Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Рекорднинг қадри баланд ёки Бабаян ва Рашидовлар ой лауреатлари

Баҳо:
+ | -

Март ойидаги энг яхши мураббий ва футболчилар номларини аниқлашда бироз ўйланишимизга тўғри келди. Зеро, бир томонда олий лига баҳслари бошланиб, жамоалар секин-аста ўз ўринларини топиб боришаётган бўлса, иккинчи томонда миллий терма жамоамиз ўта муҳим ҳисобланган икки ўйинда иштирок этди. Шу боис, ой лауреатларини аниқлашда нисбатан муҳимроқ омил - Ватан шаънини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор қаратишга қарор қилдик.

Хабарингиз бор, Самвел Бабаян бошчилигидаги миллий терма жамоамиз март ойида ЖЧ-2018 саралашининг иккинчи босқичи, гуруҳ учрашувларининг сўнгги икки ўйинини ўтказиши лозим эди. Бу учрашувлар кутганимиздек, йигитларимизнинг ғалабалари билан якунига етди ва «оқ бўрилар» лақабига эга бўлган вакилларимиз гуруҳда яққол пешқадам бўлиб, босқични якунлашди. Гарчи бу ютуқларга минимал ҳисобларда эришилган бўлса-да, икки ўйинда урилган икки гол термамизга олти очко ва гуруҳ ғолиблигини туҳфа этди. Асосийси ҳам шу, аслида. Шубҳасиз, муваффақиятга миллий жамоамиздаги барча футболчилар муносиб ҳисса қўшишди. Лекин бизнинг фикримизча, ғалаба учун ҳаммадан кўпроқ жон куйдирган, майдондаги меҳнатлари бошқаларникидан кўра кўпроқ ажралиб турган футболчилардан бири - Сардор Рашидов бўлди. Агар Баҳрайнга қарши кечган ўйин Филиппин термаси билан бўлган учрашувдан кўра сустроқ ўтганини, хавфли вазиятлар ҳам анчагина кам яратилганини инобатга олсак, Сардорнинг номига ёзилган голнинг қадри бирмунча ошиши аниқ. Қолаверса, Рашидов март ойида ўз клуби - «Ал-Жаиш» учун ҳам қўлидан келган барча ишни амалга ошириб, ўзини кўрсата олди. Хусусан, ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасидаги баҳсда «Насаф» дарвозасини ишғол қилиб, ҳақиқий профессионаллар йўлидан бораётганини исботлади. Албатта, мазкур гол кўпчилик юртдошларимизнинг эътирозига сабаб бўлгани ҳам рост. Лекин жаҳон футболида айнан мана шундай - клуби манфаатини устун қўядиган ўйинчиларнинг ҳурмати баланд бўлишини ёддан чиқармаслик лозим.

Танловимиздаги иккинчи ўринга МТЖ сардори Одил Аҳмедовни муносиб кўрдик. Негаки, 29 ёшли Аҳмедовнинг ҳозирги пайтда етакчиликнинг «чўққиси»да экани Филиппин ва Баҳрайнга қарши ўйинларда яққол сезилди. Айниқса, вакилларимиз баҳрайнликлар дарвозаси ҳадеганда ишғол қилинавермагач, қандайдир руҳий тушкунликка тушиб қолгандек кўринишди. Бироқ худди шу оғир лаҳзаларда Одил жамоадошларига ҳар томонлама ўрнак бўла олди ва ғалабага нафақат ўзини, балки шерикларини ҳам ишонтирди.

Март ойидаги учинчи ўрин соҳиби ҳақида алоҳида иштиёқ билан ёзиш, гапириш мумкин. Сабаби, қачонки иқтидорли, лекин анча ёш бўлган футболчилар ўзларини кўрсатишса, ҳар қандай киши бу ҳолатдан беихтиёр қувонади. Ҳаттоки, у рақиб жамоа таркибида тўп сурса ҳам. Қаршининг «Насаф» клуби жорий мавсумни бошлаб олгач, воҳадан яна бир янги юлдуз етишиб чиқаётганига гувоҳ бўлдик - Бобур Абдуҳолиқов. Ташқи кўриниши билан кўпроқ бразилияликларни эслатиб юборувчи бу йигитча майдонда ҳам худди ўшалардек ҳаракат қилмоқда. Жумладан, «Насаф» мавсумга тайёргарлик жараёнида таниқлироқ бирор ҳужумчини таркибга қўшиб ола билмагач, Бобурда ўзини кўрсатиш учун имкон туғилди. У эса бундан унумли фойдаланиб, ОЧЛнинг дастлабки турида, дебют ўйинида «Ал-Аҳли» клуби дарвозасини ишғол қилди. Кейин эса жавоб учрашувида «Ал-Аҳли» посбонини яна бир бор ранжитди. Тўғри, бу натижа кимлар учундир кам туюлар... Аммо ҳали 20 ёшга тўлмаган ўсмир учун муҳим ўйинларда икки марта гол уриш - ёмон эмас, бизнингча.

Мураббийлар борасидаги танловда ҳам энг аввало,  миллий жамоа ўйинлари ва натижаларига қараб иш тутишимиз тўғри бўларди. Зеро, МТЖ мураббийи Самвел Бабаян масъулиятли вазифада иш бошлагандан бери фақат ва фақат муваффақиятга эришиб келмоқда. Аниқроғи, Ўзбекистон миллий терма жамоаси унинг устозлигида шу пайтгача саккизта ўйин ўтказиб (еттита расмий ва битта ўртоқлик), уларнинг барчасида ғалаба нашидасини сурди. Айниқса, Баҳрайнга қарши кечган ўйин танаффусида бош мураббийнинг ўрни яққол сезилди. Хуллас, юқорироқда биз тилга олган икки ўйиндаги ютуқлар саралаш босқичини муваффақиятли якунлаб, сўнгги босқич олдидан футболчилар ва албатта, мухлисларга кўтаринки кайфият бағишлайди. Дарвоқе, орамизда «Бабаян ҳали Австралия, Япония, Жанубий Корея каби кучли рақиблар билан тўқнаш келмади», деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас. Эҳтимол, уларнинг фикрларида ҳам жон бордир? Бироқ  ҳозирча фақат фактларга таяниб турганимиз маъқулроқ.

Танловимизнинг иккинчи поғонасини «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев банд этди. Ўйлаймизки, у бунга тўла ҳақли. Зеро, мавсум аввалида чемпионатдаги энг жиддий рақиблардан бири - «Пахтакор»ни енгиб, суперкубок соҳибига айланган «аждарлар» ОЧЛни ҳам кўтаринки кайфият билан бошлашди. Афсуски, ОФКнинг «савияси ўта баланд» ҳакамлари биринчи турда «Насаф»дан ғалабани тортиб олишди. Лекин иккинчи турда қаршиликлар устози керакли тактикани танлаб, клуб мухлисларига қувонч бахш этди. Албатта, футболчилар ёрдамида. Агарда ўша омадсиз лаҳзада ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев сирпаниб кетмаганида, «Насаф» гуруҳдаги энг кучли рақиб - «Ал-Жаиш» майдонидан ҳам ҳеч бўлмаса, дуранг билан қайтарди. Лекин ҳали ҳаммасини тўғрилашга қаршиликларда вақт ҳам, имконият ҳам бор. Муҳими, жамоа ОЧЛда ҳам, миллий чемпионатда ҳам барқарор ўйин кўрсатмоқда. Дастлабки уч ўйинда учта ғалаба - Бердиев меҳнатларининг самараси. Шундай экан, айнан «Насаф» устози иккинчи ўринга энг муносиб мутахассис бўлиб кўринмоқда.

Мураббийларнинг кучли учлигини эса «Локомотив»нинг сербиялик  мураббийи Мирко Йеличич якунлаб беради. Ҳайрон бўлишга шошилманг! Зеро, ҳужжатларда клуб бош мураббийи сифатида Андрей Микляев кўрсатилган бўлса-да, аслида жамоани ўйинларга хорижлик мутахассис тайёрлаяпти. Эътиборлиси, «темирйўлчилар» бу йилги ОЧЛда ҳам, олий лига баҳсларида ҳам мағлубиятсиз одимлашмоқда. Бунда эса табиийки, мураббийнинг катта хизматлари бор.

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

 

№      Футболчи                        Ўйин     Дақиқа      Гол     Энг яхши

 

1.       Сардор Рашидов             6           457            3          1

2.       Одил Аҳмедов                 6           540            -           -

3.         Бобур Абдуҳолиқов    5          338       2          -

энг яхши мураббийлар

Февраль

1. Хосе Мария Мендез (Ўзбекистон футзал т.ж.)

2. Сергей Лушан («Бунёдкор»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Март

1. Самвел Бабаян (Ўзбекистон м.т.ж.)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Мирко Йеличич («Локомотив»)

Энг яхши футболчилар|футзалчилар

Февраль

1. Рустам Умаров (Ўзбекистон футзал т.ж.)

2. Элдор Шомуродов («Бунёдкор»)

3. Дилшод Раҳматов (Ўзбекистон футзал т.ж.)

Март

1. Сардор Рашидов («Ал-Жаиш», Қатар)

2. Одил Аҳмедов («Краснодар», Россия)

3. Бобур Абдуҳолиқов («Насаф»)

Умумий натижа

Мураббийлар

1-2. Самвел Бабаян - 5 очко

1-2. Хосе Мария Мендез - 5 очко

3. Рўзиқул Бердиев - 4 очко

4. Сергей Лушан - 3 очко

5. Мирко Йеличич - 1 очко

---------------------------------------

Футболчилар|футзалчилар

1-2. Сардор Рашидов - 5 очко

1-2. Рустам Умаров - 5 очко

3-4. Одил Аҳмедов - 3 очко

3-4. Элдор Шомуродов - 3 очко

5-6. Дилшод Раҳматов - 1 очко

5-6. Бобур Абдуҳолиқов - 1 очко

 ------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:56, 09.04.2016.
Ўқилди: 5431 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.