Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ҳимоя ёхуд яна миллий терма жамоамиз камчиликлари хусусида

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш мусобақасининг иккинчи босқичини ажо-йиб тарзда якунлади. Ҳаммасидан ҳам жуда муҳим саналган сўнгги икки ўйинда ортиқча муаммосиз ғалаба қозонганимиз бизга ёқди. Гарчи кўп гол урилмаган бўлса ҳам, муҳими - гол ўтказилмади. Ва бунда шубҳасиз, ҳимоячиларнинг хизмати катта. Аммо қай даражада катталигини ҳали кўриб чиқиш лозим бўлади. Ҳозир шу ҳақида.

САВОЛЛАР ВА ШУБҲАЛАР

Ўрни келганда таъкидлаш лозим, ЖЧ саралашининг сўнгги - учинчи босқичи олдидан мухлисларни ташвишга солаётган нарса айнан ҳимоя чизиғи бўлиб турибди. Гарчи Самвел Бабаян терма жамоа бошқарувига келганидан буён ўтказилган етти ўйин­да бор-йўғи учта гол ўтказиб юборилган бўлса-да, (Филиппин - Ўзбекистон - 1:5, Ўзбекистон - КХДР - 3:1, Яман - Ўзбекистон - 1:3) ҳимоя борасидаги саволлар ва шубҳалар бир зум тингани йўқ. Ҳатто, Филиппин ва Баҳрайнга қарши кечган ва 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинлардан сўнг ҳам ҳимояга юқори баҳо берилмади. Хўш, нега?

Бу саволга жавоб беришдан олдин сўнгги икки ўйинда майдонга тушган ҳимоячиларга эътибор қаратсак. Филиппинга қарши кечган баҳсда Тўхтахўжаев-Кримец-Исмоилов-Денисов квартетига ишонч билдирилди. Рақиб биринчи бўлим бошидаёқ бир киши кам бўлиб қолганини инобатга олсак, ҳимоя етарлича синовдан ўтмагандек кўриниши мумкин. Аммо Филиппин ўн киши бўлиб ҳам дарвозамиз томон зарба беришнинг уддасидан чиққани бу фикрни инкор этади. Ҳеч бўлмаганда, иккинчи бўлим ўрталарида Мартин Штубл дарвоза томон зарба берган вазиятни эслайлик. Виталий Денисов оддий ҳолатда рақибни ўтказиб юборгани етмагандек, марказий ҳимоячилар Анзур Исмоилов ва Егор Кримецнинг анча узоқда қолиб кетишгани ғалати.

 

«ПАХТАКОР» ҲИМОЯСИ

Бироқ бу вазият ҳам Баҳрайнга қарши кечган ўйин олдида ҳеч нарса бўлмаса керак. Таъкидлаш жоиз, гуруҳдаги сўнгги баҳсда ҳимоя чизиғи анча ўзгаришларга учради. Аввалига ўйин бошланиши олдидан Ислом Тўхтахўжаевнинг майдонга туша олмаслиги маълум бўлди ва унинг ўрни Даврон Ҳошимов билан тўлдирилди. Энг ёмони - ўйин бошлангач 20 дақиқа ўтар-ўтмас Виталий Денисов ҳам жароҳат олиб, майдонни тарк этди ва Станислав Андреев захирадан ўйинга қўшилди. Шундан сўнг ҳимоя чизиғи қуйидагича кўриниш олди: Ҳошимов-Кримец-Исмоилов-Андреев.

Исмоиловни инобатга олмасак, ушбу ўзгаришдан сўнг ҳимоя чизиғи асосан «Пахтакор» аъзоларидан иборат бўлди. Эътибор беринг, бу жамоа Осиё Чемпионлар Лигасида «Ал-Ҳилол»дан тўртта гол ўтказиб юборган эди. Ўша ўйинни эсласак, рақибда гол уриш учун янада кўпроқ имкониятлар бўлганини ёдга олишимиз мумкин. Бахтимизга араблар ҳамма вазиятдан ҳам фойдалана олмадилар. Худди шу гапни Ўзбекистон - Баҳрайн ўйини ҳақида ҳам айтиш мумкин. Рақиб бироз эпчилроқ бўлганида, ҳисоб биз ўйлагандан бошқачароқ кўриниш олиши мумкин эди. Арабларда гол уриш учун бир қатор имкониятлар бўлди. Аниқроғи, футболчиларимиз шунга имкон бердилар.  Ҳимоя чизиғининг қайта шаклланиш даврини бошдан кечираётган «Пахтакор» вакилларидан иборат бўлганини инобатга олсак, бунга ҳайрон қолиш шартмикан?

«Пахтакор» бу йил анча муаммоларга дуч келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо Самвел Бабаян ҳамон шу жамоа футболчиларига катта эътибор қаратмоқда. Мураббийнинг бу қарорини тушуниш мумкин, ҳар ҳолда, у ишонч билдирган футболчилар панд бермадилар ва барча ўйинларда ғалабага эришилди. Аммо кейинги бос­қичда Япония ва Австралия каби кучли рақибларга қарши кечадиган ўйинларда ҳам бу анъана сақланиб қолармикан? Бу саволга жавоб бериш анча қийин.

 

ҚЎПОЛ ХАТО

Энди Баҳрайнга қарши кечган ўйин­даги яна бир вазиятни ёдга олишга изн берсангиз. Учрашувнинг 59-дақиқасида майдон марказида ёш ва тажрибасиз Элдор Шомуродов хатога йўл қўйди. Бироқ вазият у қадар жиддий эмасдек кўринаётганди, боиси марказий ҳимоячиларимиз - Егор Кримец ва Анзур Исмоиловлар тўғри позицияда тургандилар ва қарши ҳужумни тўхтатиб қолишлари мумкин эди. Аммо ўша вазиятда баҳрайн­лик Исмоил Абдулатиф улардан осонликча қочиб кетиб, Лобанов билан бирга-бир вазиятга чиқди. Бахтимизга дарвозабонимиз хавфни тўғри баҳолади ва ўз вақтида ўрнини ташлаб чиқиб, тўпни эгаллади. Таъкидлаш жоиз, кипер учун бу осон иш эмас. Чунки рақибни ҳимоячиларимиз таъқиб қилиб келаётганда ўз жойингни бемаврид ташлаб чиқсанг, бўш қолган дарвозага осонгина тўпни жойлаб қўйишлари мумкин. Бироқ Лобанов Кримец ва Исмоиловнинг ортда қолиб кетаётганини ўз вақтида англади ва олдинга югуриб чиқиб, хавфни бартараф этди. Хўш, бу вазиятда ҳимояда қандай хатога йўл қўйилган эди?

Аслида, жуда ҳам катта хато бўлмаганди. Шунчаки, ҳимоячиларимиз имконият доираси бу ҳужумни бартараф этиш даражасида кенг бўлмагани туфайли рақиб ўтказиб юборилди. Марказий ҳимоячилар Кримец ва Исмоилов бир хил типдаги футболчилар ҳисобланишади - бўйдор, бош билан яхши ўйнашади, позиция танлашда яхши ҳаракат қилишади. Аммо ёмон томони - иккисида ҳам дастлабки тезлик пастроқ. Уларнинг бирдан тезланиш олиб, рақибни таъқиб этишлари анча қийин. Айниқса, қарши ҳужумлар вақтида қийинчиликка дуч келишади. Исмоил Абдулатиф олдинга ўтиб кетган вазиятда ҳам айнан шу жиҳат панд берди. Ҳайтовур бахтимизга Анзурнинг Хитой чемпионатида ўйнаб, «подкат» бериш маҳоратини оширгани кўриниб турибди. Бу омил анча-мунча вазиятда қўл келди. Бир вазиятда Станислав Андреев ўз қанотидан рақибни ўтказиб юборганда айнан шундай услубда хавфни бартараф этгани билан олқиш олди. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2010 саралаши учун Баҳрайнга қарши кечган ўйинларда Исмоиловнинг ноўнғай «подкат»лари туфайли жарима тўпи белгиланган ва Абдулраҳмон жаримадан ўша машҳур голларини Нестеров дарвозасига жойлаган эди. Анзур бу камчилигини тузатишга эришганини кўрдик. Бироқ Исмоил Абдулатиф бирга-бир вазиятга чиқиб кетганда шунинг ўзи камлик қилди. Агар ўша вазиятда Исмоиловнинг ёнида тезкор шериги бўлганида, балки хато ёпилармиди... Аммо ҳамма гап шундаки, Егор Кримец ҳам тезлиги билан у қадар мақтана олмайди. Оқибатда, ҳар икки ҳимоячи ҳам Абдулатифга «оқ йўл» тилашдан ўзга чора топа олмадилар.

Бахтимизга рақиб ўша вазиятда гол ура олмади, Лобанов қутқарди. Аммо ҳамма ҳам Баҳрайн эмас ва кейинги баҳсларда хатолар кечирилмаслиги эҳтимоли жуда катта. Хўш, бу ўринда нима қилиш мумкин? Энг аввало, марказий ҳимояда Кримец-Исмоилов жуфтлигидан бошқачароқ вариантларни кўриб чиқиш зарар қилмас эди. Биз бу чизиқда Муллажонов-Исмоилов ва Тўхтахўжаев-Исмоилов тандемини кўп кўрганмиз. Албатта, жуда ҳам ўзини оқлаган, дейиш қийин, аммо Исмоил Абдулатиф ўтиб кетгани каби қўпол хатоларни ҳам кўрмаганмиз. Боиси, икки хил типдаги бу ҳимоячилар бир-бирининг айбини ёпиб туришар эди. Ҳозир айнан шу ҳимоячиларни яна майдонга қайтаришни сўрамаймиз. Чунки вақт ўтган, шароит ўзгарган. Шунчаки, юртимизда нафақат ёш ҳужумчилар, балки ёш ҳимоячилар ҳам кўзга ташланиб бораётганини эслатиб ўтмоқчимиз, холос. Масалан, ОЧЛ саралашида «Бунёдкор» ва «Ал-Шабаб» ўртасида кечган муҳим баҳсда Рустам Ашурматов ва Жавлон Мирабдуллаевлар анча ишончли ўйин намойиш қилган эдилар. Яхшилаб қидирилса, бошқа жамоаларда ҳам иқтидорли футболчилар топилиб қолади. Фақат истак бўлса, кифоя...

 

ҚАНОТ ҲИМОЯСИ

Юқорида марказий ҳимоячилардан сўз очдик. Аслида, қанот ҳимояси ҳақида айтадиган гаплар ҳам етарли. Баҳрайнга қарши кечган баҳсда Даврон Ҳошимов ва Станислав Андреевлар намойиш этган ўйиндан Самвел Бабаяннинг кўнгли тўлганини биламиз. Унинг ўзи шу ҳақида айтиб ўтди. Аммо ҳамма мухлисларнинг ҳам бу фикрга қўшилмасликлари турган гап. Боиси, қанот ҳимоячиси нафақат ҳимоя, балки ҳужумда ҳам ёрдам бериши лозим. Ҳошимов ва Андреев эса бу ишни қай даражада уддалашганини айтиш қийин. Масалан, «Бунёдкор» ҳимоячиси Акром Комилов ва «Насаф» аъзоси Шуҳрат Муҳаммадиевларнинг бундай вақтда қандай ўйин намойиш қилишларини кўришни жуда ҳам истардик.

Ўзбекистон терма жамоасининг чап қанот ҳимояси - Осиёда энг кучлилардан ҳисобланади. Чунки бу чизиқда Москванинг «Локомотив» клуби аъзоси Виталий Денисов тўп суради. У керак бўлса Европанинг энг кучли жамоаларида ҳам ўйнаб кетарди. Бу бизнинг эмас - россиялик мутахассисларнинг фикри. Интернетдан яхшилаб қидирсангиз, анча-мунчасини топасиз. Аммо ҳар қанча кучли бўлмасин, бир футболчига суяниб қоладиган жамоа ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмайди. Чунки футбол - курашга асосланган спорт тури ва унда жароҳатлар ҳар доим учрайди. Баҳрайнга қарши кечган баҳсда шундай муаммога дуч келдик - биргина жароҳат билан Ўзбекистон терма жамоасининг чап қанот ҳимояси заифлашди. Муаммо анча жиддий ва унинг ечими фақат Станислав Андреевдан иборатлигига соғлом фикрли одам рози бўлмаслиги турган гап.

Яхши биламиз, Ўзбекистонда Андреевдан ташқари ҳам чап қанот ҳимоясида ўйнай оладиган футболчилар етарлича топилади. Жуда бўлмаганда Шоҳруҳ Гадоевни «Ал-Муҳаррақ»дан чақириш мумкин. Бир имо бўлса бас, Шоҳруҳнинг дарҳол етиб келишига ишонамиз. Шунингдек, терма жамоа шаъни учун бор куч ва маҳоратини ишга солишига ҳам шубҳа йўқ. Шундай экан, нима учун  шу вақтга қадар Гадоев ҳеч бўлмаса бир марта терма жамоага чақирилмаганини тушуниш қийин. Ахир бу футболчи ўз вақтида кимсан - Денисовни захирада қолдирган-ку! Шундай экан, ҳозир ҳам бир мартагина синаб кўришга ҳақли бўлса керак...

 

ЯКУНДА

Хуллас, шундай гаплар. Булар ҳимоя ҳақида билдирилган мулоҳазалар эди. Албатта иш бор жойда, камчилик ҳам бўлади. Бабаян ишлаётганини эса жуда яхши биламиз. Ахир яна қайси мураббий 7та расмий ўйиннинг барчасида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган? Бироқ кучли мураббий шуниси билан яхши мураббийдан фарқ қиладики, у ҳеч қачон ўз ишидан рози бўлиб қолмайди. Ўзгаришлар қилишдан ҳеч ким холи эмас. Бир жойда туриб қолган кеманинг кун келиб чўкиши турган гап. Боз устига, биз сузадиган уммонда энди Япония, Жанубий Корея ва Австралия каби гигантларга дуч келамиз. Шундай экан, ўзгаришлар қилиш нафақат лозим, балки шарт ҳамдир. Бунинг учун бизда вақт ҳам, имконият ва шароит ҳам етарли. Муҳими - истак бўлса кифоя...

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" нашри

 

 

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:27, 15.04.2016.
Ўқилди: 5807 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.