Осиё чемпионлар лигасининг 5-турида "Пахтакор" сафарда БААнинг "Ал-Жазира" меҳмони бўлди ва ишончли ғалабани қўлга киритди.
Учрашувни ўзбекистонликлар анча фаол бошлашди ва дастлабки 10 дақиқа давомида устунликни ўзларида ушлаб туришди. 9-дақиқада эса пахтакорчилар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Дарвогача 25 метрлар масофадан белгиланган жарима зарбасини Шерзод Каримов "тўққизлик"га жойлаб қўйди. Тўп дарвозабоннинг қўлига тегиб, тўрга бориб тушди.
Шундан кейин устунлик аста-секин мезбонлар томонига ўта бошлади. 20-дақиқада олис масофадан етказилган узатмани Ораховац ўтказиб юбориши натижасида рақиб ҳужумчиси посбонимиз билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Никита Рибкин зарбани қайтаришга муваффақ бўлди. Орадан кўп ўтмасдан Мабхутнинг узатмасидан кейин Ал-Ҳашмий бирга-бир вазиятга чиқиб кетди ва ноаниқ зарба йўллади. Шунингдек, "Жазира" легионери Таиог Невес ижросидаги жарима зарбалари анча хавфли бўлганини таъкидлаш лозим.
"Пахтакор" танаффус иккита фарқи билан чиқиб кетиши мумкин эди. Вууууууҳ! Қарши ҳужум натижасида Машарипов 13 метрлардан зарба йўллади. Тўп ҳимоячининг белига тегиб, дарвоза устидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимни ҳам ўзбекистонликлар фаол бошлашди ва ўйин охирига қадар ташаббусни рақиб бериб қўймасликка ҳаракат қилишди. Бироқ 61-дақиқада Рибкиннинг бироз ишончсиз ўйини ва ҳакамнинг баҳсли қарори туфайли "Пахтакор" дарвозасига пенальти белгиланди. Тиаго Невес жаримадан йўлланган кучли зарба натижасида Рибкин тўпни қўлидан чиқариб юборди. Ҳужумчи тўпга ноаниқ зарба бериб бўлганидан кейин Никита ҳужумчига урилди. Пенальтини Али Мабхут аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.
Жамоамиз янада олдинга чиқиб олиши учун атиги 1 дақиқа керак бўлди, холос. Игорь Сергеев қанотдан рақиб ҳимоячиларини хато қилишга мажбур қилди ва тўпни олиб қўйиб, жарима майдончасига кирганча зарба берди. Дарвозабон зарбани қайтара олмади.
Шундан кейин "Пахтакор" бехато ўйнашда давом этди ва баҳс тугашига яқин ҳисобни янада мустаҳкамлади. Исматуллаевнинг узатмасидан кейин Сергеев жарима майдончаси ичида ҳимоячи ва дарвозабонни алдаётганида, Султон Абдулазиз уни чалди. Ҳужумчимизнинг ўзи пенальтидан самарали фойдаланди - 1:3.
Ушбу ғалабадан кейин "Пахтакор"нинг очколари сони 7тага етди. Бугун "Тракторсозий"га имкониятни бой берган "Ал-Ҳилол"да эса 8 очко бор. Сўнгги турда клубимиз Тошкентда "Ал-Жазира"ни қабул қилса, "Ҳилол" нейтрал майдонда (Уммон) "Тракторсозий"га қарши жавоб ўйинини ўтказади. Ҳасанов шогирдлари "Жазира"ни мағлуб этиб, саудияликлар ғалаба қозонмаса, Ўзбекистон чемпиони плей-оффга чиқади.
Осиё чемпионлар лигаси-2016, "B" гуруҳи, 5-тур.
19 апрель, сешанба. Қарши ш., “Марказий” стадион. Соат 21:50
“АЛ-ЖАЗИРА” – “ПАХТАКОР” - 1:3
ГОЛЛАР: Али Мабхут (62-пенальти) — Шерзод Каримов (9), Игорь Сергеев (64, 83-пенальти)
Огоҳлантиришлар: Саиф Халфан (43), Али Мабхут (53) — Жавоҳир Соҳибов (20), Азим Аҳмедов (24), Аднан Ораховац (77)
"Ал-Жазира": 36.Ас-Сенаний, 6.Саиф Халфан (Султон Сайид 83), 7.Али Мабхут, 8.Парк Жонг Ву, 10.Тиаго Невес, 11.Аҳмад Ғейлоний (Халфан Муборак 76), 12.Салим Рашид, 18.Абдулла Муса, 21.Ёқуб Юсуф, 70.Аҳмад ал-Ҳашмий (Кенвин Жонс 67), 82.Султон Абдулазиз.
“Пахтакор”: 1.Никита Рибкин, 4.Аднан Ораховац, 7.Азимжон Аҳмедов, 8.Шерзодбек Каримов (Суҳроб Бердиев 90+2), 9.Жалолиддин Машарипов (Ойбек Қиличев 88), 11.Игорь Сергеев, 14.Жамшид Болтабоев, 15.Жавоҳир Соҳибов, 21.Камолиддин Тожиев (С), 24.Даврон Ҳошимов, 29.Владимир Козак (Акбар Исматуллаев 75)