Франциянинг «ПСЖ» жамоаси ҳужумчиси Златан Ибрагимовичнинг агенти Мино Райола мижозининг келажаги ҳақида қисқача тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда «Sports.ru».
«Ҳозирги кунда Златаннинг асосий вазифаси мавсумни яхши тугатиб олишдан иборат. Европа Чемпионлар Лигасидаги натижа унинг келажагига таъсир қилмайди. Агар Златан ўзи учун ўйнашни истамаса, мен учун ўйнасин. Агар у футболдан кетса, бу худди ‘Мона Лиза’ни ўғирлашдек бўлади. Златан фаолиятини якунламоқчи бўлса, уни қамоқхона камерасига қамаб, қарорини ўзгартирмагунича ушлаб ўтираман. Ростини айтганда, унинг кетиши спорт жамоатчилигига қарши жиноят бўларди», – дейди Мино Райола.
Қайд этиш жоиз, Златан Ибрагимовичнинг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси жорий мавсумнинг якунига қадар мўлжалланган. 34 ёшли ҳужумчи ёзда клуб сафини тарк этишини билдирган. Унинг хизматларига Лондоннинг «Арсенал» ва «Челси» клублари ҳамда Хитой Суперлигаси вакиллари қизиқиш билдиргани ҳақида хабар берилган эди.