
- Келаси ҳафта ЖЧ-2018нинг учинчи саралаш босқичига қуръа ташланади. Умуман, терма жамоамизнинг Россияга бориш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Жаҳон чемпионатида қатнашиш истагида эканмиз, қийинчиликлардан қўрқмаслигимиз керак. Мундиалга энг кучли жамоаларгина боришади. Қитъамизнинг 12та сараланган термалари 4,5та ўрин учун курашга киришадилар. Тахминий рақибларимиз ҳам маълум бўлди. Энг муҳими, ҳозирги сетканинг биз учун нисбатан қулайроқ рақибларни тақдим этиши кутиляпти. Саралашнинг сўнгги босқичини ўз майдонимизда бошлаб, Тошкентда тугатишимиз ҳам бизга қўшимча устунлик беради. Демак, бундай имкониятлардан максимал даражада фойдаланиб қолиш керак.
- Миллий термамиз сафида иккита баҳсда майдонга тушгансиз. Ўша ўйинлар ҳақида нима дея оласиз?
- Иккала учрашув ҳам ўртоқлик ўйинига тўғри келган. Дебютимни Тошкентда бўлиб ўтган Эронга қарши учрашувда нишонлаганман. Ўшанда бош мураббий Миржалол Қосимов мени бош жамоамизга таклиф қилганлар. Иккинчи ўйин Черногорияга қарши сафарда кечган. Ўша кезлари термага Вадим Абрамов устозлик қиларди. Миллий жамоага кам чақирилишимда ўзимнинг айбим кўпроқ, деб ҳисоблайман.
- Келинг, энди легионер футболчи сифатидаги фаолиятингиз ҳақида гаплашсак. Ўз вақтида Киевнинг «Динамо», Қозоғистоннинг «Иртиш» ва «Шахтёр» клубларида тўп сурдингиз. Европа Лигасида ўйнаш насиб қилди. УЕФА ташкил этадиган мусобақаларда қатнашишнинг гашти бошқача бўлса керак?
- Албатта, фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Европа Лигасида қитъанинг кўзга кўринган клублари иштирок этишади. Таркиб, тактика, йўналиш умуман бошқача. Эсимда, бир гал сафар ўйинига борганимизда, у ерда ҳамма костюм кийиши шарт эканлигини айтишди. Натижада, самолётнинг ўзида кийимларимизни алмаштириб олгандик. Ҳаттоки, баъзи давлатларда шунга ҳам эътибор қаратилар экан. Ўйинлар чиндан-да мухлислар учун ўтказилишини Европа Лигаси доирасида ўтказган учрашувларимизда кўрганман. Қозоғистоннинг «Шахтёр» клуби таркибида Европа Лигасида иштирок этганман. Унгача Павлодарнинг «Иртиш» жамоасида Талъат Байсўфинов мураббийлигида ўйнаганман. Ўшанда Улуғбек Бақоев жамоага мослашиб кетишим учун катта ёрдам берганди. Фақат битта камчилиги бор эди, буни ҳам айтишим керак. «Иртиш» ўз ўйинларини сунъий қопламали майдонда ўтказарди. Ўша йили ушбу жамоа билан Қозоғистон кубогининг ярим финалига қадар етиб боргандик. Чемпионатни эса тўртинчи ўринда якунлаганмиз. Байсўфинов «Иртиш»ни тарк этгач, мен ҳам жамоамни ўзгартирдим. Бир пайтлари Қаршининг «Насаф» клубида ишлаган Виктор Кумиков «Шахтёр» (Караганда)га таклиф қилди. Шавкат Саломов иккимиз клуб сафига бориб қўшилгач, Европа Лигаси саралаш босқичида ўйнагандик. Агар ўшанда битта рақибни мағлуб этганимизда, Италиянинг «Удинезе»сига қарши майдонга тушардик.
- Маълум муддат Киевнинг «Динамо» клубида тўп сурганингизни ҳамма ҳам билмаслиги мумкин...
- «Машъал»да ўйнаб юрган кезларим украиналик агент Владимир Вовковский мен, Ботир Қораев ва Ҳамза Каримовга ўзимизни хориж клубида синаб кўришни тавсия қилганди. Унинг маслаҳатига биноан Киевнинг «Динамо» клубига борганман. Ҳамза Каримов Украинада қолишни истамаган, Ботир Қораев ҳам айрим сабабларга кўра юртимизга қайтиб келганди. Мен эса «Динамо» ўринбосарлари сафига қўшилганман. Ўша пайтда ҳамюртимиз Максим Шацких Киев клубининг юраги эди. У билан кўришганимда, қандай ёрдам керак бўлса тортинмасдан сўрашимни тайинлади, мени ҳамиша қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, ўша пайтда Украинанинг «Днепр» клубида фаолият олиб борган Виталий Денисов билан ҳам кўришиб турардик. «Динамо» ўринбосарлари сафида ўйнаб, жуда катта тажриба тўплаганман.
- «Бунёдкор»га сизни машҳур Луис Фелипе Сколари таклиф қилганди. Бу ўтиш қандай амалга ошган?
- 2009 йили «Насаф» таркибида тўп сурардим. Очиғи, бу мен учун анча кутилмаган таклиф бўлганди. «Бунёдкор» клуби расмийлари қўнғироқ қилиб, мени ўз таркибларида кўриш истагида эканликларини айтишган. Албатта, мазкур чорлов мени хурсанд қилганди. Уйдагилар билан маслаҳатлашгач, «Бунёдкор» таклифига ижобий жавоб қайтарганман. Луис Фелипе Сколари қўл остида, Ривалдо, Сервер Жепаров каби машҳур футболчилар билан бир жамоада тўп суриш мен учун катта бахт эди.
- Сколарининг мураббийликда ўзига яраша ажралиб турадиган хислатлари борлиги сезилганми?
- Албатта, уни бежизга «тулки» деб аташмас экан. Ўзига яраша йўналиши бор. Қайси клубда ишламасин, икки ёрдамчиси унга доимо ҳамроҳ. Уларнинг ҳар бири ўз ишини мукаммал даражада бажаради. Энг муҳими, бир-бирларининг ишига аралашмайдилар. Машғулот олдидан келишиб олгач, ҳар бири ўз вазифасини бажаришга киришади. Кези келганда футболчилар билан ҳазиллашишади. Ҳар бир машғулотимиз кўтаринки кайфиятда ўтарди. Сколари бир гапни кўп такрорларди: «Сизлар майдонга рақс тушиш учун чиқишингиз керак, шунчаки, сайр қилиб юриш ярамайди». Бразилиялик мутахассиснинг шу гапларини ҳалигача эслайман.
- Ўша пайтда Ривалдо 40 ёшга яқинлашиб қолганига қарамай, олий лигамизда кўплаб футболчиларга ижобий томондан ўрнак бўла олди. Ўз даврининг энг буюк футболчиларидан бўлган маҳоратли ҳужумчи билан бир жамоада ёнма-ён тўп сураркансиз, ундан нимадир ўргандингизми?
- Шу ёшида чемпионатимиз тўпурари бўлганининг ўзи кўп нарсадан дарак бериб турибди. Ҳақиқий профессионал футболчи эканлигини барчага исботлади. Майдонда ўзини тутиши, шерикларига ўрнак бўла олиши билан қалбимизда қолди. Машғулотдан камида ярим соат олдин келиб, алоҳида шуғулланарди. Ўша кезлари биз ёш эдик. Шахсан менга бу катта сабоқ бўлган. Нафақат расмий ўйинлар, балки машғулотга ҳам алоҳида иштиёқ билан ёндашарди.
- Жорий мавсумни «Бухоро» жамоасида бошладингиз. Кўҳна шаҳарга йўл олишингиз қандай амалга ошди?
- Ўтган мавсум дастлаб «Олмалиқ», кейин эса Самарқанднинг «Динамо» клубларида ўйнадим. Тан оламан, «Олмалиқ»да ишим унчалик юришмади. Мураббийга ўйиним маъқул келмади, шекилли, жамоани тарк этдим. Кейин ёзда «Динамо» клубидан таклиф тушди, уларга ҳужумчи керак эди. Самарқандда иккинчи даврани ёмон ўтказдим, дея олмайман. Нисбатан олганда кўп гол урдим. Аммо якунда «Динамо» қуйи лигага тушиб кетди. Жамоани кучлилар сафида олиб қолиш учун барча футболчилар бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Нима ҳам дердик, бу - футбол, омадимиз келмади. «Бухоро»га эса Тачмурод Агамуродовнинг таклифи билан келдим. Клубда тажрибали, ўз вақтида миллий терма жамоада ўйнаган футболчилар жам бўлишган. Мавсумни ёмон бошламадик. Ўйлайманки, якунда ҳам натижа салбий бўлмаслиги керак.
- «Бухоро» олдига ОЧЛда иштирок этиш вазифаси қўйилибди, деган гап-сўзларни эшитиб қолдик. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Билмадим, бу хабарни кимдан эшитгансиз, балки мухлислар шундай дейишаётгандир. Лекин жамоамиз олдига, энг аввало, мухлислар учун чиройли ўйин намойиш этиш вазифаси қўйилган. Биласиз, стадионга энг кўп томошабин айнан Бухородаги ўйинларда келишяпти. Ана шу ишқибозлар учун ҳам ўйнашимиз керак. Ўз майдонимизда ғалаба қозонсак, улар уйларига хуш кайфиятда қайтишади. Бунга эришиш энг олий мақсадимиз ҳисобланади. Бош-қа томондан, кучли жамоани бир-икки йилда шакллантириб бўлмайди, бунинг учун вақт керак.
- Кам гол уради, деб танқид қилишганида, ўзингизни қандай тутасиз?
- Танқидларни тўғри қабул қиламан. Сабаби, бунга асос бор, чиндан ҳам кам гол ураман-ку (кулади). Лекин ўша вазиятда ичимдан нима ўтганини фақат ўзим биламан. Ўз устимда ишлашдан тўхтамайман. Рақиб дарвозаларини ишғол этишни мухлислардан ҳам кўра мен кўпроқ хоҳлайман, лекин бу футбол, унда ҳар бир зарба гол билан тугамайди. Танқид асосли бўлса, уни ҳурмат қиламан.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси